Боғот тумани ҳокими Ш.Яхшибаев 2021-йил якуни ва 2022-йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
date_range17.12.2021, 17:15
Боғот тумани ҳокими Ш.Яхшибаевнинг туман Кенгаши депутатлари ҳамда фаолларига туманда 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2022 йилги режалар тўғрисидаги мурожаати.
Бугунги кун ўзининг мазмун-моҳияти билан бизнинг барчамиз учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, бугун жорий йил давомида Ҳурматли Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган улуғвор вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича туманимиз депутатлари ва фаоллари билан биргаликда амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қиламиз, шунингдек, келгуси йил олдимизда турган вазифаларни белгилаб оламиз.Барчамизга яхши аёнки, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида одамларни ҳаётдан рози қилиш ғояси мужассамдир. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган эзгу мақсад ҳам ана шу ғояни ҳаётга тадбиқ этишга хизмат қилади аслида.Уйма-уй юриш, одамларнинг дард-у ташвишларини эшитиш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятимизнинг бош мазмунига айланганлиги ҳам ана шу инсонпарвар сиёсатнинг натижасидир. Тан олиб айтишимиз керакки, муаммоларни бирданига ҳал қилишнинг ҳам имкони йўқ. Бироқ, бугун ушбу муаммолар билан тизимли ва манзилли ишлашнинг механизми яратилди, бу бизнинг кундалик фаолиятимизга айланди. Халқимиз билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг мурожаатларини тинглаш бизнинг ҳам ўз иш услубимизни белгилаб олишда асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганидек, “Жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди”.
Бугунги очиқлик шароити фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширмоқда. Агар бундан бир неча йиллар олдин улар дардини кимга айтишни билмай, турли идоралар олдида навбат кутиб, иши битмаганидан ҳафсаласи пир бўлиб, ўзи билан ўзи овора ҳолатда қолиб кетган бўлса, бугун улар очиқдан-очиқ ўз муаммоларини баён этиш имконига эга бўлмоқдалар. Бу борада Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар улар учун мурожаат минбари бўлиб хизмат қилмоқда. Албатта, мавжуд муаммоларни ёритишда журналист ва блогерларнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Мен ҳар сафар Ҳурматли Юртбошимизнинг “Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги одамларимиз ҳам кечаги одамлар эмас” деган сўзларини эслаганимда, ундаги чуқур ҳаётий фалсафани ҳис қиламан. Шу фалсафа бизни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга, изланишга, муаммолар ечимини топишнинг самарали йўлларини топишга ундайди. Бунинг пировард натижаси эса одамларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига эришишдир.
Туман бўйича 2021 йил учун бюджет даромадларига 59,3 млрд.сўм йиллик режа белгиланиб, бугунги кун ҳолатига белгиланган йиллик режанинг бажарилиши 116,4 фоизни (яъни 69,1 млрд.сўмни) ташкил қилмоқда. 2021 йил якунига бюджет тушумлари 71,1 млрд.сўмга ёки 120 фоизга бажарилиши кутилмоқда. Маҳаллий бюджет даромадлари режаси 44,9 млрд.сўм бўлиб, ҳақиқатда 50,3 млрд.сўм туширилиши натижасида 112,0 фоизга бажарилиб, 5,4 млрд.сўм қўшимча маблағ туширилди. Йил якунига қадар жами тушум
54,1 млрд. сўм бўлиши кутилмоқда. Қўшимча маблағ 9,2 млрд.сўмга етказилиши режалаштирилмоқда.
2021 йилнинг январь-ноябрь ойлари якуни бўйича:
- саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 402,7 млрд.сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 133,1 фоизга, қурилиш ишлари 232,3 млрд.сўмни, ўсиш суръати 145,1 фоизга, хизматлар жами 453,9 млрд.сўмни, ўсиш суръати
125,6 фоизга, чакана савдо айланмаси 504,5 млрд.сўмни, ўсиш суръати
116,9 фоизга ўсиши кутилмоқда.
