image

Янгиариқ туманининг 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида

date_range06.01.2021, 11:02

                          2020 йил “ 31 ” декабр                      № 32/109                Янгиариқ тумани
                     


 


                           Янгиариқ туманининг 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида


 


Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ,
2021 йил учун Янгиариқ туман маҳаллий бюджетини қабул қилиш бўйича Халқ депутатлари Янгиариқ тумани Кенгаши


 


ҚАРОР ҚИЛАДИ:



  1. Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) ҳамда Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг 2020 йил 31 декабрдаги “Хоразм вилояти 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги №21-82-сонли қарорига мувофиқ,
    2021 йилги Янгиариқ тумани маҳаллий бюджетига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансферт 42820, 5 млн сўм миқдорида тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

  2. Қонуннинг 12-моддасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларига тегишли даражадаги маҳаллий бюджетларга ажратиладиган солиқларни ва бошқа турдаги даромадларни ҳамда бюджетлараро трансфертларни тақсимлаш ваколатидан келиб чиқиб, 2021 йилда:


а) Қуйидаги солиқ турлари шаҳар ва туман бюджетларига тўлиқ ўтказиб берилади:



  • жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

  • жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

  • жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқдан мустасно;

  • қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

  • айланмадан олинадиган солиқ;

  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;

  • ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари;

  • давлат ихтиёридаги ер майдонлари, бино ва иншоатларда реклама конструкцияларини ўрнатишга рухсат олиш учун тўланадиган йиғимлар, шунингдек ўрнатилган ташқи реклама объектлари учун тўланадиган ойлик тўловлар;

  • маҳаллий бюджетга ундириладиган ижара тўловлари.


б) Қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар вилоят бюджети ҳамда шаҳар ва туман бюджетлари ўртасида тақсимланади:



  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;

  • якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи;

  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи.


в) Вилоятнинг вилоят бюджетига қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиқ ўтказилади:



  • юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;

  • электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат божлари (патент божлари ва лицензиялар берганлик учун давлат божларидан ташқари);

  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;

  • айрим турдаги товарларнинг чакана савдосига доир ҳуқуқ учун йиғимлар;

  • қонунчиликда белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона органлари томонидан ундириладиган йиғимлар ва уларнинг тиркамалари учун ундириладиган утилизация йиғимидан ташқари);

  • автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғимлар;

  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) ва ажратмалар;

  • давлат активларини жойлаштиришдан, фойдаланишга (ижарага) беришдан ва сотишдан қонунчиликда белгиланган нормативлар бўйича олинган даромадлар;

  • мобил алоқа хизматлари ва алкогол махсулоти, шу жумладан пиво учун акциз солиғи бўйича тушумлар тегишинча 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра туман ва шаҳар аҳолиси сонининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилади.

  • Агар қонунчиликда маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган даромадларнинг тақсимланиши назарда тутилмаган бўлса, даромаднинг ушбу турлари вилоят бюджетига ўтказилади.



  1. 2021 йилги вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот бўйича прогноз кўрсаткичлари 1-илова маълумот учун қабул қилинсин, ҳамда 2021 йил учун туманнинг туман бюджети даромадлар прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

  2. Туманнинг туман бюджетидан 2021 йилги ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  3. Туман ва шаҳар бюджетларига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, ажратма меьёрлари бўйича туман маҳаллий бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда туман Ғазначилик бўлимлари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

  4. 2021 йил учун туман бюджетлари даромадлар ва харажатлар прогноз кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

  5. Туман бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман бюджети даромадлари прогнози ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги белгилансин.



  1. 2021 йил учун Янгиариқ туман бюджети заҳира жамғармаси ҳажмлари 3  млн.сўм миқдорида белгилансин.


Туман ҳокимликлари заҳира жамғармалари маблағларини туман бюджетларида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.



  1. 2021 йил учун туман бюджетининг айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам маблағлари миқдори 7-иловага мувофиқ белгилансин.

  2. Туман бюджетларида шаклланган қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар тегишли равишда халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан туман ҳокимлигининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириш мақсадида қабул қилиниши белгилансин.

  3. Туман ҳокимлиги, чораклар якуни бўйича мазкур қарорнинг  5-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Вилоят ҳокимиятига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлари билан бирга киритилган мурожаатига асосан тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш ёки харажатларни мақбуллаштириш таклифларини киритади.


Туман ҳокимлиги, Қонуннинг 6-иловасида кўрсатилган прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ҳокимиятнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, харажатларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан туман Кенгаши мурожаатини тайёрласин.



  1. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар тегишлилиги бўйича ушбу маҳаллий бюджетларнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манба ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.

  2. Туман ҳокимлиги:


тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;


ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтларга ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимотини, молиявий ҳисоботларни, капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижросини, ўтказилган танлов (тендер) савдолари ва давлат харидлари ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин;


маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадларини 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиришни, веб-сайтларига уларнинг натижаларини жойлаштирсин.



  1. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусига кўра амалга ошириладиган қўшимча тадбирларни молиялаштириш фақат вилоятлар, туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.

  2. Туман ҳокими бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур
    чора-тадбирлар кўриш ва бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни ўрнатиши ва халқ депутатлари туман Кенгашларига йилнинг хар чорагида ҳисобот бериб борсин.

  3. Туман ҳокимлиги Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.

  4. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси ва туман ҳокимининг биринчи ўринбосари иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи зиммасига юклатилсин.


 


 


              Халқ депутатлари Янгиариқ туман


              кенгаши депутати сессия  раиси                                                Б.Абдуллаев