image

Хоразмнинг 13 та маҳалласида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” ўтказилади

date_range26.10.2026, 02:21
Хоразм вилоятида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва уларни жойида ҳал этишга қаратилган “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” ташкил этилади.

Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 22-октябрдаги 368-12-0-Ф/26-сонли фармойишига мувофиқ, тадбирлар 26–31-октябр кунлари вилоятнинг 13 та маҳалласида ўтказилади.

Қайси маҳаллаларда тадбирлар ўтказилади?

Фармойиш билан тасдиқланган рўйхатга қуйидаги маҳаллалар киритилган:

• Урганч шаҳри — Гулшан;
• Хива шаҳри — Каптархона;
• Шовот тумани — Асавей;
• Ҳазорасп тумани — Бешта;
• Тупроққалъа тумани — Ҳазорасп;
• Қўшкўпир тумани — Гулзор;
• Янгибозор тумани — Очақалъа;
• Урганч тумани — Кўна овул;
• Гурлан тумани — Дўстлик;
• Боғот тумани — Ёш ўсмир;
• Хива тумани — Қорақум;
• Хонқа тумани — Истиқлол;
• Янгиариқ тумани — Хўжалар.

Фуқароларнинг муаммолари ўрганилади

Ҳафталик доирасида ижтимоий профилактикага муҳтож фуқаролар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва тегишли ташкилотлар ёрдамида ҳал этиш чоралари кўрилади.

Бунда мурожаатларни жойида ҳал этишга устувор аҳамият берилади. Зарур ҳолларда фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, молиявий масалаларни ҳал қилиш учун банклар ва тегишли ташкилотлар жалб этилади.

Шунингдек, ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги шахсларга бизнес лойиҳаларини таклиф қилиш ва бошланғич харажатлар бўйича кўмак кўрсатиш режалаштирилган.

Раҳбарларнинг сайёр қабуллари ва меҳнат ярмаркалари ташкил этилади

Фармойишга кўра, ҳар бир туман ва шаҳарда вилоят даражасидаги раҳбарларнинг шахсий қабуллари ташкил этилади. Ҳокимларнинг фуқароларни қабул қилиш кунларида меҳнат, банк ва ижтимоий хизматлар ярмаркаларини ўтказиш ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва маданий ҳордиқ чиқаришига қаратилган тадбирлар ўтказилади.

“Маҳалла еттилиги” томонидан ижтимоий профилактикага муҳтож шахсларни аниқлаш ва улар билан манзилли ишлаш чоралари кўрилади.

Тадбирлар натижалари таҳлил қилинади

Туман ва шаҳар ҳокимликларига ҳафталик давомида фуқаролар қабули, ўрганилган муаммолар ва уларнинг қанчаси жойида ҳал этилгани бўйича ҳисобот юритиш вазифаси юклатилган.

Ҳафталик якунлари ва эришилган натижалар халқ депутатлари вилоят Кенгашида муҳокама қилиниши, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритилиши белгиланган.

Фармойиш ижросини ташкил этиш учун туман ва шаҳар ҳокимлари масъул этиб белгиланган.

Манба: Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 22-октябрдаги 368-12-0-Ф/26-сонли фармойиши.