2020 йилнинг январь-ноябрь ойларида умумий қиймати 438,9 млрд сўм бўлган 215 та лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 981 та янги иш ўринлари яратилиб маҳаллий бюджетга кўшимча 1,2 млрд.сўмлик манбалар яратилди.
Жумладан, 2021 йилда қиймати 1134,9 млрд.сўмдан иборат 207 та лойиҳа амалга оширилиши эвазига 2661 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Амалда, бугунги кунга қадар қиймати 431.5 млрд.сўмдан иборат 161 та лойиҳалар амалга оширилиши эвазига 1050 та янги иш ўринлари яратилиб қўшимча солиқ базаси яратилди .
2022 йилда умумий қиймати 408,5 млрд.сўмга тенг 68 та инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши натижасида 893 нафар янги иш ўринлари, жумладан:
- саноат йўналишида умумий қиймати 110.3 млрд сўмдан иборат 18 та лойиҳалар ишга туширилиб 241 та;
- қишлоқ хўжалиги йўналишида умумий қиймати 106.2 млрд сўмдан иборат 18 та лойиҳалар ишга тушурилиб 232 та;
- хизмат кўрсатиш йўналишида умумий қиймати 192 млрд сўмдан иборат 32 та лойиҳалар ишга тушурилиб 420 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Туманда жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига рўйхатга олинган кичик бизнес субъектларининг сони 1316 тани, шундан фаолият кўрсатаётганлари 1219 тани ташкил қилади. Уларнинг жами рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектларидаги улуши 92,6 фоизни ташкил этмоқда. Кичик бизнес субъектларининг 219 таси саноат, 83 таси қурилиш, 260 таси хизмат кўрсатиш, 450 таси савдо, 207 таси қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритмоқда.
2021 йил 11 ойи давомида янгидан 359 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Уларнинг 83 таси саноат, 9 таси қурилиш, 79 таси хизмат кўрсатиш, 134 таси савдо, 54 таси қишлоқ хўжалиги соҳасида ташкил қилинди.
2021 йил давомида Агробанк, Микрокредитбанк ва Халқ банки филиаллар томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жами 40,0 млрд.сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши режалаштирилган бўлиб жорий йил 1 декабрь ҳолатига туман аҳолисининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий дастурлар доирасида жами 1684 та субъектларга
44,9 млрд.сўм миқдоридаги маблағ ажратилди. Булар ҳисобига 1776 та иш ўринлар яратилган. Жумладан:
-“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 1372 та субъектга 36,5 млрд.сўм миқдорида ажратилган имтиёзли кредит маблағи ҳисобига 1439 та иш ўрни;
- Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 210 та субъектга 2,1 млрд.сўм миқдорида ажратилган имтиёзли кредит маблағи ҳисобига 210 та иш ўрни;
- Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 8 та субъектга 3,3 млрд.сўм миқдорида ажратилган имтиёзли кредит маблағи ҳисобига 19 та иш ўрни;
- Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури доирасида 8 та субъектга 241 млн.сўм миқдорида ажратилган имтиёзли кредит маблағи ҳисобига 8 та иш ўрни;
- Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 83 та субъектга 2,6 млрд.сўм миқдорида ажратилган имтиёзли кредит маблағи ҳисобига 97 та иш ўринлари яратилди.
13 млрд. 34 млн.сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари 717 нафар ижтимоий қўллаб қувватлаш дафтарларига киритилган оилаларга ажратилди. Жумладан, “Темир дафтар”даги 42 та оилага 932 млн сўм, “Ёшлар дафтари”даги 331 та ёшларга 9 млрд 49 млн сўм, “Аёллар дафтари”даги 344 нафар аёлларга 3 млрд 53 млн сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Шундан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2021 йил 1 декабрь ҳолатига жами ёшларни тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 709 та ёшларга 21,1 млрд.сўм ажратилган имтиёзли кредит маблағи ҳисобига 751 та иш ўринлар яратилган ҳамда хотин қизларни тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 1041 та аёлларга 20,0 млрд.сўм ажратилган имтиёзли кредит маблағи ҳисобига 1066 та иш ўринлар яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини-ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-4742-сонли қарори ижроси юзасидан туманда 3041 нафар фуқароларни ўзини-ўзи банд қилиш режалаштирилган бўлиб, 13 декабрь ҳолатига яшаш манзили бўйича 2273 нафар фуқаролар (75,1 фоиз) ўзини-ўзи банд қилди. Ушбу белгиланган режани йил якунига қадар 100 фоиз бажариш чоралари кўрилмоқда.
