image

Хоразмда велоспортнинг мотокросс фа фристайл турлари бўйича велодромлар қурилади.

date_range18.10.2021, 14:27

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 сентябрда “Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5251-сонли қарорининг ижроси ҳақида.



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 сентябрда “Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5251-сонли қарорининг ижроси юзасидан, вилоятда аҳоли ўртасида велоспорт турларининг оммавийлигини ошириш, улар бўйича миллий терма жамоаларимизнинг Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатлари ҳамда бошқа йирик мусобақаларда муносиб этиши ва юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида

Қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 сентябрдаги “Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5251-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

2. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 апрель куни қабул қилинган махсус резолюциясига мувофиқ 3 июнь Бутунжаҳон велосипед куни этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Вилоятда велоспорт турларини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага, вилоятда велоспорт турларини 2021 – 2022 йилларда ривожлантириш дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси (Н.Джуманиязова), вилоят ички ишлар бошқармаси (Д.Назармухамедов), вилоят велоспорт федерацияси (А.Джуманов), вилоят молия бош бошқармаси (М.Искандаров) ҳар йили 1 майга қадар веломарафонларни ташкил қилиш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқсин. Бунда:
веломарафонларни ўтказишнинг аниқ жойлари ва маршрутларини белгилаш;
веломарафонларни ўтказиш жойларида велосипедларни ижарага олиш (байкшеринг) имкониятларини яратиш;
веломарафонлар ўтказишнинг жойлари маршрутлари бўйлаб йўл хавфсизлигини таъминлаш;
фуқаролар, шу жумладан, транспорт воситалари ҳайдовчиларини веломарафонлар ўтказиш жойлари ва маршрутлари тўғрисида олдиндан хабардор қилиш, транспорт тирбандликларининг олдини олиш;
веломарафонлар ғолиблари ва совриндорларини қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш;
веломарафонларда муваффақиятли қатнашган иштирокчиларни профессионал велоспортга жалб қилиш, уларни спорт-таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш чораларини кўрсин.

5. Вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси (Н.Джуманиязова) 2022 йил 1 январдан бошлаб, вилоят, туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига велоспорт турлари бўйича мусобақалар ва турнирларнинг киритилишини таъминласин ҳамда уларни юқори даражада ўтказиш чораларини кўрсин;
аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва велоспортни оммалаштириш мақсадида туман (шаҳар) ва вилоят миқёсида ҳаваскорлар ўртасида велопойгаларни мунтазам ташкил қилсин.

6. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (К.Игамбергенов) вилоят молия бош бошқармаси (М.Искандаров) билан биргаликда маҳаллий бюджет даромадларининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан вилоят велоспорт федерацияси учун ҳар йили 40 дона велосипед ажратсин, шунингдек, велосипедчиларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2 та “Дамас” русумли автотранспорт воситаси билан таъминлаш чораларини кўрсин;
вилоят велоспорт федерациясининг тўлақонли фаолият юритиши учун зарур чораларни кўрсин, шу жумладан уларнинг молиявий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашсин.

7. Вилоят ҳокимлиги (О.Адамбаев), Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳудудий бошқармаси (Д.Бекчанова), Хоразм вилояти телерадиокомпанияси (Ў.Матқурбонов), “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти (С.Раҳимберганова)га мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.

8. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи К.Игамбергенов ва вилоят ҳокими ўринбосари Б.Саидов зиммасига юклансин.

Вилоят ҳокими Ф.Эрманов