image

Урганч Анна Германни унутяпти(ми?)

date_range21.04.2023, 23:31
Анна Германнинг урганчлик эканини таржимаи ҳолидан, у ҳақдаги фильмлардан билиш мумкин, холос. Афсуски, бугун Анна туғилган шаҳарда уни эслатувчи ҳеч нарса топа олмайсиз
Анна Герман номи бутун дунёга маълум ва машҳур. ХХ асрнинг энг буюк санъаткорларидан бири саналган бу аёл 1936 йилнинг 14 февралида Урганчда  таваллуд топган.Манбаларга кўра, 1934 йилда кўплаб поляк ва немислар Украина, хусусан, Чебриковдан Ўрта Осиёга кўчирилади. Улар орасида Анна Германнинг онаси Ирманинг ҳам оиласи бор эди. Ирма Фарғона водийсидаги мактабда фаолият кўрсата бошлайди. Шу ерда Чимёндаги нефть заводида ишлаётган Евгений Герман билан турмуш қуради. «Евгенийнинг асли келиб чиқиши Польшанинг Лодзь шаҳридан бўлиб, бу вақтда у Чимёндаги заводнинг мусиқа ансамблида дирижёрлик қиларди. Немис, голланд, рус тилларини мукаммал биладиган Евгений баланд бўйли, мовий кўзли бўлиб, кўплаб китобларга эга кутубхона ташкил қилган, гитара, скрипка чалар, шеър ва қўшиқларни ҳам қойилмақом қилиб ижро этарди. Евгений ҳурфикрли шахс сифатида шўроларнинг зулмкорлигига қарши фикрда эди. Шу туфайли ҳам уни таъқиб қилишгани учун Донбассдан қочиб, ўша вақтда чеккароқ туюлган Фарғонага келиб қолганди» деб ёзади тарихчи олим Умид Бекмуҳаммад. Фарғонада Евгенийни чекистлар суриштира бошлагач, Ирма ва Евгений Урганчга кўчишади.
Ёш оила бежиз Хоразмга кўчмаган. Бу пайтда Ирманинг укаси Вильмар Урганчда зоотехник бўлиб ишлаётганди. Эр-хотиннинг ижарадаги уйлари ўша вақтда Урганчнинг Кўнақаъла деб аталган деҳқон бозори ёнида, Қирғизёп бўйига қараган алоқа биноси теграсида бўлган. Анна Герман шу ерда таваллуд топган. Анна икки яшарлигида бетоб бўлиб қолгач, оиласи уни даволатиш учун Тошкентга кўчади.
Кекса авлод вакиллари Анна Герман номини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олишади. Улар орасида у билан учрашиш бахтига мушарраф бўлган Ошиқ Эркин, Комил Нуржонов ва бошқаларнинг ҳикоялари эл орасида айланиб юради. Анна Герман ўзи дунёга келган диёр инсонларини ҳар доим очиқ чеҳра билан кутиб олган. Концертларида бирон-бир ўзбек унга гул берса, «Бу инсон мен туғилиб ўсган Ўзбекистондан» дея эътироф қилган.
Афсуски, автоҳалокат туфайли Анна Герман ҳаётни эрта тарк этган. Узоқ умр кўрганида ўз киндик қони тўкилган диёрни зиёрат қилармиди балки? Зеро, Анна Герман ҳаёти ва ижодини тадқиқ қилган инсонлар фикрига кўра, машҳур хонанданинг энг катта армони туғилган юрти Урганчга умуман боролмагани, концерт қўя олмагани бўлган.
Анна Герман қисқа ҳаёт кўрган бўлса-да, ноёб истеъдоди билан ўз номини тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзишга муваффақ бўлди. Хонанда ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз кетганда, Урганчда таваллуд топгани албатта қайд этилади. Бироқ Урганч бугун ўз қизини унутаётгандек. Анна Германнинг урганчлик эканини таржимаи ҳолидан, у ҳақдаги фильмлардан билиш мумкин, холос. Шаҳарда эса Аннани эслатувчи ҳеч нарса топа олмайсиз.
Бундан ўн йиллар аввал Урганчнинг марказий кўчаси Анна Герман номи билан аталарди. Етти-саккиз йил аввал эса шу кўчанинг айнан Анна Герман таваллуд топган ҳудудида унинг номи билан аталувчи бино бунёд этилди. Бино кафе, ­хостел сифатида фаолият кўрсатади. Бинонинг иккинчи қавати деворларини Анна Герман ҳаёти ва ижоди акс этган расмлар безаган бўлиб, унинг ижроси-даги қўшиқлар янграб, кафега ташриф буюрганлар қалбига ҳузур бахш этарди.
Бироқ сўнгги йилларда нимагадир бинодан Анна Герман номи олиб ташланди. Бино ичидаги Анна Герман расмлари энди йўқ. Унинг қўшиқлари ҳам деярли янграмаяпти. Биз бунинг сабабла-рини билиш мақсадида бинога бир неча бор бориб, таъсисчи тадбиркор билан суҳбатлашишга уриндик. Аммо таъсисчини топа олмадик. Ходимларнинг фикрича, Анна Герман номи бинодан нега олиб ташлангани номаълум. Устига устак, менюлардаги Анна Герман номи ҳам қирқиб олинган. «Билмасак… «Анна Герман ошпаз бўлмаган, ош пиширмаган, кабоб пиширмаган, кафега ҳам шу инсоннинг номини қўясизларми» қабилидаги эътирозлар кўп бўлди, балки шунинг учун номи олиб ташлангандир» дейишди ходимлар. Деворлардаги суратлар нега ҳозирда йўқлиги ҳақидаги саволи-миз ҳам жавобсиз қолди.
Анна Герман буюк шахс. Унинг номи кичкина кафе ёки ресторанга балки, чиндан-да мос эмас-дир. Аммо у туғилиб ўсган Урганчга файз киритиши аниқ. Урганчда Анна Германни ёдга солиб турувчи музейга, кўчага, бюстга эҳтиёж бор. Зеро, Анна Германнинг Урганчда туғилгани фақат унинг шахси билангина эмас, балки ўша даврда Ўзбекистонда, Хоразмда яшаган поляклар, немислар, меннионитлар тақдири билан ҳам боғлиқ. Анна Герман нафақат буюк хонанда, балки ўзбек-поляк дўстлиги тимсоли ҳамдир. Анна Герман ва унинг оиласи ушбу шаҳар тарихининг бир қисмидир. Шундай экан, ушбу шаҳарнинг ўз фарзандини унутишга ҳақи йўқ. Урганчликлар Анна Германни севади ва у билан фахрланади. Фақат бу фахр туйғуси қалблардагина қолиб кетмаслиги керак.
Маданият ва туризм вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги санъат ихлосмандларининг Анна Германга бўлган ҳурмати ва меҳрини амалда ифодалаш учун имкон топади, деган умиддамиз.

Муҳаббат Тўрабоева,
ishonch.uz