image

Хоразмда “Адлия сайли”.

date_range08.05.2022, 01:03
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан  “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган “Адлия сайли” ўтказилди.Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қабул қилинаётган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини уларга тушунтириш, фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, энг муҳими, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоят адлия бошқармаси, туман ҳокимлиги, Давлат хизматлари  марказлари, ФҲДЙ бўлимлари, нотариуслар, Бандликка кўмаклашиш маркази, Тиббиёт бирлашмаси ва бошқа 10 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлар мутахассислари томонидан фуқароларнинг муаммолари тингланди ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.
“Адлия сайли” байрамона руҳда ўказилиб, тадбир доирасида: •  “Соғлом турмуш тарзи учун 5.000 қадам" ҳуқуқий марши бўлиб ўтди;•  “Ҳуқуқий маслаҳат” акцияси доирасида фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди;
•  “Биз сиз биланмиз!” акцияси доирасида туманда истиқомат қилувчи ёлғиз, кекса, ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олинди;
•  Тадбиркорлик соҳасида фаолиятини бошлаган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва "Ёшлар дафтари"дан чиқарилиб, фаровонлик сари йўл олган фуқаролар томонидан мотиватсион суҳбат, мастер класслар ўтказилади.
•  ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар учун пресс-тур ўтказилди;
•  жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ўз ҳунармандчилик буюмларини намойиш этишлари учун ярмарка ташкил қилиниб, уларга тадбиркорлигини ривожлантириш учун имкониятлар яратилди.
Бундан ташқари, тадбирда аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун концерт дастурлари, турли хилдаги кўнгил очар ўйинлар, ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмалари, миллий-маданий этник марказларнинг чиқишлари, ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимлар беллашуви ва спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
Сайл давомида фуқароларга турли соҳаларга доир 1000 дан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 100 дан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Тадбирда ташкил этилган "бўш иш ўринлари ярмаркасида" 56 та корхона ва ташкилотлардан жами 291 та бўш иш ўринлари билан иштирок қилинди.
Ярмаркада 365 нафар фуқаро қатнашиб, 6 нафари доимий иш ўрни билан таъминланди.500 дан ортиқ туман аҳолиси  эса бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. 
Шу билан бирга, сайлга барча туман тиббиёт ва таълим тизими ходимлари таклиф этилиб, Адлия вазирлигининг  “Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси доирасида иштирокчиларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Тадбирда Хоразм вилоят юридик техникуми ўқувчиларидан иборат волонтёрлар клуби аъзолари томонидан “Street law” лойиҳаси доирасида иштирокчиларга қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга қаратилган 1000 дан ортиқ флайер, буклетлар тарқатилди.
Шу билан бирга, фуқароларга давлат хизматларидан онлайн тартибда фойдаланиш кўникмалари берилди.