image

Хоразмда кўмир етказиб бериш ва нархлар устидан назорат кучайтирилади

date_range16.10.2026, 02:28
Хоразм вилоятида аҳоли ва буджет ташкилотларини кўмир билан таъминлаш, унинг ўз вақтида етказиб берилиши ҳамда нархларнинг сунъий оширилишига йўл қўймаслик бўйича янги чора-тадбирлар белгиланди.

Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 2-сентябрдаги 346-12-0-Қ/26-сон қарори билан аҳолига кўмир етказиб бериш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 30-июлдаги 418-сон қарори ижросини таъминлашга қаратилган.

Кўмир нархининг сунъий оширилиши назорат қилинади

Қарорга кўра, кўмир нархининг асоссиз оширилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш учун Рақобат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамкорликда иш олиб боради.

Кўмирни аҳолига етказиб беришда хусусий тадбиркорларни жалб қилиш ҳам кўзда тутилган. Бунда уларнинг омборлари, автотарозилари, юклаш техникаси ва фаолият тажрибаси каби мезонлар ҳисобга олинади.

Кўмир етказиб бериш электрон тизим орқали кузатилади

Аҳоли ва буджет ташкилотларининг кўмирга бўлган эҳтиёжи шакллантирилиб, тегишли маълумотлар my.coal.uz электрон порталига киритилади. Етказиб берувчилар кўмир чиқими ҳақидаги маълумотларни тизимга киритиши шарт бўлади.

Кўмирни етказиб бериш маълумотларини порталга киритмаслик ҳолати аниқланса, тадбиркор билан тузилган битимни бекор қилиш ва унинг биржа савдоларида иштирок этиш ҳуқуқини тугатиш чоралари қўлланиши мумкин.

Шунингдек, кўмирнинг аҳолига сифатли ва манзилли етказиб берилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади. Туман ва шаҳар ҳокимликларига аҳоли ҳамда буджет ташкилотларини кўмир билан таъминлаш бўйича масъулият юклатилган.

Қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари зиммасига юкланган.

Манба: Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 2-сентябрдаги 346-12-0-Қ/26-сон қарори.