Хоразмда иситиш мавсуми 22-октябрдан бошланди
date_range26.10.2026, 02:11
Хоразм вилоятида 2026–2027-йиллар куз-қиш мавсумида кўп квартирали уйлар ва ижтимоий соҳа муассасаларида иситиш тизимларини ишга туширишга рухсат берилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг 2026-йил 22-октябрдаги 367-12-0-Ф/26-сонли фармойишида белгиланган.Ҳужжатга кўра, вилоятда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб бораётгани инобатга олиниб, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа муассасаларида иситиш мавсумини 22-октябрдан бошлашга рухсат берилган.
Қозонхоналар газ, электр ва сув билан таъминланади
Фармойишга мувофиқ, “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиали, “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Хоразм сув таъминот” АЖ зиммасига қозонхоналарни етарли миқдорда табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш вазифаси юклатилган.
Бу талаб “Хоразм вилояти иссиқлик таъминоти” МЧЖга, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда бошқа ижтимоий соҳа муассасаларига қарашли қозонхоналарга тааллуқли.
“Хоразм вилояти иссиқлик таъминоти” МЧЖ қозонхоналарнинг бир маромда ишлаши ва кўп квартирали уйлар ҳамда ижтимоий соҳа муассасаларига иссиқлик энергиясининг узлуксиз етказиб берилишини таъминлаши лозим.
Газ етиб бормайдиган ҳудудларда кўмир ва суюлтирилган газ етказиб берилади
Фармойишда газ тақсимлаш қурилмаларининг барқарор ишлаши, авария-диспетчерлик хизматининг тезкор фаолияти ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш бўйича ҳам вазифалар белгиланган.
Шунингдек, табиий газ етиб бормайдиган ҳудудларда истеъмолчиларни кўмир ёқилғиси ва суюлтирилган газ билан таъминлаш топширилган.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси эса кўп квартирали турар жойларга иссиқлик энергиясини етказиб бериш ҳамда ички иситиш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаши керак.
Бундан ташқари, буджет тизимидаги муассасаларга етказиб берилган иссиқлик энергияси учун тўловларни белгиланган тартибда амалга ошириш вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига юклатилган.
Фармойиш ижросини назорат қилиш вилоят ҳокими ўринбосарлари М. Каландаров ва Ш. Бердиев зиммасига юкланган.
Манба: Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 22-октябрдаги 367-12-0-Ф/26-сонли фармойиши.
Хатолик ёки ишламаётган хавола топлидими?
Сайтда хатоликларга дуч келсангиз Ctrl + Enter
тугмаларини босган ҳолда бизга хабар жўнатишинингиз мумкин.
shareБошқаларни хам хабардор қилинг














Изоҳлар (0)
Изоҳ қолдириш