image

Хоразмда 9 ойда 195 нафар гўдак вафот этди: тиббиёт тизимидаги муаммолар очиқланди

date_range27.10.2026, 03:36
Хоразм вилоятида 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида 195 та гўдаклар ўлими ҳолати қайд этилган. Шу даврда оналар ўлимининг 4 та ҳолати ҳам кузатилган. Вилоят соғлиқни сақлаш тизимининг фаолияти таҳлил қилинган расмий ҳужжатда бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланган. 

Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2026-йил 23-октябрдаги VII-27-114-12-0-К/26-сонли қарорида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи К. Тангрибердиевнинг 2026-йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи кўриб чиқилган.

Вилоятда 168 та давлат тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда

Ҳужжатга кўра, Хоразм вилояти аҳолисига 168 та давлат тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатмоқда. Улар орасида 14 та ихтисослаштирилган марказ филиали, 10 та вилоят муассасаси, 13 та шаҳар ва туман марказий шифохонаси, 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 82 та оилавий поликлиника ва 37 та оилавий шифокорлик пункти бор.

Вилоятда 537 та нодавлат тиббиёт муассасаси ҳам фаолият юритмоқда. Уларнинг 98 таси кўп тармоқли стационар, 170 таси амбулатор ва 269 таси стоматология йўналишида хизмат кўрсатади.

Давлат стационар тиббиёт муассасаларида 6 548 та, хусусий стационарларда эса 2 098 та ўрин мавжуд.

Шифокорлар сони ва кадрлар масаласи

Вилоят давлат тиббиёт муассасаларида шифокорлар учун ажратилган 6 688 та штат бирлигининг 6 330 таси банд. Тизимда 4 175 нафар шифокор ва 14 852 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда.

Шифокорлар билан таъминланганлик кўрсаткичи ҳар 10 минг аҳолига 27 нафарни ташкил этади. Шифокорларнинг 158 нафари ПҳД, 29 нафари ДСc илмий даражасига эга. Малака тоифасига эга шифокорлар улуши 74 фоизни ташкил қилади.

2026-йилда 28 нафар тиббиёт ходими хориждаги нуфузли тиббиёт муассасаларида малака ошириб қайтган. Натижада вилоят марказларида 15 та, туманларда эса 6 та янги ташхислаш ва даволаш усули жорий этилган.

Ҳисоботда шифокорлар билан таъминланганликни ошириш ва бўш штат бирликларини тўлдириш зарурлиги ҳам қайд этилган.

Юз минглаб аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилган

2026-йил давомида 18–40 ёшдаги қарийб 507 минг нафар аҳоли профилактик тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларнинг 26 018 нафари алоҳида тиббий назоратга олинган.

40 ёшдан катта 398 630 нафар фуқаро юрак-қон томир касалликлари бўйича кардиоскринингдан, 423 458 нафари эса эндокрин касалликлар бўйича текширувлардан ўтказилган.

Текширувлар натижасида 4 564 нафар кишида юрак-қон томир касаллиги, 3 226 нафарида эса қандли диабет илк бор аниқланган.

Шунингдек, 55 ёшдан катта 199 019 нафар фуқаро профилактик кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган 38 102 нафари диспансер назоратига олинган.

Онкологик касалликларни эрта аниқлаш доирасида 68 507 нафар аёл бачадон бўйни саратони, 82 830 нафари кўкрак бези саратони бўйича текширилган. Натижада мос равишда 62 ва 71 нафар аёлда касаллик эрта босқичда аниқланган.

Сил касаллиги бўйича хавф гуруҳидаги 57 095 нафар аҳоли скринингдан ўтказилиб, 88 нафарида касаллик аниқланган.

Бундан ташқари, 18 ёшгача бўлган 483 254 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларнинг 98 610 нафарида турли касалликлар аниқланиб, соғломлаштириш чоралари кўрилган.

Тиббиёт муассасалари учун 57,1 миллиард сўмлик ускуналар етказилган

Вилоятда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Ҳисоботга кўра, 17 та тиббиёт муассасасига жами 57,1 миллиард сўмлик 35 турдаги 544 дона тиббий асбоб-ускуна етказиб берилган.

Шунингдек, тўртта йирик тиббиёт обектида жами 84,9 миллиард сўм ҳисобидан қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Улар:

• Хонқа тумани тиббиёт бирлашмасининг комплекс биноси;
• Қўшкўпир тумани тиббиёт бирлашмаси ҳудудидаги болалар поликлиникаси;
• Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳудудидаги 40 ўринли болалар онкогематология бўлими;
• Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия маркази.

Қарорда ушбу обектлардаги қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш вазифаси қўйилган.

Тиббиёт тизими рақамлаштирилмоқда

Вилоятдаги 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 82 та оилавий поликлиника, 37 та оилавий шифокорлик пункти ҳамда вилоят муассасалари ва республика марказлари филиалларида “Ягона тиббиёт ахборот тизими” — DMED ишга туширилган.

Қарийб 4 минг нафар шифокор ва 15 мингга яқин ўрта тиббиёт ходими тизимда ишлашга ўқитилган.

Бундан ташқари, 385 та хусусий клиникада “Электрон рецепт” модули жорий этилган, 814 та дорихонанинг электрон дастурлари ушбу модулга интеграция қилинган.

Тиббиёт кадрларини тайёрлашга 120 миллион доллар йўналтирилади

Қарорда тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг узлуксиз касбий ривожланиши ва малакасини баҳолаш тизимини такомиллаштириш лойиҳаси консепсияси ҳам кўриб чиқилган.

2026–2031-йилларга мўлжалланган лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион АҚШ долларини ташкил этади. У Жаҳон банки гуруҳи таркибидаги Халқаро тараққиёт ассоциациясининг имтиёзли кредити ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Кредит муддати 30 йил, имтиёзли даври эса 5 йил этиб белгиланган.

Лойиҳа доирасида тиббий таълим тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар ресурсларини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш миллий марказини ташкил этиш ҳамда таълим сифатини назорат қилиш тизимини яхшилаш режалаштирилган.

Жумладан, 5 минг нафар ўқитувчини тайёрлаш, клиник кўникмаларни баҳолаш учун 200 та имтиҳон стансиясини яратиш ва камида 500 минг нафар тиббиёт ходимини ягона ахборот тизимида рўйхатга олиш назарда тутилган.

Масъулларга қандай вазифалар юклатилди?

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича тасдиқланган чора-тадбирларни ўз вақтида бажариш, профилактик кўриклар қамровини ошириш ҳамда тиббий назоратга олинган фуқароларни мунтазам кузатиб бориш вазифалари юклатилган.

Шунингдек, оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш, шифокорлар етишмовчилигини камайтириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва қурилаётган обектларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш бўйича ишларни кучайтириш белгиланган.

Манба: Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2026-йил 23-октябрдаги VII-27-114-12-0-К/26-сонли қарори.