image

Хива тумани ҳокими Х.Матрасулов 2021-йил якуни ва 2022-йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

date_range21.12.2021, 17:21
Хива тумани ҳокими Матрасулов Хурмат Рахимбергановичнинг туман Кенгаши депутатлари ҳамда фаолларига туманда 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2022 йилги режалар тўғрисидаги мурожаати
Бугунги кун ўзининг мазмун-моҳияти билан бизнинг барчамиз учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, бугун жорий йил давомида Ҳурматли Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган улуғвор вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича сиз, ҳурматли туманимиз фаоллари билан биргаликда амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қиламиз, шунингдек, келгуси йил олдимизда турган вазифаларни белгилаб оламиз.
Барчамизга яхши маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида одамларни ҳаётдан рози қилиш ғояси мужассамдир. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган эзгу мақсад ҳам ана шу ғояни ҳаётга тадбиқ этишга хизмат қилади аслида.
Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, “Жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди”.
Бугунги очиқлик шароити фуқароларимизнинг ҳам ижтимоий фаоллигини оширмоқда. Агар бундан бир неча йиллар олдин улар дардини кимга айтишни билмай, турли идоралар олдида навбат кутиб, иши битмаганидан ҳафсаласи пир бўлиб, ўзи билан ўзи овора ҳолатда қолиб кетган бўлса, бугун улар очиқдан-очиқ ўз муаммоларини баён этиш имконига эга бўлмоқдалар. Бу борада Оммавий Аҳборот Воситалари, ижтимоий тармоқлар улар учун Мурожаат минбари бўлиб хизмат қилмоқда. Албатта, мавжуд муаммоларни ёритишда журналист ва блогерларнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Мен ҳар сафар Ҳурматли Юртбошимизнинг
“Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги одамларимиз ҳам кечаги одамлар эмас” деган гапларини эслаганимда, ундаги чуқур ҳаётий фалсафани ҳис қиламан. Шу фалсафа бизни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга, изланишга, муаммолар ечимини топишнинг самарали йўлларини излашга ундайди. Бунинг пировард натижаси эса - одамларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига эришишдир.
Жорий йилда туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар:
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми январ-ноябрь ойларида 221,7 млрд. сўмни ташкил қилди. 2021 йил якунига қадар
280,3 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 103,5 фоизни ташкил этади.
2022 йилда 344,8 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилди.
Қишлоқ хўжалиги махсулотлари ялпи ҳажми
январ-сентябрь ойларида 1 трлн. 302 млрд. сўмни ташкил қилди. Йил якунига қадар 1 трлн. 884,3 млрд. сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 109,9 фоизни ташкил этади.
2022 йилда 1 трлн. 908 млрд. сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Қурилиш ишлари ҳажми январ-ноябрь ойларида 356,7 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 133,3 фоизни ташкил этди. 2021 йил якунига қадар 346,5 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажаралиши кутилмоқда ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 115,0 фоизни ташкил этади.
2022 йилда 398,3 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиши режалаштирилди.
Чакана савдо айланмаси январ-ноябрь ойларида 247,1 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 108,9 фоизни ташкил этди. 2021 йил якунига қадар
