image

Янгиариқ туман ҳокими А.Давлетов 2021-йил якуни ва 2022-йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

date_range17.12.2021, 17:11
Янгиариқ тумани ҳокимининг халқ депутатлари Янгиариқ тумани Кенгашига 2021 йил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2022 йилги режалар тўғрисида мурожаати
Янгиариқ тумани камбағалликни қисқартириш, янги ишчи ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида барча соҳаларда самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида гапириб ўтсам.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми январ-ноябрь ойларида 197,9 млрд. сўмни ташкил қилди. 2021 йил якунига қадар 318,1 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 102,3 фоизни ташкил этади.
2022 йилда 300 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилди.
Қишлоқ хўжалиги махсулотлари ялпи ҳажми январ-сентябрь ойларида 1 трлн. 215 млрд. сўмни ташкил қилди. Йил якунига қадар 2 трлн. 14 млрд. сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан  139 фоизни ташкил этади.
2022 йилда 2 трлн. 300 млрд. сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Қурилиш ишлари ҳажми январ-ноябрь ойларида 167 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 102,0 фоизни ташкил этди. 2021 йил якунига қадар 191,0 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажаралиши кутилмоқда ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 108,0 фоизни ташкил этади.
2022 йилда 289,3 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиши режалаштирилди.
Чакана савдо айланмаси январ-ноябрь ойларида 382,7 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати  104,5 фоизни ташкил этди. 2021 йил якунига қадар 469,4 млрд. сўмлик чакана савдо айланмаси амалга оширилиши кутилмоқда ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 108 фоизни ташкил этади.
2022 йилда 502,0 млрд. сўмлик чакана савдо айланмаси амалга оширилиши режалаштирилди.
Шунингдек, жами хизматлар ҳажми январ-ноябрь ойларида 352,2 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 117,0 фоизни ташкил этди. 2021 йил якунига қадар 553,4 млрд. сўмлик хизматлар хажми амалга оширилиши кутилмоқда ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 119,3 фоизни ташкил этади.
2022 йилда 640,0 млрд. сўмлик хизматлар хажми амалга оширилиши режалаштирилди.
Тадбиркорлик бўйича жорий йил 1 декабрь ҳолатига жами кичик бизнес субъектлари сони 1133 тани ташкил қилиб  хозирда 1063 таси фаолият юритмоқда. (Бугунги кунда фаолиятсиз 70 та, шундан 63 таси ихтиёрий тугатиш жараёнида).
Ўтган 2021 йил январ-ноябрь ойларида жами 538 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди шундан, 168 таси кичик бизнес субъектлари ва 370 таси якка тадбиркорлардан иборат.
Шунингдек, вақтинча фаолият юритмаётган юридик шаҳсларни фаолиятини тиклаш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар, солиқ органлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотларнинг кўмаги, тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида ушбу корхоналарнинг фаолиятини қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил январ-ноябрь ойларида “Хар бир оила - тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз”, “Хунармандчиликни ривожлантириш” ҳамда “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш” давлат дастурлари орқали 1512 та тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга 38,9 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Шундан, 508 нафар ёшларга 14,2 млрд. сўм ҳамда 922 нафар аёлларга 16,5 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали  жами 53,0 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳамда 1618 та янги ишчи ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2021 йилнинг январ-ноябрь ойларида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан иш билан банд бўлмаган ишсиз фуқаролардан 1115 нафар фуқароларни ишга жойлаштириш режалаштирилган бўлиб 1 декабрь ҳолатига 1118 нафар ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланди ва белгиланган режа 100 фоизга бажарилиши таъминланди.
Шунингдек 2021 йил декабрь ойида 276 та янги ишчи ўринлари ташкил қилиниши режалаштирилган.
2021 йил январ-ноябрь ойлари давомида 1001 нафар фуқаролар жамоат ишларига жалб қилинди ва уларга 824 млн. сўм миқдорида иш ҳақи ҳисобланиб тўлаб берилди. Декабрь ойида 32 нафар фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиниши режалаштирилган.
