image

ТУРКЛАР ХОРАЗМГА ҚАЧОН КЎЧИБ КЕЛГАН?

date_range04.11.2022, 01:23
Хоразм Ўрта Осиё ҳудудидаги энг қадимги шаҳарлардан бири бўлиб, аҳолиси ўтроқ ва кўчманчи қабилалардан ташкил топган. Қадимда Хоразм ҳудудига фақатгина ҳозирги Ўзбекистондаги Хоразм ҳудуди эмас, балки Туркманистоннинг шимоли ғарби (Тошҳовуз вилояти) ва ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудлари ҳам кирган. У ҳақидаги илк маълумотлар "Авесто", Доро I нинг Беҳистун тош битиклари, қадимги юнон муаллифларида, араб географлари асарларида учрайди. "Авесто"нинг "Яшт" қисмида Хоразм "Минг ирмоқли ўлка" ва "Кўллар ва ўтлоқларга бой ўлка" сифатида таъриф берилади.

Биз ҳозир қуйида турклар Хоразмга қачон келгани ҳақида маълумот берамиз.

Абу Райҳон Беруний "Осор ул боқия" асарида шундай ёзади: "Улар Хоразмга одамлар жойлаша бошлаганидан тарих олар эдилар. бу Искандардан юз саксон йил илгари бўлган эди. Ундан кейин Сиёвуш ибн Кайковуснинг Хоразмга келишидан, Кайхусрав ва унинг наслининг Хоразмда подшоҳлик қилишларидан тарих олдилар. Шу вақтда Кайхусрав Хоразмга кўчиб, турк подшоҳлари устидан ҳукмронлигини юргизган эди. Бу воқеа Хоразмга одам жойлашишидан тўқсон икки йил кейин бўлди".

Милоддан аввалги 175 йилда Хоразм қанғарлар таркибига киради. Милоддан аввалги 1-асрнинг охирида Хоразм Қанғнинг бир қисми сифатида Ғарбий Хунларнинг кучли иттифоқчиси сифатида ҳаракат қилади. Айрим тадқиқотчилар қанғар тилини туркий тилли жамоалар билан боғлайдилар. Шундай қилиб, Малявкин Қанғ давлатини ўтроқ деҳқончилик ҳудудлари аҳолисини ўз назоратига олган кўчманчилар, кўринишидан туркийзабонлар томонидан яратилган деб ҳисоблаган. Аслида бу даврда хунлар кучайиб, Қанғ, Довон ва Хоразмни босиб олган.

Хитой манбаларида ёзилишича (Сима Сян "Ши Жи") милоддан аввалги 176 йилда хунлар Шарқий Туркистондаги ўғузлар (қадимги хитой манбаларида Дай рузие) давлатини қулатиши натижасида ўғузлар ғарбга, яъни Сирдарё ва Орол бўйларига кўчиб кетади. Юнон тарихчиси Страбон (мил. авв. I аср) ҳам Хоразм ҳудудида "аугас ёки аттас" номли қабила борлиги ҳақида маълумот бериб ўтади. Сергей Павлович Толстов бу қабилалар ҳақида изланиш олиб бориб, булар ўғузлар деган фикрга келади. Турк хоқонлиги заифлашгач, Хоразм ҳудудини ўз ичига олган Хазар хоқонлиги ва Ўғуз ябғу давлатлари ташкил топади. Масъудий (Х аср)нинг ёзишича Хазар давлатининг қўшини хоразмлик турклардан ташкил топган.

  Х асрда яшаган араб сайёҳи ал- Муқаддасий ўз саёҳатномасида Хоразм ҳудудида Баратегин номли шаҳар бўлганини қайд этган.

Бартолднинг маълумотича, "араблар ва форслар мустамлакачилик сиёсатини асосан Суғдда ва Тўхористоннинг жанубий қисмида олиб бордилар. Натижада Х асрнинг ўрталарига келиб, янги форс тили аста-секин Суғдда суғд тилини, Тўхористонда эса бохтар тилини сиқиб чиқарди, турк, суғд ва бошқа маҳаллий тиллар эса ислом динининг душманларининг тилига айланди. Ўрта Осиёнинг бошқа вилоятларига, масалан Хоразмга, бу жараёнларнинг таъсири бўлмади. Оқибатда бу ерда кўп асрлар давомида давом этиб келган эроний тилли хоразмликларнинг туркий тилли хоразмликлар билан табиий ва ихтиёрий қоришув жараёни ХI асрга келиб ўз ниҳоясига етди". Туркий тилли хоразмликлар эса ХI асрда кочат деб аталган (Кошғарий). Шунинг учун Хоразмнинг маҳаллий аҳолиси орасида ХII – ХIII асрнинг бошларида ҳозирги даврдагидек эроний тилли қатламлар бўлмаган. Хоразмнинг маҳаллий эроний тилидаги охирги ёзма ёдгорликлар айнан шу даврга мансуб (Толстов, Лившиц). Лекин бу ёзма ёдгорликлар Хоразм турклари томонидан қолдирилган бўлиши ҳам мумкин. Чунки бу даврга қадар Хоразм эроний тили барча хоразмликлар учун асосий тил бўлиб келган, ХII асрнинг иккинчи ярми – ХIII асрнинг бошларига келиб, Хоразм туркий тилининг нуфузи ортиб, у нафақат Хоразмшоҳларга қарашли ерларда, балки ўғузлар ва хоразмликлар забт этган бошқа ерларда ҳам, масалан Мисрда, расмий тилга айланган.

Алибек Баҳромов