image

“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ собиқ бош директори 8 йилга қамалди.

date_range30.12.2021, 16:42

Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бош директори лавозимида ишлаган Б.М. ва жамиятнинг давлат ва шартномавий хизматларни кўрсатиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган К.Б.ларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар судининг 2021 йил 9 июлдаги ҳукми юзасидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилди.

Б.М. 1969 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида туғилган, миллати қорақалпоқ, маълумоти олий, муқаддам судланмаган, оилали, 4 нафар фарзанднинг отаси. К.Б. 1991 йил Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, муқаддам судланмаган, оилали, 3 нафар фарзанднинг отаси.

Биринчи инстанция судининг ҳукмига кўра Б.М.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, 3 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

К.Б.га ЖКнинг 28 ва 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Суднинг ҳукмига кўра, судланувчилар Б.М. ва К.Б. олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, Тупроққалъа тумани, “Соримой” посёлкасида янгидан ташкил қилинаётган “B.A.M.” МЧЖга қарашли автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси учун ўрнатиладиган трансформатор пунктини 6-10 квт.лик электр линиясига яқин таянчдан улаб бериш бўйича мурожаат қилганлигидан фойдаланиб, К.Б. тадбиркорнинг ушбу мурожаатини натижаси тўғрисида сўраган З.А.га ишини ижобий ҳал қилиб беришини, бунинг эвазига тадбиркордан 15 000 АҚШ доллари олиб беришини айтган.

К.Б. Хонқа туман ҳудудида З.А.дан “Нексия 3” русумли автомашинаси салонида 15 000 АҚШ долларини М.Б.га пора тариқасида олиб бориб бериш учун олган вақтида ушланиб, пора олиш жиноятини содир қилишда иштирокчилик қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан давом эттирилган тадбир натижасида М.Б. ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда К.Б. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, З.А.дан К.Б. орқали 15 000 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан пора тариқасида олган вақтида ушланган.

Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати иш ҳужжатлари, тарафларнинг кўрсатмаси ва бошқа далиллар билан танишиб чиқиб ажрим қилди.

Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар судининг 2021 йил 9 июлдаги Б.М. ва К.Б.ларга оид ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Тарафларга апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят, протест билдирилиши тушунтирилди.