image

Хоразмдаги техникумларда стартап лойиҳалари учун 1 миллиард сўмгача грант ажратилиши мумкин

date_range13.10.2026, 03:46
Хоразм вилоятидаги техникумларда ёшларнинг стартап лойиҳаларини ривожлантириш, янги маҳсулот ва технологиялар яратиш ҳамда битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янги вазифалар белгиланди.

Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 6-октябрдаги 374-12-0-Қ/26-сон қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29-сентябрдаги 524-сон қарори ижросини таъминлашга қаратилган.

Ҳужжатга мувофиқ, давлат техникумлари ҳузурида тижоратлаштириш салоҳиятига эга стартап лойиҳалари асосида янги маҳсулот ва технологиялар яратишга ихтисослашган “spin-off” корхоналарини ташкил этишга рухсат берилган.

Бундай корхоналарда техникум ўқувчиларининг стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўмгача грант ажратилиши мумкин.

Шунингдек, 2026-йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида камида биттадан техникумда намунали “spin-off” корхонасини ишга тушириш белгиланган.

Хоразм вилояти касбий таълим бошқармасига туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда корхоналарга хорижий инвесторларни жалб қилиш, яратилган иш ўринларини мониторинг қилиш ҳамда техникум битирувчиларининг бандлигини таъминлаш чораларини кўриш топширилган.

Қарор ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш. Бердиев зиммасига юклатилган.