image

"Хоразм ва Хоразмликлар" китоблари нашр этилди.

date_range04.04.2022, 13:20
Хоразм Маъмун академияси таянч докторанти  Умиджон  Бекимметов (Умид  Бекмуҳаммад)нинг  2-жилдлик  янги  китоблари  Бухоро шаҳридаги “Дурдона” нашриётида  чоп  қилинди.
“Хоразм ва Хоразмликлар” туркумидаги биринчи китобда  Хоразм топоними, унинг келиб чиқиши билан боғлиқ  олимларнинг фикр мулоҳазалари, тахминлари ва халқ орасида тарқалган афсона ва ривоятлар,  илмий фактлар асосида таҳлил қилинган.Шунингдек, Хоразмнинг табиий географик жойлашуви, қадимий ўлка тарихининг турли даврларидаги воқеалар, жараёнлар ёритиб берилган.Бундан ташқари   Беруний, Шайх Баҳлулбек, Қозикалон Салимохун, Бобоохун Салимов, Раҳмат Мажидий, Назирқул Ҳасанов, Комилжон Отаниёзов, Пошшажон Маҳмудова, Мадиёр Солаев сингари  Хоразм тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти янги маълумотлар асосида тадқиқ қилинган.Шу каби Хоразмда яшаган меннонит немисларининг  воҳа тараққиётига қўшган  катта  ҳиссаси, воҳа тарихини теран тадқиқ  қилган  В.Бартольд, З.Бунёдовларнинг  ҳаёти, илмий мероси ҳам ушбу биринчи китобда қамраб олинган.
Иккинчи китобда вилоятдаги мавжуд  туманлар топонимикаси, уларнинг келиб чиқиши, шунингдек Хива шаҳридаги миноралар, уларнинг қурилиши билан боғлиқ жараёнлар  таҳлил этилган.Шунингдек,  Европада ўқиган биринчи ирригатор Муҳаммад Аминаддинов,биринчи киноператор Худойберган Девонов, Германияда ўқиган Марям Султонмуродова,  Хива хонлиги архив ҳужжатларини  ўрганган А.Л.Кун, П.Иванов, М.Йўлдошевлар, шарқшунос  А.Самойлович,  Урганчда туғилиб ўсган машҳур поляк хонандаси Анна Герман, 1934-1937 йилларда Хоразмга раҳбарлик қилган Нормат Исроиловлар   ҳаёти ва фаолияти ҳам янги архив маълумотлари ва бошқа манбалар асосида тадқиқ қилинган.Ҳар иккала китоб нафақат олий ўқув юртларининг бакалавр, магистрлари, тадқиқотчилар, балки кенг омма  учун ҳам мўлжалланган.