Хоразм вилоятида 2738 та спорт тўгараклари ташкил қилингани ва уларда 90 661 нафар ўқувчилар қатнашаётгани маълум қилинди.
date_range10.12.2021, 23:36
Вилоятда аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар бўйича вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Б.Саидовнинг ахбороти ҳақида
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши қайд қиладики, вилоятда аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш жараёнида юзага келаётган муаммолари бўйича муайян ишлар амалга оширилган.Вилоятда ёшларни спортга жалб қилишда жами 3 762 та спорт иншооти мавжуд бўлиб, шундан: 2 504 таси қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Хусусан:- 2 647 таси умумтаълим мактабларида, 157 таси болалар-ўсмирлар спорт мактабларида, 37 таси академик лицейларда, 470 таси касб-ҳунар коллежларида, 26 таси олий таълим муассасаларида ҳамда 425 таси бошқа корхона ва ташкилотларнинг спорт иншоотлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши – Ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш – доирасида аҳолининг барча қатламини, хусусан уюшмаган ёшлар қатламини оммавий спортга кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Уюшмаган ёшлар қатламини оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида умумий ўрта таълим мактабларининг спорт майдончалари, спорт залларида маҳаллаларнинг уюшмаган ёшларини ҳар куни соат 16.00 дан 23.00 га қадар бепул шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратилган.
Вилоятдаги умумтаълим муассасасида 2 738 та спорт тўгараклари ташкил қилинган бўлиб, ушбу тўгаракларга 90 661 нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилган.
Вилоятда 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида 7 830 та жисмоний тарбия ва оммавий спорт тадбирлари ташкил қилиниб, тадбирларга 459 464 нафар аҳолининг турли қатлами қамраб олинган. Ушбу кўрсаткич умумий аҳоли сонининг 24 фоизини ташкил қилади. Шундан ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш кўрсаткичи 19 фоизни ташкил қилади.
Бундан ташқари, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларнинг олдини олишга, шунингдек, аҳолининг кенг қатламини жисмоний тарбия ва спортга жалб этишга қаратилган “Ҳоким кубоги”, “Ёшлар марафони”, “Спортни сев, спорт билан яша!” “Маҳаллада футбол” каби спорт мусобақалари ўтказилган.
Октябрь – ноябрь ойларида вилоят бўйлаб “Баркамол авлод – 2021” спорт мусобақаларининг туман-шаҳар ҳамда вилоят босқичлари юқори савияда ўтказилди. Унда спортнинг футбол, волейбол, гандбол каби турлари бўйича 800 нафарга яқин ўқувчи-ёшлар жалб этилган.
Вилоятдаги 526 та маҳалла ҳудудида юриш, югуриш, велосипедда ҳаракатланиш йўлаклари, мини футбол, “Workout” майдонларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 386 та “Workout”, 82 та бадминтон, 30 та стритбол, 284 та сунъий қопламали мини-футбол майдончалари ҳамда 58,2 км саломатлик ва велосипед йўлаклари қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Жорий йил давомида Жаҳон, Осиё ва Республика ҳамда турли нуфузли халқаро мусобақаларда вилоятимиз спортчилари томонидан жами 1 232 та медал қўлга киритилган.
Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисида”ги Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши
Қарор қилади:
1. Вилоятда аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар бўйича вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Б.Саидовнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари (Б.Саидов):
- “Саломатлик учун 5000 қадам” каби акцияларни мунтазам ташкил этиш ва уларда ҳудудлар ҳамда ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокини таъминлаш;
- ташкилот ва идораларнинг раҳбар ва барча ходимлари иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши ташкил қилиш;
- ҳар шанба соат 14:00 дан кейин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, ғолиб ва совриндорларни муносиб рағбатлантиришни йўлга қўйиш;
- ушбу қарорнинг ижроси юзасидан 2022 йилнинг 1 январига қадар халқ депутатлари вилоят Кенгашига ахборот берсин.
3. Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (Б.Қурбанов):
- ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни белгиланган муддатларда ташкил қилмаган раҳбарларга тегишли чоралар кўриш ва тўлиқ ташкил қилиш;
- инвестиция дастурларига киритилган спорт иншоотларидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарган мутасаддиларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ҳамда инвестиция дастурларига киритилган объектларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини доимий назорат қилиш;
- спорт комплекслари мавжуд бўлмаган туманларда замонавий спорт комплексларини бунёд этиш ва бир неча йиллардан буён инвестиция дастурларига киритилмаётган ҳудудлардаги спорт иншоотларини мазкур дастурларга киритиш чораларини кўрсин.
4. Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига:
- ҳудудларда инвестиция дастурларига киритилган спорт иншоотларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;
- туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида тегишли мутасадди раҳбарларнинг аҳолини, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар бўйича ахборотларини ҳар чоракда эшитиш;
- жойларда спорт иншоотларини таъмирлаш, спорт объектларини керакли жиҳозлар билан таъминлаш ва спорт мусобақаларини ташкил этиш учун маҳаллий бюджетдан маблағ йўналтириш масаласини доимий назоратга олиш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш доимий комиссияси раиси Р.Шержанов зиммасига юклансин.
| Кенгаш раиси | Ф.Эрманов |
Хатолик ёки ишламаётган хавола топлидими?
Сайтда хатоликларга дуч келсангиз Ctrl + Enter
тугмаларини босган ҳолда бизга хабар жўнатишинингиз мумкин.
shareБошқаларни хам хабардор қилинг















Изоҳлар (0)
Изоҳ қолдириш