image

Урганч шаҳрида жойлашган етти қаватли уйнинг томидан 2 нафар аёл жинсига мансуб фуқаролар ўзини пастга ташлаб вафот этганлиги ҳолати юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

date_range13.07.2025, 23:49
Расмий баёнот 

Ҳозирги кунда содир бўлган воқеа билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан вафот этган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошларининг шахсий ҳаёти ва шаънига доир маълумотлар турлича талқин этилаётгани ҳолда турли ижтимоий тармоқларда тарқатилмоқда.

Тарқатилаётган ушбу маълумотлар эса текширувнинг объектив ва холисона олиб борилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан, Бош прокуратура ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини огоҳлантиради.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига кўра, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир.

Жиноят кодексининг 239-моддасида суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг рухсатисиз ошкор қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига биноан болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти жумласига болаларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлиғига зарар етказишга, ўз жонига қасд қилишга ва шундай ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган ахборот маҳсулоти киради. Муайян ёш тоифаларидаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборот маҳсулоти жумласига эса, болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотадиган, шу жумладан куч ишлатилмаган ўлимни, касалликни, ўз жонига қасд қилишни, бахтсиз ҳодисани, аварияни ёки фалокатни ва (ёки) уларнинг оқибатларини инсон қадр-қимматини камситадиган шаклда тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган ахборот маҳсулоти киради.

Зеро, бугунги кунда ахборот маконида тарқалаётган маълумотларни болалар кўрмаслигини таъминлашнинг имкони мавжуд эмас. 

Шу муносабат билан, жамоатчилик орасида турли нотўғри талқин ва тахминлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида, прокуратура органлари томонидан олиб борилаётган текширув тадбирларини ёритишда фақат Бош прокуратура томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга таяниш ва ҳавола келтирилиши сўралади.

Аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ваҳима келтириб чиқариши мумкин бўлган материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун қонунда белгиланган жавобгарлик мавжудлигини эслатиб ўтамиз.

Терговга қадар текширув якунига етгунига қадар ижтимоий тармоқларда ушбу фожиага оид маълумотларни тарқатмаслик, воқеага оид фото ва видеолавҳаларни тарқатишдан қатъиян тийилиш ҳамда фуқаролар шахсий ҳаётини муҳокама қилмасликка чақирамиз. 

Бундай материаллар нафақат инсон қадр-қимматига тажовуз, балки вояга етмаганлар руҳиятига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 

Терговга қадар текширув натижалари ҳақида қўшимча маълумот тақдим этилади.