Хоразмда саксовулфурушларни таъқиб қилган инспекторларга тан жароҳати етказилди
date_range16.07.2025, 22:35
15-июл куни Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси экологик назорат инспекцияси ходимлари томонидан Пешку туманининг “Сафрон” чўл массивида навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.Рейд тадбирига вилоят экология бошқармаси инспекция бошлиғи Ж.Тошев бошчилигидаги экологик назорат инспекцияси ходимлари А.Қурбонов, Б.Рўзиев, Ж.Ядгаров, Ф.Муродов, Н.Муҳаммадиев ва О.Ҳесеновлар жалб этилган.
Рейд давомида инспекторлар Хоразм вилоятида яшовчи фуқаролар томонидан (шахси номаълум) “ЗИЛ” русумли юк машинаси билан чўл массиви ҳудудидан ноқонуний равишда саксовул ўсимлигини кесиб, юк машинасига ортган ҳолда чўлнинг ички йўли орқали кетаётганини кўриб қолишган ва бошқармага тегишли “ЖАК” русумли автомашинаси билан юк машинасини таъқиб қилишган.
Кузатув давомида тахминан 110 км масофадан сўнг юк машинаси Ғузор–Бухоро–Нукус А-380 автомобил йўлининг Бухоро вилоятидан Хоразм вилояти йўлига чиқиб, ҳаракатни давом эттирган. Шундан сўнг Ж.Тошев автомобил йўли бўйлаб 5 км масофадан сўнг бошқарма инспекция ходимлари Н.Муҳаммадиев ва О.Ҳесеновларни орқадан келаётган бошқа автомашиналарни назорат қилиш учун тушириб, ўзи “ЗИЛ” русумли юк машинасининг ортидан кузатувни давом эттирган. У юк машинасидан ўтиб кетганида тахминан 200 метр масофада Хоразм вилоятига тегишли давлат рақами "90 Х 780 ХХ" бўлган оқ рангли “ИСУЗУ” русумли юк машинаси йўлини тўсган.
Машинадан нотаниш фуқаролар қўлида ҳар хил турдаги совуқ қуроллар (бита, арматура, темир труба) билан тушиб келиб, бошқарманинг автомашинасини уриб, пачоқ қилишган ҳамда инспекция бошлиғини ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақоратлашган. Шундан сўнг Ж.Тошев воқеа жойидан кетган.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлар бошқарма инспекция ходимлари Н.Муҳаммадиев ва О.Ҳесеновларни юз ва тана қисмларининг барча соҳасига уриб, турли хил оғир тан жароҳатлари етказишган (Н.Муҳаммадиевнинг оёғи синган). Кейин уларни юк машинасининг бортига юклаб, ўзлари билан олиб кетаётган вақтда инспекторлар ҳаракатланиб турган юк машинасининг орқа борт қисмидан ўзларини ташлаб, қочишга улгуришган.
Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти Тупроққалъа туман прокуратураси томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Хатолик ёки ишламаётган хавола топлидими?
Сайтда хатоликларга дуч келсангиз Ctrl + Enter
тугмаларини босган ҳолда бизга хабар жўнатишинингиз мумкин.
shareБошқаларни хам хабардор қилинг















Изоҳлар (0)
Изоҳ қолдириш