331,5 млрд. сўмлик чакана савдо айланмаси амалга оширилиши кутилмоқда ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 109,7 фоизни ташкил этади.
2022 йилда 394,6 млрд. сўмлик чакана савдо айланмаси амалга оширилиши режалаштирилди.
Тадбиркорлик бўйича
Жорий йил 1 декабрь ҳолатига жами кичик бизнес субъектлари сони 1626 тани ташкил қилиб хозирда 1507 таси фаолият юритмоқда. (Бугунги кунда фаолиятсиз 119 та, шундан 84 таси ихтиёрий тугатиш жараёнида).
2021 йил январ-ноябрь ойларида жами 643 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди шундан, 262 таси кичик бизнес субъектлари ва 381 таси якка тадбиркорлардан иборат.
Шунингдек, вақтинча фаолият юритмаётган юридик шаҳсларни фаолиятини тиклаш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар, солиқ органлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотларнинг кўмаги, тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида ушбу корхоналарнинг фаолиятини қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида
2021 йил январ-ноябрь ойларида “Хар бир оила - тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз”, “Хунармандчиликни ривожлантириш” ҳамда “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш” давлат дастурлари орқали 1365 та тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга 37,4 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Шундан, 546 нафар ёшларга 17,2 млрд. сўм ҳамда 764 нафар аёлларга 19,4 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали  жами 42,0 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳамда 1394 та янги ишчи ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича
2021 йилнинг январ-ноябрь ойларида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан иш билан банд бўлмаган ишсиз фуқаролардан 1159 нафар фуқароларни ишга жойлаштириш режалаштирилган бўлиб 1 декабрь ҳолатига 1443 нафар ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланди ва белгиланган режа 124,5 фоизга бажарилиши таъминланди.
Шунингдек 2021 йил декабрь ойида 361 таянги ишчи ўринлари ташкил қилиниши режалаштирилган.
2021 йил январ-ноябрь ойлари давомида 1450 нафар фуқаролар жамоат ишларига жалб қилинди ва уларга 1 млярд 100 млн сўм миқдорида иш ҳақи ҳисобланиб тўлаб берилди. Декабрь ойида
125 нафар фуқароларни жамоат ишларига жалб қилинди.
2022 йилда 16 та йўналишда жами 8650 та янги ишчи ўринлари яратишни режалаштирилди.
Бюджет тушумлари
Туман бўйича 2021 йил учун бюджет даромадларига 48,8 млрд.сўм йиллик режа белгиланиб, 14 декабр ҳолатига белгиланган йиллик режанинг бажарилиши 110,4 фоизни (яъни 53,9 млрд.сўмни) ташкил қилмоқда. 2021 йил якунига бюджетга 56,4 млрд. сўмга ёки 115 фоизга бажарилиши кутилмоқда. Маҳаллий бюджет даромадлари режаси 36,9 млрд.сўм бўлиб, ҳақиқатда 42,0 млрд. сўм туширилиши натижасида 113,0 фоизга бажарилиб, 5,1 млрд.сўм қўшимча маблағ туширилди. Йил якунига қадар жами тушум 44,5 млрд. сўм бўлиши кутилмоқда. Қўшимча маблағ тушими 7,6 млрд.сўмга етказилади
Темир дафтар бўйича
Хива туманида “Темир дафтар”га киритилган оилалар сони  жами 718 тани ташкил қилиб тизимли ишлар олиб бориш натижасида уларнинг рўйхатдан чиқарилишига эришилиб ҳозирги кунда 69 нафар оила “Темир дафтар” рўйхатида турмоқда. Бу борада ҳам ишлар давом қилиб уларнинг бандлиги таъминланиб моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали рўйхатдан чиқариш режалаштирилган.
Аёллар дафтари бўйича

