image

Хоразмда оммавий қабулнинг илк кунида 186 нафар фуқаронинг судга доир мурожаати эшитилди

date_range29.04.2022, 03:17
Хоразм вилоятида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У. Мухаммадиев бошчилигида Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбар ходимлари иштирокидаги оммавий қабуллар Шовот тумани ва Хива шаҳридан бошланди.
Илк кунда Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров ва Олий суд раиси ўринбосари Б. Исаков томонидан 186 нафар фуқаронинг соҳага оид мурожаат ва муаммолари ўрганилди.
Қабул қилинган фуқароларнинг 78 нафари жиноят ишлари бўйича, 67 нафари фуқаролик ишлари бўйича, 35 нафари маъмурий ишлар буйича ва 6 нафари иқтисодий ишлар буйича судларга оид мурожаатларни ташкил қилди.
Шундан 27 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди, 33 та ариза Олий суд томонидан кассация тартибида кўриш  учун қабул қилинди ва 116 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Оммавий қабулда озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаётган маҳкумлар жазони енгиллаштиришни сўраб мурожаат қилишди ва шу ернинг ўзида жиноят ишлари бўйича Шовот, Гурлан, Қўшкўпир, Янгибозор ва Хива туман судлари томонидан сайёр суд ўтказилиб жами 18 нафар шахс тегишли жазосини ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди. 
Кам таъминланган ва вақтинча ишсиз бўлган 3 нафар фуқаронинг қабул давомида МЖтКнинг 315 моддаси тартибида берган аризаси қаноатлантирилиб, уларга нисбатан қўлланилган жарима миқдори камайтирилди.Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 4 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан қарор чиқариллди, 2 нафар шахсга нисбатан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш бўйича аризалар қаноатлантирилди.
Қабулда муаммолари ҳал бўлган 3 нафар фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккурнома билдирди.
Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар 29 апрель куни Ҳазорасп ва Хонқа туманларида давом этади.