2022 йилда 16 та йўналишда жами 9500 та янги ишчи ўринлари яратишни режа қилиб олдик. Жумладан янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш ҳисобига - 460 та, корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига – 53 та, лидер тадбиркор лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига – 135 та, меҳнат вазирлиги субсидиялари орқали – 469 та, саноат лойиҳалари ҳисобига – 609 та, хизмат кўрсатиш лойиҳалари ҳисобига – 189 та, қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ҳисобига – 1088 та, оилавий тадбиркорлик кредитлари ажратиш ҳисобига – 1618 та, аҳолига ижарага ер ажратиш ҳисобига – 3300 та, ерларни ўзлаштириш ва бўшаган ерлар ҳисобига – 120 та, пахта-ғалла кластери томонидан – 300 та, янги мева-сабзавотчилик кластерлари ҳисобига – 14 та, янги “Томорқа хизматлари” ташкил этилиши ҳисобига – 89 та, ижтимоий соҳа, Обод қишлоқ дастурлари қурилишида – 110 та, касбга тайёрлаб чет элга жўнатиш орқали – 180 та, жамоатчилик ишлари ҳисобига – 516 та ишчи ўринлари яратилади.
Бюджет тушумлари бўйича 2021 йилда бюджет даромадлари бўйича 34,0 млрд. сўмлик режани ортиғи билан бажариш бўйича режали ишлар амалга оширилмоқда. 2021 йил январ-ноябрь учун белгиланган режа  28,9 млрд. сўмни ташкил қилган бўлса 1 декабрь ҳолатига белгиланган режа 33,3 млрд. сўмга ёки 115,2 фоизга бажарилди.
Темир дафтар бўйича Янгиариқ туманида “Темир дафтар”га киритилган оилалар сони  жами 796 тани ва улардаги оила аъзолари сони 3533 нафарни шундан, мехнатга лаёқатли ишсиз аъзолари сони 727 нафарни ташкил қилади.
Жорий йил 1 декабрь ҳолатига жами 712 нафар ишсиз оила аъзоларининг бандлиги таъминланди жумаладан, 403 нафарини ўзини-ўзи банд қилиш орқали, 89 нафари жамоат ишларига жойлаштириш орқали, 14 нафари оилавий тадбиркорликка йўналтириш орқали, 11 нафари ҳунармандчилик орқали, 63 нафари инвестиция дастурларини амалга ошириш орқали,82 нафари қишлоқ хўжалиги йўналишида ишга жойлаштириш ва ижарага ер майдони ажратиш орқали ва 50 нафари қурилиш ишларига жалб қилиш орқали бандлиги таъминланди.
 Бажарилган ишлар натижасида бугунги кунгача 718 та оила “Темир дафтар”дан чиқарилган. Натижада “Темир дафтар”да қолган оилалар сони 78 тани ташкил қилиб, оилалар таркибида 27 та ногирон аъзоси бор оилалар, 10 та якка-ёлғиз ва кексалари бор бўлган оилалар, 9 та 4 ва ундан кўп болалари бор оилалар, 32 та ҳақиқатда эҳтиёжманд, даромад манбаини йўқотган ночор ва моддий кўмакка муҳтожлиги бор оилалар мавжуд.
Аёллар дафтари бўйича “Аёллар дафтари” бўйича 1-босқичда 3954 нафар аёллар ҳамда 2-босқичда 1477 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилди.
Туманда бугунги кунгача “Аёллар дафтари”га киритилган 5431 нафар хотин-қизлардан Халқ депутатлари туман кенгашининг 2021 йил 27 апрелдаги №44/182-сонли карорига асосан 1374 нафар аёллар, 2021 йил 31 майдаги №45/191-сонли карорига асосан 1527 нафар жами 5300 нафар аёллар “Аёллар дафтари”дан чиқарилди, ҳозирги кунда “Аёллар дафтари”да 131 нафар хотин-қизлар мавжуд.
Ёшлар дафтари бўйича Бугунги кунда “Ёшлар дафтари”га 3357 нафар ёшлар киритилиб, шундан 3229 нафарини муаммолари хал қилиниб, қуйидаги тоифалар бўйича дафтардан чиқариш ишлари давом этмоқда. Жумладан 505 нафарини бандлигини таъминлаш шундан (319 нафари доимий ва 186 нафари жамоат ишига) орқали, 185 нафарини имтиёзли кредит (3 млрд 940 млн сўм) ажратиш орқали, 64 нафарини субсидия ажратиш орқали, 378 нафарини уста-ҳунармандларга бириктириш орқали, 317 нафарини миграция орқали, 303 нафарини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали, 1374 нафар ёшларга 240 гектар экин ер майдони ажратиш орқали, 68 нафарини  ҳайдовчилик касбига ўқитиш орқали, 10 нафарини пайвандчилик касбига ўқитиш орқали жами 3229 нафар ёшлар дафтардан чиқарилди.