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
8 январдаги 2-сонли қарори бўйича вақтинчалик тартиб ишлаб чиқилди. Ушбу тартиб асосида 4049  нафар аёллар 9 тоифага ажратилиб “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилди.

Ушбу рўйхатдаги аёлларни муаммолари босқичма-босқич ҳал қилиниб “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқаришга эришилди.

2021 йилнинг июнь-июль ойларида 2 босқич “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича 25382 нафар хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказилган ва унинг якунлари бўйича 1977 нафар аёллар “Аёллар дафтари”га киритилди.
 Аёллар дафтарида рўйхатда турган ишсиз  аёлларга тадбиркорлик қилишлари учун  45 та тикув машинаси,  ва пишириқ пишириш учун 23 та электр печкаси  сотиб олиб берилди.
Боқувчисини  йўқотган  ва ногиронлиги бўлган аёлларга “бир марталик” моддий ёрдамлар берилди.

Хотин-қизларни қўллаб қуватлаш  ишларни  олиб борилиши доирасида “Аёллар дафтари” рўйхатида  турган аёлларни рўйхатдан  чиқаришга  эришилди.

Ёшлар дафтари бўйича
Бугунги кунда “Ёшлар дафтари”га 4650 нафар ёшлар киритилиб, шундан 4408 нафарини муаммолари хал қилиниб, тоифалар бўйича дафтардан чиқариш ишлари давом этмоқда.
Бугунги кун ҳолатига “Ёшлар дафтари” да 242 нафар ёшлар  рўйхатда туриб уларни  муаммолари ўрганилмоқда.
Аҳолини уй-жойга бўлган талабини қондириш бўйича
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли фармонига кўра  Хива туманида уй-жой қурилиши учун субсидиялар ажратиш  103 та режалаштирилган, шулардан 34 таси шаҳарлар жойларида,
46 таси қишлоқ ҳудудларига мўлжалланган.
Бугунги кунда уй-жой сотиб олишда давлат субсидиясини олиш учун жами 121 та аризалар келиб тушди, шулардан жами 48 та аризалар уй-жой комиссияси томонидан ижобий ҳал этилди. Жумладан 32 таси шаҳар жойларидан, 16 таси қишлоқ жойларидан субсидиялар бериш тўғрисида ижобий хабарномалар берилган. Режа бўйича қолган 2 та шаҳар жойларидан, 30 та қишлоқ жойларидан ва 23 та оилага якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидиялар берилиши кўзда тутилган.
 “Яшил макон” лойиҳаси бўйича
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида жорий йилда бўлиб ўтган видео-селектор йиғилишида белгилаб берилган кўчат экиш бўйича  “Долзарб 40 кунлик” топшириқ ижросини таъминлаш бўйича туманда 2021 йил куз, 2022 йил бахор ойларида жами 950 минг дона кўчат  шундан 2021 йил куз мавсумида 338 минг дона манзарали ва мевали дарахтлар экилиши режалаштирилган бўлиб бугунги кун ҳолатига 282 минг ёки 83,3 фоизга бажарилиб кўчат экиш ишлари давом қилмоқда.
Инвестиция лойиҳалари бўйича
Туманни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш, туманнинг инвестицион жозибардорлигини ошириш мақсадида бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.
Олиб борилган ишлар натижасида олдимизга қўйилган экспорт ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режаларини ортиғи билан бажаришга эришдик. Хусусан, жорий йилнинг 1 декабрь холатига туманда 10,4 млн.долларлик (режага нисбатан 260%) тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва ҳорижий кредитларлар ўзлаштирилган бўлса, жами 15,1 млн.долларлик шундан 7,5 млн.долларлик саноат маҳсулотлари,7,6 млн.долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга чиқарилди.
Шу билан бирга, туман аҳолиси доимий иш ўринлари билан таъминлаш, туманда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 1  декабрь холатига 222,5 млрд. сўмлик инветициялар ўзлаштирилиши хисобига 136 та лойиҳалар ишга туширилиб, 937 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди.
Маҳаллий инвесторлар "Хива кластер" МЧЖ томонидан
105,0 млрд.сўмлик хорижий  инвестициялар сарфланиши хисобига
5 тонна тўқимачилик усулида мато ишлаб чиқариш ташкил қилиш натижасида 350 та янги иш ўринлари яратилиши режашалаштирилган.
Ҳоким ёрдамчилари бўйича
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилди.
Туманда 34 та маҳаллага ҳоким ёрдамчилари суҳбат асосида танлаб олинди. 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда ўз иш фаолиятини бошлайди.
2021 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида йўл қўйган камчиликларни бартараф қилиш ва 2022 йилда устувор вазифаларни амалга оширишда тумандаги барча ташкилот раҳбарлари ўзига бўлган масъулиятни яна бир бор оширган ҳолда иш олиб бориши лозим.
Кун тартибидаги масалани атрофлича муҳокама қилиб халқ депутатлари Хива тумани Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Хива тумани ҳокими Х.Матрасуловнинг туман Кенгаши депутатлари ҳамда фаолларига 2021 йил якунлари ва 2022 йил режалари бўйича мурожаати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туман секторлари раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари ва тегишли туман ташкилотлари билан биргаликда:
- мурожаатда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширилиши бўйича кенг қамровли ташкилотчилик ишларини олиб бориш;
- туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш;
- аҳолини камбағалликдан чиқариш тадбирларини, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлаш;
- камбағал ва эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини ишга жойлаштириш орқали уларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш топширилсин;
3. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларига ўзлари сайланган округлар ҳудудида мурожаатда белгиланган устувор вазифалар ижросининг таъминланишини депутатлик назоратига олиш топширилсин.
4. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари (М.Юсупов)га туман ҳокимининг туманда 2021 йилда қилинган ишлар ва 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган  ислоҳотлар бўйича туман Кенгаши депутатлари ва туман фаолларига мурожаатини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш вазифаси топширилсин.
5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари (С.Мейлиев) ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари раислари зиммасига юклатилсин.
 
 
Сессия раисиШ.С.Досова