Хоразмда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги: иқтисодиёт ўсди, 8,6 миллион сайёҳ келди, янги йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда
date_range22.07.2026, 03:39

Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–410-сон қарори ижроси бўйича 2026 йил биринчи ярим йиллик якунлари ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.
Ҳисоботга кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида вилоятда иқтисодий ўсиш барқарор сақланиб, туризм, инвестиция, қурилиш ва инфратузилма йўналишларида қатор муҳим натижаларга эришилди.
Иқтисодиётда юқори ўсиш қайд этилди
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Хоразм вилоятининг ялпи ҳудудий маҳсулоти 32,5 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 108 фоизга ўсди.
Шунингдек:
- саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 18,6 триллион сўмга етди;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 15,1 триллион сўмни ташкил қилди;
- қурилиш ишлари 7,9 триллион сўмга етди;
- хизматлар соҳаси эса 19,7 триллион сўмлик хизмат кўрсатиб, энг юқори ўсиш суръатларидан бири — 118,3 фоизни қайд этди.
Ҳисобот давомида 71 та лойиҳа доирасида 677 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Шу билан бирга, вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 226 миллион долларлик қисми экспорт қилинди.
Туризмда рекорд кўрсаткич
Энг эътиборли натижалардан бири туризм соҳасида кузатилди.
Йилнинг биринчи ярим йиллигида Хоразм вилоятига жами 8 миллион 600 минг нафар сайёҳ ташриф буюрди. Шундан 1 миллион 770 минг нафари 145 та хорижий давлатдан келган бўлиб, хорижий сайёҳлар оқими ўтган йилга нисбатан 1,8 баробарга ошди.
Туризм хизматлари экспорти эса 881 миллион долларга етди.
Туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида:
- 15 та меҳмонхона,
- 10 та оилавий меҳмон уйи,
- 2 та хостел,
- 2 та бошқа жойлаштириш воситаси ишга туширилди.
Шунингдек, “Тошкент — Хива — Тошкент” йўналишида “Жалолиддин Мангуберди” тезюрар поезди ҳаракати йўлга қўйилди.
Урганч – Хива ўртасидаги сафар вақти 17 дақиқага тушади
Ҳозирда қиймати 120 миллион доллар бўлган, узунлиги 35 километрлик илк пуллик автомобиль йўли қурилиши жадал давом этмоқда.
Лойиҳа якунлангач, Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасидаги ҳаракат вақти 1 соатдан 17 дақиқагача қисқаради. Объектни сентябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Янги иш ўринлари ва тадбиркорлик ривожланади
Вилоят иқтисодий ўсишига туртки берадиган 51 та “драйвер” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Уларнинг натижасида:
- 1000 та янги тадбиркорлик субъекти иш бошлайди;
- 222 та корхона фаолияти кенгаяди;
- 3500 та янги иш ўрни яратилади.
Маҳаллалар ва йўллар учун юзлаб миллиард сўм ажратилди
“Янги Ўзбекистон” дастури доирасида Шовот ва Янгиариқ туманлари ҳамда 22 та маҳалла учун 240 миллиард сўм, шунингдек, Боғот, Гурлан ва Қўшкўпир туманлари ҳамда 115 та маҳалла учун 525 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Бу маблағлар ҳисобига:
- юзлаб километр автомобиль йўллари таъмирланади;
- кўприклар реконструкция қилинади;
- ичимлик суви ва электр тармоқлари янгиланади;
- минглаб замонавий кўча ёритиш чироқлари ўрнатилади.
2026 йилда вилоят бўйича 7300 хонадонли 180 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган.
Ҳозирга қадар 1900 хонадонли 47 та уй фойдаланишга топширилди.
Таълим ва тиббиёт соҳасида янги лойиҳалар
15 августга қадар:
- 23 та мактаб,
- 6 та мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида эса умумий қиймати 4 миллион долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида диагностика марказлари ва кўп тармоқли тиббиёт муассасалари ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Йил якунига қадар асосий мақсадлар
Вилоят раҳбарияти йил якунига қадар:
- сайёҳлар сонини 13 миллион нафарга етказиш;
- туризм хизматлари экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга олиб чиқиш;
- Урганч–Хива пуллик автомобиль йўлини фойдаланишга топшириш;
- янги иш ўринлари ва йирик инвестиция лойиҳаларини тўлиқ амалга ошириш каби устувор вазифаларни белгилади.
Хатолик ёки ишламаётган хавола топлидими?
Сайтда хатоликларга дуч келсангиз Ctrl + Enter
тугмаларини босган ҳолда бизга хабар жўнатишинингиз мумкин.
shareБошқаларни хам хабардор қилинг













Изоҳлар (0)
Изоҳ қолдириш