Бугунги кун ҳолатига “Ёшлар дафтари”да турган 128 нафар ёшларни муаммолари ўрганилиб, “Ёшлар дафтари”дан чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Аҳолини уй-жойга бўлган талабини қондириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли фармонига кўра Янгиариқ туманида 113 та шулардан, 18 таси шаҳарларда, 72 таси қишлоқ жойларида, 23 таси уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидиялар берилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда уй-жой сотиб олишда давлат субсидиясини олиш учун жами 181 та аризалар келиб тушди, шулардан жами 49 та аризалар уй-жой комиссияси томонидан ижобий ҳал этилди. Жумладан 16 таси шаҳар жойларидан, 32 таси қишлоқ жойларидан ва 1 таси якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидиялар бериш тўғрисида ижобий хабарномалар берилган. Режа бўйича қолган 2 та шаҳар жойларидан, 40 та қишлоқ жойларидан ва 22 та оилага якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидиялар берилиши кўзда тутилган.
“Янги Ўзбекистон” массивларини барпо қилиш  тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш тўғрисидаги ПФ-32-сонли Фармонига асосан Янгиариқ туманидаги “Дўстлик” маҳалласи танлаб олинди.
Янгиариқ туманининг аҳолиси бугунги кунда 118,3 минг  нафарни ташкил қилади. Аҳолининг кўпайиши ҳисобига 2030 йилга бориб 149 минг нафарни ташкил қилиши кутилмоқда. Аҳолининг уй-жойга бўлган талаби келиб тушган мурожаатларга кўра 1000 дан зиёдни ташкил қилмоқда.
“Янги Ўзбекистон” массивини барпо этиш учун 6,5 гектар майдон танлаб олинди. Массивда жами 37 та 5 қаватли 770 та хонадонли уй-жойлар, жумладан, 2022 йилда 8 та 5 қаватли 160 та хонадонли уй-жойлар қурилади. Шунингдек, 2022-2026 йилларда массивдаги мавжуд 560 ўринли мактаб реконструкция қилиниб, қўшимча 330 ўринли қўшимча бино қурилади. Массив ҳудудида 240 ўринли савдо комплекси ташкил қилинади. Маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари ишга туширилади. Бунинг натижасида 35 та янги ишчи ўринлари яратилади.
“Яшил макон” лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида жорий йилнинг 2 ноябрь куни бўлиб ўтган видео-селектор йиғилишида белгилаб берилган кўчат экиш бўйича  “Долзарб 40 кунлик” топшириқ ижросини таъминлаш бўйича туманда 2021 йил куз, 2022 йил бахор ойларида жами 939 минг дона шундан 2021 йил куз мавсумида 355 минг дона манзарали ва мевали дарахтлар экилиши режалаштирилган бўлиб бугунги кун ҳолатига 277,3 минг ёки 78,1 фоизга бажарилиб кўчат экиш ишлари давом қилмоқда.
Инвестиция лойиҳалари бўйича туманни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш, туманнинг инвестицион жозибардорлигини ошириш мақсадида бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.
Олиб борилган ишлар натижасида олдимизга қўйилган экспорт ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режаларини ортиғи билан бажаришга эришдик. Хусусан, жорий йилнинг 1 декабрь холатига туманда 31,9 млн.долларлик (режага нисбатан 135,4%) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган бўлса, жами 12,3 млн.долларлик шундан 4,9 млн.долларлик саноат маҳсулотлари, 7,4 млн.долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга ортилди.
Шу билан бирга, туман аҳолиси доимий иш ўринлари билан таъминлаш, туманда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш мақсадида 208 та лойиҳалар доирасида 1,6 трлн.сўмлик инвестицияларнинг ўзлаштирилиши натижасида 2,8 минг янги иш ўринлари яратилиши белгиланган бўлиб, жорий йилнинг 1 декабрь холатига 718,7 млрд.сўмлик инветициялар ўзлаштирилиши хисобига 152 та лойиҳалар ишга туширилиб, 1193 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди.
