image

Хоразм санъати муаммоси: Хонандалар меҳнати, ДЖ’лар даромади – мувозанат қаерда?

date_range04.07.2025, 13:18
Хоразм санъат оламида сўнгги йилларда кузатилаётган муҳим, аммо зиддиятли ҳолатлардан бири – бу хонандалар ва ДЖ’лар ўртасидаги норозиликдир. Кўплаб хонандалар, айниқса ёш ижодкорлар, ўзларининг катта меҳнат ва маблағ эвазига ёзган қўшиқлари тўйларда, тадбирларда ДЖ’лар томонидан рухсатсиз, ҳаттоки компенсациясиз ижро этилаётганидан норози. ДЖ’лар эса бу ҳолатни “хизмат кўрсатиш” дея изоҳламоқда. Бу зиддият эса санъат соҳаси ривожи учун жиддий тўсиқларга сабаб бўлмоқда.

Санъаткорларнинг ноласи: “Меҳнатимиз қадрсиз бўлди”

Хоразмлик кўплаб ижодкорлар шундай дейди:

“Биз студияга кирамиз, қўшиқ ёздирамиз, клип оламиз, маркетингга пул сарфлаймиз. Лекин охирида бир ДЖ келиб, шунчаки флашкага солиб, ҳамма жойда айлантириб, пул ишлаб кетади. Бизга эса на даромад, на эътибор…”

Санъаткорларнинг фикрича, бу ҳолат нафақат адолатсизлик, балки муаллифлик ҳуқуқларининг очиқ-ойдин бузилишидир. Хусусан, хонандалар ўз асарларининг тижорий мақсадда фойдаланилаётганидан ҳабарсиз қолмоқдалар.

Қонуний жиҳатлар: Кимнинг ҳақи бор?

Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига мувофиқ:
 • Хонанда (ёки қўшиқ муаллифи) ўз асарининг ҳар қандай тижорий мақсадда ишлатилиши учун розилик бериши ва муаллифлик ҳақи олиши керак.
 • Асар (қўшиқ) оммавий ижро этилса, масалан, тўйларда ёки ресторанларда, бу оммавий фойдаланиш ҳисобланади ва қонунда бу учун ҳақ тўланиши кераклиги белгиланган.
 • ДЖ, агар қўшиқдан тижорий мақсадда фойдаланса (тўйда пул ишласа), унда у муаллифлик ҳуқуқини эътиборсиз қолдирган бўлади.

Бу ҳолатда давлат рўйхатидан ўтган муаллифлик ташкилотлари (масалан, Ўзбекконсерт ёки ЎзР Муаллифлик агентлиги) санъаткор ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак.

Ҳуқуқшунос фикри: “Қўшиқ ижроси ҳам иқтисодий фаолият – бу ерда ҳуқуқий асос зарур”

Бу борада юридик масалалар билан шуғулланувчи адвокат ва муаллифлик ҳуқуқи бўйича мутахассис қуйидагиларни таъкидлайди:

“Ўзбекистон Республикасининг Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаъги қонунига кўра, ҳар қандай асар, жумладан, мусиқа асари ҳам муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган. Агар ДЖ бирор бир хонанданинг қўшиғини тўйда, ресторанда ёки бошқа оммавий тадбирда фойдаланса, бу фойдаланиш тижорий мақсадда бўлганлиги сабабли, ижрочининг розилиги ва шартнома асосида амалга оширилиши лозим.”

Ҳуқуқшуносга кўра, бугунги кунда бу соҳада катта бўшлиқ мавжуд. Кўплаб ДЖ’лар ва тадбир ташкилотчилари муаллифлик қонунчилигини билмасликлари ёки унга амал қилмасликлари оқибатида хонандалар ўз ҳақларини йўқотишмоқда.

“Энг муҳими – хонандалар ва бастакорлар ўз қўшиқларини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириб қўйишлари керак. Шунда агар асар рухсациз ишлатилса, улар қонуний асосда компенсация талаб қилишлари мумкин”, – дейди мутахасис.

Шунингдек, у қўшади:
“ДЖ’лар ҳам ўз фаолиятини қонунийлаштириши керак. Европа ва АҚШ тажрибасида ҳар бир ижро этилган қўшиқ асосида муаллифга автоматик тарзда ҳақ тўланадиган тизимлар мавжуд. Бундай механизм бизда ҳам босқичма-босқич жорий этилиши зарур.”

Чора-тадбирлар ва ечимлар
 1. Муаллифлик ҳуқуқларини расмийлаштириш – Хонандалар ўз асарларини муаллифлик агентликларида рўйхатдан ўтказиши, шартномалар орқали муҳофаза қилишлари зарур.
 2. ДЖ’лар учун лицензия тизимини жорий этиш – ДЖ’лар фойдаланадиган ҳар бир асар бўйича ҳисоб-китоб юритилиши, лицензия асосида ишлаши таклиф қилинмоқда.
 3. Мониторинг ва назорат – Муаллифлик агентликлари томонидан жойлардаги тўйлар, тадбирлар мониторинг қилиниб, ижро этилган қўшиқлар асосида ҳақ ундириш тизими ишлаб чиқилиши мумкин.

Хулоса: Ҳамкорлик йўли билан ҳал қилиш мумкин

Хонандалар ва ДЖ’лар ўртасидаги бу муаммо икки томонлама ҳурмат, шартномавий асосда ишлаш, қонунчиликка риоя қилиш орқали ҳал этилиши мумкин. Чунки санъат – бу жамият бойлиги. Унга бўлган ҳурмат ҳар бир иштирокчининг қонуний ҳақларини тан олиш билан бошланади.