image

Гурлан туманида 41,5 миллиард сўмлик учта лойиҳа ишга туширилди

date_range20.10.2026, 16:37
Хоразм вилоятининг Гурлан туманида ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот кўриб чиқилди.

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгашининг 2026-йил 20-октябрдаги қарорида қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг 2024-йил 29-ноябрдаги ПҚ-410-сон қарори ижроси доирасида туманда қиймати жами 41,5 миллиард сўмлик учта драйвер лойиҳа амалга оширилиб, фойдаланишга топширилган. Уларнинг биттаси саноат, иккитаси хизмат кўрсатиш йўналишига тегишли.

Тадбиркорларга 55,8 миллиард сўм кредит ажратилган

“Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 1 374 нафар фуқаро ва тадбиркорга 32,6 миллиард сўм, “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш” дастури орқали эса 205 нафар тадбиркорга 23,2 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.

Электр таъминотини яхшилаш ишлари якунланган

Гурлан, Шовот, Қўшкўпир ва Урганч туманларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида “Хоразм” ва “Шовот” подстансияларини боғловчи 47 километр узунликдаги 110 кВли электр узатиш тармоғи қурилган. Қарорда қурилиш-монтаж ишлари ва электр узатиш тармоғини тортиш ишлари 100 фоиз бажарилгани қайд этилган.

Маҳаллалар, қишлоқ хўжалиги ва таълим

Тумандаги Дўстлик боғи ва Тахтакўпир маҳаллалари учун бўш турган бинолар ҳужжатлари расмийлаштирилган. Навбаҳор, Нурафшон ва Оққум маҳаллаларида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган маҳалла бинолари бўйича топшириш-қабул қилиш далолатномалари тузилган.

Қишлоқ хўжалигида 218 гектар майдонда интенсив сабзавот экинлари экилган. Олға ва Нукус маҳаллаларида кўкат етиштиришни ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда. “Ихлосбек” фермер хўжалигида шоли элита уруғчилиги ташкил этилган бўлиб, 2026-йилдан сифатли шоли уруғликларини йилига 5 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Таълим соҳасида 43-сонли умумтаълим мактаби негизида ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилган. Унга кириш учун 1 300 нафар ўқувчи ҳужжат топширган, тест натижаларига кўра 192 нафари қабул қилинган.

Стартаплар ва саноат зонаси

Гурлан туманида “СтепУп Гурлан” инкубация дастури йўлга қўйилган. Дастурда иштирок этиш истагини билдирган қарийб 20 та стартап жамоасидан 13 таси сараланган. Иштирокчиларга беш нафар ментор кўмак берган, муваффақиятли стартаплар эса “startupbase.uz” платформасида рўйхатдан ўтказилиб, венчур фондларга йўналтирилган.

Шунингдек, Чинобод маҳалласидаги 35,8 гектар ер майдони тоифаси ўзгартирилиб, кичик саноат зонаси ташкил этилган.

Кенгаш қарори билан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Алламововнинг Президент қарори ижроси юзасидан ҳисоботи қониқарли деб топилган. Масъул ташкилотларга белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳамда ижроси ҳақида туман Кенгашига маълумот киритиб бориш топширилган.

Манба: Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгашининг 2026-йил 20-октябрдаги ВИИ-32-99-12-171-К/26-сон қарори.