image

Туркия Республикасида Жалолиддин Мангубердининг қабри жойлашган ҳудуд топилди.

date_range19.10.2021, 15:57
Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Республика Маънавият ва маърифат маркази делегацияси жорий йилнинг 15-18 октябрь кунлари Туркия Республикасида илмий сафарда бўлдилар. 


Делегация вакиллари - Ўзбекистон Республикси Жамоат хавфсизлиги унверситети профессори Жумабой Рахимов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари, “Жалолиддин Мангуберди” фонди раиси Бекзод Абдиримов, Шарқшунослик университети тадқиқотчиси ва журналист Ҳилола Назирова, оператор Саиджон Ҳасановлар сафарнинг илк кунида Дижле университетига ташриф буюрдилар ва симпозюм ташкилотчилари, Дижле университети, Диярбакир вилояти ҳамда Силван ҳокимликлари томонидан муносиб кутиб олинди. Университетда симпозюмнинг очилиш маросими ва бевосита Султон Жалолиддин Мангубердининг тақдирига бағишланган маърузалар учун ажратилган шўъба йиғилишларида иштирок этдилар.  


Очилиш маросимида сўзга чиққан Бекзод Абдиримов делегация вакилларининг асосий мақсадлари, ўзаро илмий ҳамкорлик, Султон Жалолиддин Мангубердининг Шарқ халқлари тақдирида тутган ўрни ҳақида сўзлади. Шундан сўнг сўзга чиққан Диярбакир вилояти валийси Мунир Каралўғлу Султон Жалолиддин Мангубердининг қабри жойлашган ҳудуд ҳақидаги маълумотлар тасдиқланса, бу жойда мақбар бунёд қилиниши ҳақида айтиб ўтди. Шўъба йиғилишида сўзга чиққан Жумабой Рахимов ҳам Султон Жалолиддин Мангубердининг жасорати ва ватанпарварлиги бугунги халқлар учун ибрат мактаби эканлиги, унинг қабри билан боғлиқ тахминлар тўғрисида сўз юритди. 
Симпозюмда Султон Жалолиддин Мангубердининг қабри жойлашган ҳудуд ҳақида ҳам олимлар маъруза қилдилар. Хусусан, Дижле университети Тарих ва адабиёт бўлими раҳбари Октай Бўзан, Хасан Гейикўғлу, Арафат Язлар ўз маърузаларида Республикамиз ишчи гуруҳи вакиллари билан музокарага киришдилар ва симпозюмдан бироз олдин улуғ саркарда, Ислом ҳимоячиси Жалолиддин Мангуберди қабри жойлашга ҳудуд топилганлигини айтиб ўтишди. Дижле университети тадқиқотчилари томонидан Сибт ибн Жавзийнинг “Мираът аз-Замон” асари далил сифатида келтирилиб, қабр жойлашган ҳудуд сифатида Силван шаҳрининг Буржи Малик қалъаси атрофи эканлиги таъкидланди.  


Илмий сафарнинг иккинчи куни ишчи гуруҳ аъзолари туркиялик олимлар билан бирга Жалолиддин Мангубердининг қабри жойлашган ҳудудга етиб бордилар. Бу жойда маҳаллий тадқиқотчилар ва аҳоли билан суҳбатлар ташкил қилиниб, тасвирга олиш ишлари олиб борилди. 


Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари, “Жалолиддин Мангуберди” фонди раиси Бекзод Абдиримов: “Мана ҳозир ишчи гуруҳнинг Туркиядаги иккинчи кунида Силван ва Диярбакир ҳокимлари, Дижле университети ректори ва Тарих ва адабиёт бўлими раҳбари, доцент Октай Бозан ҳамда Арафат Яздайларнинг аниқ далилларга суянган ҳолда айтишига кўра Жалолиддин Мангуберди дафн қилинган жой дея кўрсатилган манзилга етиб келдик. Бу ерда Силван – Маяфариқин шаҳри қалъаси қолдиқларини кўрмоқдамиз. Манбаларда Жалолиддиннинг мана шу деворлар ортига дафн қилингани айтилмоқда. 1970 йилга қадар бу деворлар ёнида ҳеч қандай иншоот бўлмаган. Энг қизиқарли жиҳати шундаки, мана шу қалъа яқинида Фаридун жомъе масжидининг тиклангани ўзига хос рамзий маънога эга. Бу жойда журналист Ҳилола Назирова билан репортажлар тайёрламоқдамиз. Устозимиз Жумабой Рахимов эса бугунги топилмаларимиздан ниҳоятда ҳаяжонланмоқдалар. Улар тўлқинланиб, фахрланиб, ҳаяжон билан таасуротларини айтмоқдалар. Бизнингча Жалолиддин Мангуберди қабри хусусидаги 25 йиллик тахминлар поёнига етиб, мана шу жой унинг сўнги манзили сифатида белгиланмоқда”, дея ўз фикларини билдирди. Сафарнинг учинчи куни эса ишчи гуруҳ аъзолари Туркияда мавжуд бўлган ва Хоразм номи билан боғлиқ қишлоқлардан бирига ташриф буюрдилар. Қишлоқда маҳаллий аҳоли билан суҳбатлар ташкил қилинди.