image

Хоразмда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати муҳокама қилинди

date_range13.09.2026, 01:00
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2026 йил 11 сентябрдаги қарори билан вилоятда 2026 йилнинг биринчи ярмида ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати юзасидан ахборот маълумот учун қабул қилинди.

Қайд этилишича, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Хоразм вилоятидан Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига жами 23 902 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2 359 тага ёки 10,9 фоизга кўп.

Мурожаатлар сони бўйича Ҳазорасп тумани — 3 214 та, Урганч шаҳри — 3 093 та, Урганч тумани — 3 050 та ва Шовот тумани — 2 095 та билан юқори кўрсаткичларни қайд этган.
Мурожаатлар сонининг энг юқори ўсиши Боғот туманида — 39 фоиз, Гурлан туманида — 38 фоиз, Урганч туманида — 30 фоизни ташкил қилган.

Аҳолини қийнаётган асосий масалалар
Мурожаатлар таҳлилига кўра, фуқаролар томонидан энг кўп кўтарилган масалалар орасида 18 ёшгача болалар нафақаси, алимент ундириш, бир марталик моддий ёрдам, газ баллонларини тўлдириш, даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари учун моддий ёрдам олиш, иш билан таъминлаш ҳамда ички йўлларни таъмирлаш масалалари етакчилик қилган.
Хусусан, 18 ёшгача болалар нафақаси бўйича 1 829 та, алимент ундириш бўйича 878 та, муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам бўйича 820 та, газ баллонларини тўлдириш билан боғлиқ 692 та, даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам бўйича 627 та мурожаат келиб тушган.
Шунингдек, иш билан таъминлаш — 456 та, ҳуқуқбузарликларга оид масалалар — 442 та, ички йўлларни таъмирлаш — 440 та, хотин-қизларга бир марталик ёрдам — 419 та ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорликни ундириш юзасидан 406 та мурожаат қайд этилган.

Мурожаатларни қаноатлантириш даражаси 91,8 фоизни ташкил этди
Вилоят бўйича мурожаатларни қаноатлантириш даражаси 91,8 фоизни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг шу давридаги 89,2 фоизлик кўрсаткичдан юқори.
Шу билан бирга, Хива шаҳрида — 84,1 фоиз, Гурлан туманида — 88,2 фоиз, Қўшкўпир туманида — 90,2 фоиз ва Шовот туманида — 91,3 фоиз кўрсаткич қайд этилиб, мазкур ҳудудлар вилоят ўртача даражасидан паст натижа кўрсатган.
Қарорда мурожаатларни ижобий ҳал қилиш орқали фуқароларни рози қилиш кўрсаткичи эса 43,1 фоизни ташкил этгани қайд этилган. Мазкур кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврида 66 фоиз бўлган.

Такрорий мурожаатлар 50 фоизга ошган
Ҳисобот даврида вилоятда 3 564 та такрорий мурожаат келиб тушган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1 189 тага ёки 50 фоизга кўп.
Такрорий мурожаатлар айниқса Урганч ва Ҳазорасп туманларида кўп қайд этилган. Ушбу мурожаатларнинг 38,2 фоизи ижобий ҳал қилинган.
Шунингдек, 2026 йилнинг биринчи ярмида 298 та жамоавий мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 76 таси ҳал этилган.
Жамоавий мурожаатларда асосан ички йўллар, иш ҳақини ундириш, электр тармоқлари, суриштирув ва тергов ҳамда газ баллонлари билан таъминлаш масалалари кўтарилган.

Сайёр қабуллар бўйича ҳам камчиликлар аниқланган
Ҳисобот даврида вилоят бўйича 2 634 та сайёр қабул ўтказилиб, уларда 9 548 та мурожаат қабул қилинган. Шундан 3 844 таси ижобий ҳал этилган.
Қарорда айрим ҳудудларда сайёр қабуллар самарадорлиги пастлиги ҳам қайд этилган.
Бундан ташқари, 412 та қабул бошқа шахслар томонидан ўтказилгани аниқланган. Бундай ҳолатлар ҳокимлик, сув таъминоти, автомобиль йўллари, электр тармоқлари, ижтимоий ҳимоя, солиқ, газ таъминоти, бандлик ҳамда таълим соҳаларида, шунингдек Тупроққалъа ва Янгиариқ туманларида қайд этилган.
Сайёр қабулларда тушган 10 146 та мурожаатнинг 6 428 таси, яъни атиги 60 фоизи Виртуал қабулхона тизимига киритилган.

Айрим ҳудудларда қонун талаблари бузилган
Вилоят Кенгаши қарорида Хива шаҳри, Гурлан, Қўшкўпир ва Шовот туманларида мурожаатларни қаноатлантириш даражаси вилоят кўрсаткичидан паст экани қайд этилган.
Шунингдек, Хива, Тупроққалъа ва Урганч туманларида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддаси талабларига зид равишда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини асоссиз равишда бузиб ёпиш ҳолатлари кузатилгани кўрсатилган.

Раҳбарларга аниқ вазифалар белгиланди
Қарор билан вилоят ҳокимлиги, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда вилоят даражасидаги барча ташкилот ва идоралар раҳбарларига мурожаатлар кўпайган ҳудуд ва маҳаллалардаги муаммолар сабабларини чуқур ўрганиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, энг кўп мурожаат келиб тушаётган соҳалардаги тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, такрорий ҳамда жамоавий мурожаатларни алоҳида назоратга олиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўриш белгиланди.
Сайёр ва шахсий қабулларни белгиланган жадвал асосида мунтазам ўтказиш ҳамда уларда кўтарилган масалаларни имкон қадар жойида ҳал этиш чораларини кўриш топширилди.

Бундан ташқари, аниқланган камчиликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўриш ва кўрилган чоралар ҳақида Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашига ахборот тақдим этиш вазифаси вилоят ҳокимлиги зиммасига юклатилди.