Бундан ташқари, “Хоразм вилоятини 2022-2026 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури”га асосан Янгиариқ туманида худудий инвестиция дастури доирасида 2022 йилда 35 та лойиҳаларда 1,4 трлн.сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши натижасида 715 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Жумладан:
- Туркиялик инвесторлар таъсисчилигида ташкил қилинган  "ODAS Enerji CA" МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси томонидан 105,0 млн.долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар сарфланиши хисобига қуввати 174 МВт лик газ-турбинали электр станция ташкил қилиниши натижасида 300 та янги иш ўринлари яратилиши;
- "Yanagro System" МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси томонидан 121,0 млрд.сўмлик, шундан, 30,0 млрд.сўм ўз маблағлари, 5,5 млн.долларлик хорижий кредитлар, 3,0 млн.долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар сарфланиши хисобига томчилаб суғориш ускуналарини, фильтрлар ва иссиқхоналар учун плёнкалар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида  100 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Ҳоким ёрдамчилари - ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилди. Туманда 39 та маҳаллага ҳоким ёрдамчилари суҳбат асосида танлаб олинди. 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда ўз иш фаолиятини бошлайди.
Ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда қуйидаги ишларни амалга оширади:
1. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича тавсиялар бериш;
2. Маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, уларга доимий даромад манбаини яратишга кўмаклашиш учун устувор равишда маҳалладаги муваффақиятга эришган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда фаолиятини олиб боради;
3. Республика вакиллари билан биргаликда ўзига бириктирилган маҳаллани ривожлантириш бўйича 2022 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқади ва ижросини таъминлайди;
4. Ажратилаётган ресурслардан самарали фойдаланиш юзасидан доимий мониторингни амалга оширади;
5. Амалга оширилган ишлар натижадорлиги юзасидан туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан биргаликда доимий равишда ҳокимга ҳисобот бериб боради.
Ҳоким ёрдамчилари маҳаллани ривожлантиришда ўзига берилган ваколатлардан самарали фойдаланиши зарур.
2021 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида йўл қўйган камчиликларни бартараф қилиш ва 2022 йилда устувор вазифаларни амалга оширишда тумандаги барча ташкилот раҳбарлари ўзига бўлган масъулиятни яна бир бор оширган ҳолда иш олиб бориши лозим.
Халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгаши кун тартибидаги масалани  атрофлича  муҳокама  қилиб,  Ўзбекистон  Республикаси  “Маҳаллий  давлат  ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига асосан
Қ А Р О Р    Қ И Л А Д И:
1. Янгиариқ тумани ҳокими А.К.Давлетовнинг 2021 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар якунлари ва 2022 йилдаги режалари тўғрисидаги мурожаати  маълумот ва ижро учун қабул қилинсин. 
2. Туман ҳокимининг молия­-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари О.Саидовга, туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли давлат ташкилоти ва корхоналари билан биргаликда 10 кунлик муддатда туман ҳокимининг мурожаати бўйича 2022 йил учун белгиланган вазифаларни амалга ошириш “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилсин.
3. Туман сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари (О.Саидов, Х.Мадаминов, М.Бекманов),  туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси (Б.Қўчқарова) алоқадор ташкилот, корхона ва муассасалар билан биргаликда:
барқарор ва мутаносиб иқтисодий тараққиётни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотлар самарадорлиги;
янги иш ўринлари яратиш, “Темир дафтар”га киритилган камбағал оила вакилларини меҳнатга лаёқатли аъзоларини бандлигини таъминлаш;
ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш;
аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг барқарорлиги ҳамда ишончлилигини таъминлаш;
ишбилармонлик муҳити сифатини яхшилаш, тадбиркорликни доимий қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш;
ҳудуднинг молиявий мустақиллигига эришиш ҳамда банк-молия соҳасини ривожлантириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлигини ошириш;
таҳлиллар асосида жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, кўрсаткичлари нисбатан паст бўлган корхона ва ташкилотларга кўмаклашиш чораларини кўриш;
тумандаги бўш турган, фойдаланилмаётган объектлар ва ер участкалардан (давлат активларидан) самарали фойдаланиш;
келгуси 2022 йилда Янгиариқ туманида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва ошиб бажарилишини таъминлаш;
хотин-қизларнинг барча турдаги муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, касб-ҳунарга ўқитилган аёлларнинг келгусида бандлигини таъминлаш, кредит олиб тадбиркорлик фаолиятини энди бошлаган аёлларга уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш учун доимий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттириш;
ҳар ойда сектор ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда, ишсиз аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича манзилли ишлашнинг самарадорлигини ошириш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш вазифаси юклансин.
