image

Хоразм вилоятида 2022 йил учун ер ва мол мулк солиқларинг ставкаси тасдиқланди.

date_range02.03.2022, 02:40

Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 412, 429 ва 437-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тегишли хати ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши
Қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига асосан Хоразм вилоятида юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигида мўлжалланмаган ерлари базавий солиқ ставкаси 1 гектар учун мутлақ миқдори 29,0 млн. сўм ҳамда жисмоний шахсларга 1 кв.м учун базавий солиқ ставкасининг мутлақ миқдори 260,0 сўм, юридик шахслар учун мол-мулк солиғини ҳисоблашда вилоятнинг туманларида кўчмас мулкларга 1 кв.метр учун 1,0 млн.сўм минимал миқдор белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси ва вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳудудларнинг иқтисодий ривожланганлик даражаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг келгуси йил учун белгиланган маҳаллий бюджет прогнозидан келиб чиқиб, туман (шаҳар)лар бўйича 2022 йилда юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг базавий ер солиғи ставкаларининг мутлақ миқдорларига нисбаттан камайтирилувчи ва оширилувчи коэффициентларни қўллаш ҳамда туманлардаги юридик шахслар учун мол-мулк солиғини ҳисоблашда кўчмас мулкларга 1 кв.метр учун белгиланадиган минимал микдорга нисбатан камайтирилувчи коэффициентларни қўллаш бўйича таклифлари инобатга олинсин.

3. Туман (шаҳар)ларнинг иқтисодий салоҳияти ва ривожланишига қараб, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича 2022 йилда Хоразм вилояти учун мутлақ миқдорда белгиланган ер солиғининг базавий солиқ ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар миқдори 1-иловага, жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ташқари) 2022 йилда Хоразм вилояти учун мутлақ миқдорда 1 кв.м. учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар миқдори 2-иловага, 2022 йилда вилоятда юридик шахслар учун мол-мулк солиғини ҳисоблашда кўчмас мулкларга 1 кв.метр учун белгиланадиган минимал микдорга нисбатан қўлланиладиган коэффициентлар 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Туман ва (шаҳар)лар халқ депутатлари Кенгашлари маҳаллий бюджет прогнозларини инобатга олиб, 1 ва 2-иловаларга асосан қўлланиладиган коэффициентларга нисбатан тегишли ҳудудда жойлашган даҳа, мавзе, маҳалла, кўча кесимида 0,7 дан 3,0 миқдорда камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни белгилаш ҳуқуқига эгалиги инобатга олинсин.

5. Халқ депутатлари туман (шаҳар)лар Кенгашлари тегишли ҳудудда жойлашган даҳа, мавзе, маҳалла, кўча кесимида юридик ва жисмоний шахслар учун 2022 йилда белгиланган ер солиқ ставкаларини ҳудудлардаги солиқ органларига тақдим этилишини таъминласин.

6. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда ҳудудий солиқ органлари 2022 йил учун юридик шахсларнинг (йирик солиқ тўловчилардан ташқари) мол-мулкига солинадиган солиқни ушбу қарор билан, қишлоқ хўжалигида мўлжалланмаган ерлар учун жисмоний ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини халқ депутатлари туман (шаҳар)лар Кенгашлари томонидан тасдиқланадиган ставкалар асосида ҳисобланиши ва белгиланган тартибда ундирилишини таъминласин.

7. Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2021 йил 31 декабрдаги VI-40-60-12-0-К/21-сонли қарорининг 10, 11, 12-банди ва 8, 9, 10-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин ҳамда 2022 йил 1 январдан мол-мулк ва ер солиғи ҳисоботлари ушбу қарорга асосан қайта ҳисоб-китоб қилинсин.

8. Ушбу қарор “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская прaвда” газеталарида расмий эълон қилинсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

9. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи К.Игамбергенов халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг маҳаллий бюджетини шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Э.Бабажанов зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси
Ф.Эрманов