image

Табиат ҳимоячиларининг фарзандлари ва набиралари учун контракт тўлови қоплаб берилади

date_range07.09.2025, 03:33
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 16-августдаги 514-сонли қарорига мувофиқ, санитар тозалаш ва ободонлаштириш соҳасида камида 10 йил садоқат билан меҳнат қилган ходимлар ўртасида “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танлови ўтказилади.Танловда чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ҳамда тозалаш ишлари билан шуғулланиб келаётган фидойи ходимлар иштирок этади.

Танловнинг навбатдаги босқичи 2025-йил 1-сентябрда бошланади. Ғолиблар эса 8-декабр — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида аниқланиб, тақдирланади. Энг муҳими, ғолибларнинг давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган фарзандлари ёки набираларининг контракт тўлови давлат томонидан қоплаб берилади.

Танловда қатнашиш учун аризалар 2025-йил 30-сентябр куни соат 17:00га қадар info@sanitation.uz электрон почта манзилига ёки Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларига юборилиши лозим.

Мазкур ташаббус узоқ йиллар давомида тозалик ва ободончилик йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган соҳа ходимларини эъзозлаш, уларнинг оила аъзолари учун қулай имкониятлар яратиш ҳамда фарзандларининг билимли ва зиёли кадрлар бўлиб етишишига замин яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, танлов орқали экологик маданиятни тарғиб қилиш, чиқиндиларни бошқаришнинг хавфсиз тизимини ривожлантириш ва инсон саломатлигини асраш мақсад қилинган.

Қўшимча маълумот олиш учун 1205 ва 1275 қисқа рақамларига мурожаат қилиш мумкин.