image

Хоразмда давлат тилида иш юритиш устидан назорат кучайтирилади

date_range16.10.2026, 03:38
Хоразм вилояти ва туман (шаҳар) ҳокимликларида давлат тилида иш юритиш, ўзбек тили қоидаларига риоя этиш ҳамда ташқи ёзувлардаги хатоларни бартараф қилиш бўйича талаблар кучайтирилади.

Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 13-августдаги 332-12-0-Қ/26-сон қарорида белгиланган. Ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 7-августдаги 437-сон қарори ижросини таъминлашга қаратилган.

Ҳокимликларда қандай ўзгаришлар бўлади?

Қарорга мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолияти йўлга қўйилади. Уларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилган.

Маслаҳатчилар давлат ташкилотларида ҳужжатларнинг ўзбек тилида юритилиши, имло қоидаларига риоя этилиши ва расмий ҳужжатларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланишини назорат қилади.

Шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш, янги атамаларнинг ўзбекча муқобилларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бир хил қўлланилишини таъминлаш ҳам уларнинг вазифаларига киради.

Пешлавҳа ва рекламалардаги хатолар ҳам назорат қилинади

Қарорда ташқи ёзувлар, пешлавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали ахборот матнларининг давлат тили ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мос бўлишига алоҳида эътибор қаратилган.

Маслаҳатчилар бу йўналишда тегишли ташкилотлар ва жамоатчилик назорати субектлари билан ҳамкорлик қилади. Давлат тили қоидаларига зид ҳолатлар аниқланса, уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилади.

Маслаҳатчилар кимлар бўлиши мумкин?

Ҳужжатда мазкур лавозимга номзодларни танлаш бўйича талаблар ҳам кўрсатилган. Филология (ўзбек тили) ёки журналистика йўналишида олий маълумотга эга, тегишли малака курсини тугатиб сертификат олган, етарли билим ва тажрибага эга номзодларга устуворлик берилади.

Туман ва шаҳар ҳокимликларига штатлар жадвалини ўн кун муддатда қайта кўриб чиқиш, маслаҳатчиларнинг фунционал вазифаларини эса икки ҳафта муддатда ишлаб чиқиб, тасдиқлаш топширилган.

Қарорда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши учун туман ва шаҳар ҳокимлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланган.

Манба: Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 13-августдаги 332-12-0-Қ/26-сон қарори.

Расмий ҳужжат: Qarorning to‘liq matni⁠.