Хоразмда аҳоли мурожаатлари 6,9 фоизга ошди: 9 ойда 36 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган
date_range27.10.2026, 03:30
Хоразм вилоятида 2026-йилнинг январ–сентябр ойларида Виртуал ва Халқ қабулхоналарига жами 36 272 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 437 тага ёки 6,9 фоизга кўп.Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2026-йил 23-октябрдаги VII-27-110-12-0-К/26-сонли қарорида вилоятда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати таҳлил қилинган. Ҳисоботга кўра, мурожаатлар сони, уларни ижобий ҳал қилиш кўрсаткичлари ҳамда такрорий мурожаатлар билан ишлашда қатор камчиликлар аниқланган.
Қайси ҳудудларда мурожаатлар кўпайган?
Ҳисоботда қайд этилишича, ўтган йилга нисбатан мурожаатлар сони, айниқса, Боғот, Урганч, Гурлан ва Шовот туманларида ошган.
Вилоят бўйича мурожаатларнинг 40,5 фоизи ижобий ҳал қилинган. Бироқ айрим туманларда бу кўрсаткич вилоят даражасидан паст бўлган.
Жумладан:
• Шовот туманида — 33,2 фоиз;
• Урганч туманида — 33,8 фоиз;
• Ҳазорасп туманида — 37,3 фоиз.
Шунингдек, айрим ташкилотларда ҳам мурожаатларни ижобий ҳал қилиш кўрсаткичи пастлигича қолмоқда. Кадастр агентлиги вилоят бошқармасида бу кўрсаткич 34,5 фоизни, Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармасида 37,5 фоизни, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасида 40 фоизни ташкил этган.
Такрорий мурожаатлар ҳам кўпайган
2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида вилоятда 5 236 та такрорий мурожаат келиб тушган. Бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 753 тага кўп.
Такрорий мурожаатлар сони бўйича қуйидаги ташкилотлар қайд этилган:
• Хоразм вилояти ҳокимлиги — 641 та;
• Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси — 428 та;
• “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиали — 187 та;
• вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси — 172 та;
• камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси — 171 та;
• “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиали — 141 та.
Мазкур ҳолатлар айрим муаммолар такроран кўтарилаётгани ва уларни бартараф этиш бўйича ишларни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
3 708 та сайёр қабул ўтказилган
Ҳисобот даврида вилоятда жами 3 708 та сайёр қабул ўтказилган. Ушбу қабулларда фуқаролар томонидан 13 387 та мурожаат билдирилган бўлиб, уларнинг 7 100 таси ижобий ҳал қилинган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда сайёр қабуллар самарадорлиги паст бўлган. Ҳужжатда 576 та қабул бошқа шахслар томонидан ўтказилгани қайд этилган.
2026-йил июл ойидан бошлаб вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари томонидан Халқ қабулхоналарида шахсий қабуллар ўтказилиши алоҳида назоратга олинган.
Бироқ 1 520 та шахсий қабулдан атиги 164 таси белгиланган талаблар даражасида ўтказилган. Қарорда бу борадаги ишлар етарли даражада ташкил этилмагани танқид қилинган.
623 та мурожаат ташкилотларга қайтарилган
Қарорда мурожаатлар билан ишлашда қонунчилик талабларини бузиш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Йил бошидан буён жами 623 та мурожаат турли сабабларга кўра ташкилотларга қайтарилган. Бунга мурожаатчиларнинг норозилиги, тегишли далолатнома ёки муносабатнинг мавжуд эмаслиги, розилик хати илова қилинмагани ва масаланинг ҳал этилмагани каби ҳолатлар сабаб бўлган.
Энг кўп қайтарилган мурожаатлар Гурлан, Хива ва Урганч туманлари, шунингдек, айрим вилоят бошқарма ва ташкилотлари ҳиссасига тўғри келган.
Бундан ташқари, йилнинг дастлабки тўққиз ойида 376 та жамоавий мурожаат келиб тушган. Уларнинг 86 таси Урганч шаҳридан, 65 таси Урганч туманидан ва 34 таси Қўшкўпир туманидан юборилган.
Масъул ташкилотларга қандай вазифалар юклатилди?
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорида вилоят ҳокимлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, такрорий мурожаатларнинг сабабларини аниқлаш ва тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилган.
Шунингдек, мурожаатларни асоссиз равишда қайтариш ҳолатларига йўл қўймаслик, қонунчилик талабларини бузган масъул ходимларга нисбатан чоралар кўриш, электрон мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш ва мурожаатлар билан ишлаш жараёнларини рақамлаштириш белгиланган.
Шовот, Урганч ва Ҳазорасп туманларида мурожаатларни ижобий ҳал қилиш кўрсаткичини ошириш, такрорий мурожаатлар кўпайган ташкилотлар фаолиятини вилоят Кенгашининг доимий комиссияларида муҳокама қилиш ҳам назарда тутилган.
Вилоят ҳокимлигига эса сайёр қабуллар самарадорлигини ошириш, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари томонидан шахсий қабуллар белгиланган талаблар асосида ўтказилишини таъминлаш ҳамда аниқланган камчиликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўриш вазифаси юклатилган.
Манба: Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2026-йил 23-октябрдаги VII-27-110-12-0-К/26-сонли қарори.
Хатолик ёки ишламаётган хавола топлидими?
Сайтда хатоликларга дуч келсангиз Ctrl + Enter
тугмаларини босган ҳолда бизга хабар жўнатишинингиз мумкин.
shareБошқаларни хам хабардор қилинг















Изоҳлар (0)
Изоҳ қолдириш