image

Янгиариқда насос стансияси бошқа каналга кўчирилади

date_range16.10.2026, 02:48
Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан таъминлашни яхшилаш мақсадида насос стансияси бошқа жойга кўчирилади.

Вилоят ҳокимининг 2026-йил 21-сентябрдаги 338-12-0-Ф/26-сон фармойишига кўра, туманнинг “Чиқирчи” ҳудудидаги “Оқмачит” каналида жойлашган “Каттабоғ-3” насос стансияси барча зарур жиҳозлари билан “Таган” ҳудудидан оқиб ўтувчи “Р-8” каналига кўчирилади.

Мазкур ишлар “Чапқирғоқ Амударё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос стансиялари ва энергетика бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Фармойишнинг асосий мақсади — Янгиариқ туманидаги “Таган” ва “Гулшанда” маҳаллалари ҳудудларида қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг сув таъминотини яхшилаш.

Насос стансияси кўчирилганидан кейин насос агрегатларининг электр энергияси харажатлари тегишли бошқарма ҳисобидан қопланади.

Фармойиш ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи У. Машарипов зиммасига юклатилган.

Манба: Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 21-сентябрдаги 338-12-0-Ф/26-сон фармойиши.