Интернет ва алоқа тизимини яхшилаш борасида туманда 22 км оптик толали алоқа линиялари қурилди ва барча умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган бўлиб, белгиланган тартибда хизматлардан фойдаланиб келмоқда.
Ёшларни замонавий ахборот технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш бўйича кўникмаларини ошириш мақсадида Боғот тумани почта алоқа тармоғига қарашли бинода ўқув маркази фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бугунги кунда интернет тармоғида Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) фаолият кўрсатмоқда. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 217 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.
Экспорт ва импорт таҳлили.
2020 йил 11 ойида туман бўйича 16,1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги экспорт амалга оширилган бўлса, 2021 йилнинг шу даврида 22,8 млн. АҚШ долларини ташкил қилди. Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 142 фоизга ўсган.
2021 йил Дастури бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли Фармонига асосан туман марказида 3 та 5 қаватли жами 80 хонадондан иборат турар-жойлар қуриб фойдаланишга топширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги 182-сонли Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартда “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6186-сонли Фармони ҳамда ушбу фармон ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг 2021 йил 15 мартдаги 81қ-сонли қарори қабул қилинган бўлиб мазкур қарорнинг 2-иловасида 2021 йилда туманда янги тартиб доирасида ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари қабул қилинган бўлиб, туман бўйича 2021 йилда жами 103 та фуқарога 3 млрд. 91 млн.сўм тўланиши белгиланган.
Хусусан, ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 80 та фуқарога 2 млрд. 754 млн.сўм субсидиялар тўланиши белгиланган. Шу билан бирга якка тартибдаги уй-жой қуриш (реконструкция қилиш) учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун туман бўйича қуриладиган 39 та уй-жойлардан 23 та фуқарога 337,3 млн.сўм субсидиялар тўланиши белгиланган. Бугунги кунда субсидия асосида қурилаётган уй-жойларда қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли, ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш бўйича туман комиссиясининг хулосаларига асосан 119 нафар фуқарога тўланиши лозим бўлган субсидия маблағлари ажратилиши режалаштирилган.
2021 йилда туман аҳолисини ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида жами 69,5 км, жумладан, “Обод маҳалла” дастури асосида “Қумбодоқ” (Ортиқ Отажонов) маҳалласига 18 км, “Обод” махалласига 15 км хамда Орол бўйи дастури асосида “Қулонқорабоғ” махалласига 17 км, “Қорабоғ” махалласига 19,5 км узунликда ичимлик сув қувурлари ётқизилди ва “Маънавият” махалласида жойлашган сув тақсимлаш иншоати қайта реконструкция қилинди. Натижада 2245 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди.
Боғот туманида 28562 хонадондан 22239 хонадон ичимлик сув билан таъминланган бўлиб, ҳозирги кунда таъминланганлик даражаси 76,8 % ни ташкил қилади.
Туманда электр энергия таъминотини яхшилаш бўйича 2021 йилда аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг куз-қиш мавсумини беталофот ўтишини таъминлаш мақсадида 42,3 км 0,4-6-10 кВли электр узатиш тармоғи, 44 дона трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.
2021 йилда 115,6 км узунликдаги 0,4-10 кВ электр узатиш тармоқлари ва 85 та трансформатор пунктларини жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Бажарилган янги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлар натижасида 37 та маҳалладаги 25,3 минг аҳоли истеъмолчиларига етказиб берилаётган электр энергиясининг сифати янада яхшиланди. Шунингдек, 589 та хусусий ва оилавий тадбиркорларнинг электр энергиясига бўлган талаби қондирилди.
