image

Ўзбекистон Туркиянинг “дўст бўлмаган” 5 давлат қаторида эди

date_range29.03.2022, 14:58
Аммо бугун бу мамлакатлар энг яқин ҳамкорларга айланди
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев президентлик даврида энг кўп учрашган давлат раҳбари ؅бу — Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййиб Эрдоған!
Биринчи бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган давлат ҳам — Туркия. Бироқ кейинги ўтган йиллар мобайнида бу икки қардош мамлакат — Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари “яхши ва ёмон” кунларни бошдан кечирди. 
Икки мамлакат орасидаги алоқалар шунчалар ёмонлашгандики, Туркия парламенти Ўзбекистонни "дўст бўлмаган" 5 давлат қаторига ҳам киритган эди. Аммо 2016 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон — Туркия алоқаларида туб бурилиш содир бўлди. Бу бевосита Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ. 
Айнан мана шу янги даврий йиллар давомида ҳамкорлик алоқалари, расмий ташрифлар, давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқотлар, бошқа мамлакатлар билан солиштирганда биринчи ўринга ва юксак даражага кўтарилди. 
Илиқлик муносабатлари Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййиб Эрдоғаннинг 2016 йил Ўзбекистонга ташрифидан кейин бошланди. Бу Эрдоғаннинг сўнгги 13 йилда биринчи марта Ўзбекистонга келиши эди. (Бош вазирлик вақтида Эрдоған 2003 йилда Ўзбекистонга келган.) 2016 йилдаги ташриф дўстлик алоқаларини йўлга қўйишга катта туртки берди. Буни икки давлат Президентлари саҳифаларида ҳам қайд этилган. 
Шундан сўнг, 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон Презденти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги биринчи ташриф билан Туркияга борди. Давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, глобал ҳамда минтақавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинади, халқаро муаммолар юзасидан фикрлар алмашилган. 
2018 йил апрель ойида иккинчи марта Туркия Президенти Режеп Таййиб Эрдоған Ўзбекистонга расмий давлат ташрифи билан келди. У Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга доир мулоқот ўтказган. 
2020 йил февраль ойида Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева билан Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдоғаннинг таклифига биноан Туркияга давлат ташрифи билан ташриф буюрган. 
Президент Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш учун 2021 йил 11−12 ноябрь кунлари Туркияга ташриф буюрди. Давлат раҳбари ташрифи дастурида фақат саммитда иштирок этиш эмас, балки Истанбул шаҳрида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Кўриб турганингиздек, 6 йил мобайнида 3 марта Президент Шавкат Мирзиёев ташрифи, 2 марта Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга  ташрифи уюштирилган. Бу алоқалар муҳим иқтисодий ҳамкорликдан дарак.
Россия муҳимми ёки Туркия?..
Туркия билан бугунги ташриф ҳам қўшиб ҳисоблаганда жами 6 марта давлат ташрифи амалга оширилган. Россия билан эса 4 маротаба. Ўзбекистон раҳбарининг Россияга давлат ташрифи 3 маротаба ташкил этилган бўлса, Россия Федерацияси Президенти Путин бу вақт оралиғида Ўзбекистонга бир бор давлат ташрифи билан келган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг илк расмий ташрифи Туркманистонга бўлган эди.