image

Янгибозор тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази собиқ директори 5 йилга қамалди.

date_range07.01.2022, 11:38
Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судида 1973 йилда Урганч туманида туғилган, маълумоти олий, муқаддам судланмаган, оилали, 3 нафар фарзанднинг отаси М.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши кўриб чиқилди.
Муқаддам Янгибозор тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори лавозимида ишлаб келган М.Ж. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 7-2020/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига субсидия ажратиш ваколати берилганидан фойдаланиб, 2021 йил 19 февраль куни 67 нафар кооператив аъзосига субсидия ажратиб берилишини сўраб марказга мурожаат қилган “RO`ZMAT BOZOR BOBO” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Э.Р.ни пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириб, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 122 млн. 496 минг 100 сўмлик субсидия ажратилиши эвазига ундан 1000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган.
Кооператив раҳбари Э.Р. бунча пули йўқлигини билдирган. Шундан сўнг, субсидия ажратилгач М.Ж. Э.Р.дан мазкур пуллардан банк орқали 10 млн. сўмни нақдлаштириб олиб келиш талабини қўяди. 2021 йил 15 июнь куни соат тахминан 11:30ларда ўзининг хизмат хонасида Э.Р.дан 10 млн. сўм пул маблағини пора тариқасида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди иш ҳужжати билан танишиб, тарафлар фикрини ва гувоҳлар кўрсатмасини эшитиб ҳукм қилди. Унга кўра, М.Ж. ЖКнинг 210-моддаси(пора олиш) 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ҳамда ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил муддатга давлат ва давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
 
Шерзод Хўжаниёзов,
Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди раиси