жойларга чиқиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга халақит бераётган муаммоларни ҳал этиш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш вазифаси топширилсин.
4. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (О.Саидов), туман солиқ инспекцияси (О.Абдуллаев), туман молия бўлими (А.Бекчанов), туман ҳокими ўринбосаларига:
жорий йилда белгиланган даромадлар режасини ҳар бир солиқ тури бўйича йиллик режани ортиғи билан бажариш чораларини кўриш, назоратга олиш ва муҳокама қилиб бориш;
жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи тўловчиларни тумандаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудуди бўйича тўлиқ хатловдан ўтказиш ва ҳамда солиқ базасига киритиш ишларини давом эттириш;
ноқонуний юк транспорт хизмати кўрсатиш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни аниқлаш юзасидан рейдлар ташкил этиш орқали уларни якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш;
бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятидан олинадиган даромадларни ўрганиш ва тўлиқлигини таъминлаш, шунингдек улар томонидан дивидент ҳисобидан маҳаллий бюджет улушини қайта ҳисоб-китоб қилиш ва ундириш;
ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ инвестиция лойиҳаларини, маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан тушумларни ошириш топширилсин.
5. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (Д.Матяқубов)га тегишли ташкилотлар билан биргаликда:
2022 йилда янги иш ўринларини ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш ва ушбу дастурда белгиланган параметрларнинг бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш;
Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида яратилган ҳар бир янги иш ўринларига ишсиз фуқароларни, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни жойлаштириш топширилсин.
6. Туман ҳокимининг ўринбосари М.Бекманов, туман иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи (О.Саидов), Савдо-саноат палатасининг туман бўлими, тумандаги барча тижорат банклари, тегишли ташкилотлар билан биргаликда:
туманга чет эл инвестициясини киритиш бўйича хорижий фирма ва корхоналар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвесторларни жалб этиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишда маҳаллий хомашё базаси имкониятларини ҳисобга олиш, маҳаллий хомашё негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мавжуд қўшма корхоналарнинг бир маромда ишлашига кўмаклашиш топширилсин.
7. Туман ҳокимининг ўринбосарлари, туман молия бўлими (А.Бекчанов), туман тиббиёт бирлашмаси (А.Назаров), халқ таълими (А.Каримов), мактабгача таълим бўлимлари билан биргаликда:
аҳоли учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича патронаж тизимини сифат жиҳатдан такомиллаштириш;
тиббиётнинг давлат ва хусусий секторида хорижий инвесторларни кенг жалб этиш;
туманнинг етакчи даволаш-профилактика муассасалари ва хусусий сектор муассасаларига чет эллик мутахассислар доимий фаолият юритишини таъминлашга қаратилган ишларни такомиллаштириш;
оилавий поликлиникаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаш;
нодавлат мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш ишларини олиб бориш, бу борада ташаббускорларни аниқлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, инвестиция дастурига киритилган мактабгача таълим муассасаларини сифатли ва ўз вақтида таъмирлаш ишларини таъминлаш;
2021/2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларида энг асосий эътиборни таълим ва тарбия сифатини ошириш, ўқувчиларни касбга тайёрлашни такомиллаштириш чораларини кўриш топширилсин.
8. Туман ҳокимининг ўринбосари А.Эламонов, тегишли ташкилотлар билан биргаликда:
янги тартибга мувофиқ уй-жой қурилиши ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш ва уй-жойлар қурилиши дастурини ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;
туман ободонлаштириш бошқармаси билан биргаликда 2022 йил йўл қурилиши дастурларининг бажарилишини таъминлаш бўйича аниқ чораларини кўриш топширилсин.
9. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи (Э.Ахмедов), маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими (Б.Қўчқарова), туман тиббиёт бирлашмаси (А.Назаров) ҳамда сектор раҳбарларига:
туман ҳудудида истиқомат қилувчи профилактик ҳисобда турган муқаддам судланган, спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга ружу қўйган, нотинч оилалар ва бошқа шахслар билан тегишли муассаса ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ўтказиш, уларнинг турмуш тарзини ўрганиб бориш, ечимини топмаётган муаммоларни тегишли мутасаддилар билан ҳал этиш чораларини кўриш;
профилактик ҳисобда турган, айниқса, илгари судланган, маъмурий назоратга олинган, пробация ҳисобида турган шахслар томонидан қайта жиноятлар содир этилишини олдини олиш мақсадида доимий равишда уларнинг турмуш тарзи, хулқ-атвори, оилавий даромад манбаларини ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш ишлари кунлик назоратга олиш;
маҳалла раиси ва фаоллари билан биргаликда нотинч оилаларни аниқлаш, улар билан алоҳида профилактик ишларни ташкил этиш, шу ерда яшовчи обрўли намунали фуқаролардан, оқсоқоллардан мураббий бириктириш чорасини кўриш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва сектор раҳбарларига муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар билан чиқиб, муаммоларни ҳал этиш, бунинг натижасида оила-турмуш доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятни олдини олиш чораларини кўриш;
шахснинг ҳаёти ва соғлиғига қарши, шу жумладан оила турмуш доирасида содир этилган, шунингдек, аёллар томонидан жиноятлар содир этилишининг барвақт олдини олиш ва низоли оилалардаги маънавий муҳитни яхшилаш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда оилалардаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоларга барҳам беришга қаратилган профилактик тадбирларни янада кучайтириш;
тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг жиноятдан жабрланишини олдини олишда ҳимоя ордери расмийлаштириш амалиёти кенг жорий қилинсин, бунда ҳимоя ордерига риоя этилиши устидан доимий назорат ўрнатилиб, чекловларни бузган шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўриб борилиши таъминлансин.
хотин-қизлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, ҳуқуқбузарлик ҳамда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини чуқур таҳлил қилиб бориш ва манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш;
жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган, профилактик ҳисобда турган, оила-турмуш, ахлоқ-одоб доирасида мунтазам равишда ҳуқуқбузарлик содир этувчи ва бошқа ғайриижтимоий хулқ-атворга эга бўлган хотин-қизларга маҳаллаларда отинойилар ва маҳаллалардаги фаолларни бириктириш чораларини кўриш;
оила, турмуш доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш мақсадида уларнинг муаммоларини ўрганиш ва муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаш;
10. Халқ депутатлари Янгиариқ тумани Кенгаши депутатларига:
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари, фармойишлари ҳамда Ҳукумат қарорларининг ижросини таъминлаш чораларини кўриш;
ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар бажарилиши ҳолатини бевосита жойида ўрганган ҳолда ижро билан боғлиқ масалаларни доимий комиссиялар мажлисларида мунтазам муҳокама қилиб бориш;
депутатлик назорати доирасида вазифалар ижроси юзасидан масъул этиб белгиланган ташкилот, муассасалар ва уларнинг мансабдор шахсларидан ижро бўйича маълумотларни олиб, таҳлиллар асосида халқ депутатлари Янгиариқ тумани Кенгаши сессиялари муҳокамасига масъулларнинг ахборотларини эшитиш билан боғлиқ масалаларни киритиб бориш;
оммавий ахборот воситалари, жумладан телеканалларда ҳудудларда комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар ижросининг бориши тўғрисида мунтазам равишда чиқишларни уюштириш, бунда, ушбу вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларнинг сабабларини ёритишга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин.
11. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (Д.Собирова), “Янгиариқ овози” газетаси таҳририяти (Ж.Юсупов) билан биргаликда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар юзасидан амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
12. Мазкур қарор ижросининг назорати туман ҳокими ўринбосарлари ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари зиммасига юклансин.

Халқ депутатлари Янгиариқ тумани Кенгаши сессияси раисиБ.Абдуллаев