Бугунги кунда туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 148 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, шундан: 25 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари, 7 та давлат-хусусий шерикчилик мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 116 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Жами 9148 нафар (67,5%) болалар мактабгача таълимга ташкилотларига қамраб олинди. 2022 йилда янгидан 2 та давлат-хусусий шерикчилик мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 40 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил қилиш ҳисобига 1200 нафар болалар қамраб олиниб, қамров кўрсаткичи 77,5 фоизга етиши кутилмоқда.
Туманда жами 52 та умумий ўрта таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Улардан 49 та умумий ўрта таълим мактаби, 1 та ихтисослаштирилган мактаб, 1 та айрим фанлар чуқур ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати, 1 та айрим фанлар чуқур ўқитиладиган ва чет тилларига ихтисослаштирилган мактаб-интернати, 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият кўрсатмоқда.
Жорий йилда 4 та умумтаълим мактаблари 2021 йил инвестиция ва “Обод қишлоқ” дастури асосида 19 млрд 644 минг сўм маблағ ҳисобига таъмирланди.
Ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида фаолият олиб бораётган 256 та тўгаракларда бугунги кунда 35 841 нафар ёшларимиз қамраб олинган.
2021-2022 йиллар мобайнида 5 та намунавий моделлар асосидаги спорт иншоотларини қуриш эвазига 2106 нафардан ортиқ ёшларни спортга қамраб олиниши режалаштирилган.
Туманимиз спортчилари жаҳон ареналарида 5 та олтин, 2 та бронза медалларини қўлга киритганлиги барчамизнинг фахримиз бўлди.
Жумладан, шуни фахр билан айтишимиз мумкинки Токио 2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортнинг дзюдо тури бўйича туманимиздан 3 нафар спортчиларимиз иштирок этиб, Қуранбоев Учқун (олтин медал), Шерифбоева Нафиса (бронза медал) ва Хажиева Фарангиз муносиб қатнашиб, Давлатимиз байроғини кўтаргани, қолаверса Президентимиз томонидан автомобил ва пул мукофотлари билан тақдирланиши спортчиларимиз шижоатига ғайрат қўшди ва спортчиларимиз туманимизнинг чекка маҳаллаларида ва умтаълим мактабларида Республикамиз байроқларини баланд кўтариб маҳаллалар ёшлари билан ўтказилган мастер-класслар ва учрашувларда бутун бир боғотлик ёшлар уларнинг ортидан эргашишга, улар ҳам спортга бўлган шижоати ортиб тумандаги барча спорт иншоатларда ёш хаваскор спортчиларнинг сони ошгани сезиларли даражада деб бемалол айта оламан.
Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Кун тартибидаги масалани атрофлича муҳокама қилиб халқ депутатлари туман Кенгаши
Қ А Р О Р Қ И Л А Д И:
1. Боғот тумани ҳокими Ш.Яхшибаевнинг туман Кенгаши депутатлари ҳамда фаолларига туманда 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2022 йилги режалар тўғрисидаги мурожаати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туман секторлари раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари ва тегишли туман ташкилотлари билан биргаликда:
- мурожаатда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширилиши бўйича кенг қамровли ташкилотчилик ишларини олиб бориш;
- туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш;
- аҳолини камбағалликдан чиқариш тадбирларини, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлаш;
- камбағал ва эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини ишга жойлаштириш орқали уларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш топширилсин;
3. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларига ўзлари сайланган округлар ҳудудида мурожаатда белгиланган устувор вазифалар ижросининг таъминланишини депутатлик назоратига олиш топширилсин.
4. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари (М.Абдуллаева)га туман ҳокимининг туманда 2021 йилда қилинган ишлар ва 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар бўйича туман Кенгаши депутатлари ва туман фаолларига мурожаатини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш вазифаси топширилсин.
5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари (С.Қурбонов) ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари раислари зиммасига юклатилсин.
| Сессия раиси | М.Қурёзов |
Хатолик ёки ишламаётган хавола топлидими?
Сайтда хатоликларга дуч келсангиз Ctrl + Enter
тугмаларини босган ҳолда бизга хабар жўнатишинингиз мумкин.
shareБошқаларни хам хабардор қилинг















Изоҳлар (0)
Изоҳ қолдириш