Ҳазорасп туманидаги “Истиқлол” спорт майдони тақдири: спортдан савдо марказигача
date_range25.05.2025, 21:02
Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида жойлашган “Истиқлол” спорт майдони бугунги кунда эътиборли муаммолардан бирига айланган. Йиллар давомида юзлаб ёш спортчиларни тарбиялаган, кўплаб спорт тадбирларига мезбонлик қилган ушбу майдон бугун ташландиқ ҳолга келиб қолган. Энг ачинарлиси, ушбу спорт майдони бузилиб, унинг ўрнида савдо комплекси қурилиши режалаштирилаётганидир.
Тумандаги спорт тадбирлари ҳозирда Спорт вазирлиги тасарруфидаги Ҳазорасп спорт майдонида олиб борилмоқда. Аммо бу майдон ҳам барча тадбирлар учун етарлича қулай эмас — у ҳажман кичик, энг асосийси, туман марказидан узоқда жойлашган. Бу эса спорт билан шуғулланувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун қўшимча қийинчиликлар туғдириши мумкин.Туман марказидаги “Истиқлол” спорт майдони эса бугунги кунда деярли буткул фаолиятдан чиққан. Унинг асосий қисмлари — футбол майдони, трибуналар, ёритиш устунлари — қисман ёки тўлиқ бузилган. Айрим қисмлари автомобиллар тўхташ жойига айланган, қолган жойлар эса бозорга айлантирилган. Спорт майдонидаги темир устунлар ҳам олиб ташланган.
Мазкур ҳолат маҳаллий аҳолини, айниқса спортга меҳр қўйган ёшларни чуқур ташвишга солмоқда. “Истиқлол” спорт майдонининг жойлашуви жуда қулай бўлиб, у туман марказида, барча учун енгил етиб бориш мумкин бўлган ҳудудда жойлашган. Шу сабабли, бу ҳудудда савдо комплекси эмас, балки замонавий спорт инфратузилмаси бўлиши лозимлиги кўпчилик фикрига уйғун келади.
Таклиф: “Истиқлол” спорт майдонини қайта тиклаш зарурТуман аҳолисининг фикрича, “Истиқлол” спорт майдонини бутунлай бузиб, ўрнига савдо мажмуаси қуриш ўрнига, уни капитал таъмирлаб, спорт инфратузилмасини замонавий талаблар асосида янгилаб, ёшлар ва спорт ихлосмандлари ихтиёрига топшириш мақсадга мувофиқ бўларди. Бу, нафақат спортни ривожлантириш, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлодни маънавий ва жисмоний жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашга хизмат қилган бўларди.
Туман раҳбариятидан ва тегишли идоралардан ушбу масалага жиддий эътибор қаратилиши, мавжуд спорт инфратузилмаси тикланиб, аҳолининг эҳтиёжларига мос тарзда фойдаланишга топширилиши кутиб қолинади.
Хатолик ёки ишламаётган хавола топлидими?
Сайтда хатоликларга дуч келсангиз Ctrl + Enter
тугмаларини босган ҳолда бизга хабар жўнатишинингиз мумкин.
shareБошқаларни хам хабардор қилинг















Изоҳлар (0)
Изоҳ қолдириш