image

“Ичан-Қалъа”даги 33 та тарихий обидага термитлар жиддий зарар етказмоқда

date_range04.05.2022, 00:41
Бу ҳақда Зоология институти директори Бахтиёр Холматов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
   Бугунги кунда дунё миқёсида иқлим ўзгаришларининг кескинлашуви, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ҳамда антропоген омилларнинг авж олиши натижасида термитлар ўз табиий яшаш маконларидан аҳоли турар жойлари, тарихий маданий обидалар, стратегик аҳамиятга эга объект ҳудудларига кўчиб, уларнинг ёғоч конструкция қурилмаларига жиддий зарар келтирмоқда.  Термитлар масаласи дунё миқёсидаги йирик муаммолардан ҳисобланиб, улар туфайли бино ва иншоотларга жуда катта зарар етмоқда. Ҳозирги маълумотларга кўра, термитларнинг ҳар йили келтирадиган зарари дунё миқёсида 40 миллиард АҚШ долларини ташкил қилмоқда.
 Бугунги кунда республикамиз ҳудудида аҳоли турар жойларини, тарихий-маданий обидалар, ижтимоий соҳа объектлари ва иншоотлардаги ёғоч-тахта қурилиш материалларига ҳамда халқимизнинг бир неча асрлардан бери авлоддан авлодга ўтиб келаётган ноёб халқ амалий санъати дурдоналари ҳисобланган ёғоч ўймакорлиги санъат ишланмаларини термитлар кучли зарарлаб, мисли кўрилмаган даражада зарар келтирмоқда ва фавқулотда ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
 Дунёда термитларнинг 3000 га яқин тури мавжуд бўлиб, Ўзбекистонда термитларнинг 2 тури Туркистон термити Anacanthotermes turkestanicus Jacobs., 1904 ҳамда катта Каспий орти термити Anacanthotermes ahngerianus Jacobs., 1904 турлари республикамизнинг деярли барча вилоят ҳудудларида кенг тарқалган.
 Республикамизда термитларнинг зарарли фаолияти юзасидан олиб борилган мониторинг ишларидан сўнги маълумотларга кўра республика бўйича:
 Маданий-тарихий обидаларда – 46 та ҳолат
 Стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларда-15 та ҳолат
 Ижтимоий соҳа объектларида – 98 та ҳолат
 Дала ва чўл зоналари, қабристонлар ва бошқа очиқ жойларда – 1082 га майдонлар термитларнинг мавжудлиги аниқиланган.
 Бунда, Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд вилоятлари термитлар томонидан кучли зарарланган ҳудудлар ҳисобланади.
Маданий-тарихий объектларда термитларнинг зарари хусусида тўхталиб ўтадиган бўлсак:
 Мисол учун, бугунги кунда республикамиз ҳудудидаги Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, ЮНЕСКО муҳофазасидаги “Ичан-Қалъа” тарихий ёдгорлик мажмуйидаги 33 та тарихий обиданинг ёғоч ўймакорлиги ишланмаларига термитлар жиддий даражада зарар етказмоқда. Жумладан, Жума масжид музейи, Пахлавон Маҳмуд мақбараси, Муҳаммад Иноқ ва бошқалар термитлардан кучли зарарланган.
 Термиз туманидаги I-III асрларга тегишли Буддавийлик зиёратгоҳларидан бири Фаёзтепа обидаси ҳудудининг 100% термитлар билан зарарланган;
 Сурхондарёдаги Ал Хаким Ат-Термизий, Қашқадарёдаги Хазрати Имом масжиди, Навоийдаги Имом Хасан-Хусан зиёратгоҳи ва Қорақалпоғистон Республикасидаги Миздахкан комплекси тарихий обидаларида термитларнинг зарарли фаолияти қайд этилган.
  
Республикада термитларга қарши курашиш ишларинининг ташкил қилинганлиги
 
 Хукуматимиз томонидан термитларнинг зарарли фаолиятини бартараф этиш ва термитларга қарши кураш чораларини изчил йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Қарор ва Фармойишлари қабул қилинган. Жумладан:
 Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 2 февралдаги, 27-сонли қарори билан “Республикада термитларга қарши курашиш ишларини жадаллаштириш ва уларнинг зарарини бартараф қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти хузурида “Республика термитларга қарши курашиш маркази” давлат муассаси ташкил этилган.
 “Республика термитларга қарши курашиш Маркази” фаолияти давомида термитларга қарши курашиш воситаларини яратиш ва усулларини ишлаб чиқиш борасида кўплаб илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилган бўлиб, бугунги кунда ҳам Марказ томонидан термитларга қарши самарали воситалардан бири бўлган заҳарли ем-хўракларнинг янги саноат намуналари яратилиб, амалиётга кенг жорий этилмоқда.
 Марказ томонидан бугунги кунгача 180 000 га яқин термитларга қарши захарли ем-хўркалар ишлаб чиқарилган бўлиб, Шунда:
 Аҳоли турар жойларига – 160 000; 
 Маданий-тарихий обидаларда – 10 000; 
 Ижтимоий соҳа объектларида – 7 500;
 Стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларда- 2300 га яқин ем-хўраклар ўрнатилди ва ушбу ўрнатилган худудларда термитларнинг зарари бартараф этилди. (2014-2021 йй.)
 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилояти Хива шаҳрининг “Мевастон”, “Каптархона”, “Қумяска”, “Янги турмуш”, “Калта минор” ва “Ичан Қалъа” маҳаллаларидаги аҳоли турар жойлари, маданий-тарихий обидалар, стратегик аҳамиятга эга бўлган объектлар, ишлаб чиқариш бинолари, иншоотлар ва бошқа турдаги объектларга зарар етказаётган термитлар тарқалишини олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишни янада кучайтириш” мақсадида 2022 йил 25 фаеврал № 89-Ф сонли Фармойиши қабул қилинди.