image

Урганчда ўз жонига қасд ҳолати юз берди: тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш — жавобгарликка олиб келиши мумкин

date_range10.07.2025, 02:41
Урганч шаҳрида афсусли ҳолат — ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ воқеа қайд этилди. Ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан тергов органлари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда бу воқеа билан боғлиқ тасдиқланмаган видеолар ва турли тахминлар тарқалмоқда. Афсуски, бу каби масулиятсиз ҳаракатлар жамиятда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Тасдиқланмаган хабарларни тарқатиш — қонун олдида жавобгарлик

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасига кўра, ёлғон ахборот тарқатиш, айниқса, одамлар орасида ваҳима ёки нотўғри тушунча уйғотадиган хабарлар учун жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 244-1-моддасида жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ахборот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.

Шу сабабли, тергов якунига етмасдан туриб, ҳолатни тасвирловчи видео ва суратларни тарқатиш ёки нотўғри изоҳлар билан улашиш, айниқса оммавий ахборот воситалари сифатида фаолият юритмайдиган фойдаланувчилар томонидан, қонуний чора-тадбирлар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин.

Ёшлар онгига салбий таъсир

Бундай нохуш ҳолатлар ҳақида интернетда цензурасиз контентлар тарқалиши, айниқса, ёшлар онгига кучли салбий таъсир ўтказади. Психологларнинг таъкидлашича, ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ лавҳалар ва тафсилотлар ёш авлодда ҳаётга нисбатан бефарқлик, руҳий тушкунлик ва таҳдид ҳиссини шакллантириши мумкин. Бу эса жамиятнинг руҳий саломатлигига путур етказади.

Масъулиятли ахборот тарқатиш — барчамизнинг бурчимиз

Ҳозирда Урганчдаги ушбу ҳолат юзасидан расмий идоралар томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда. Тергов натижаси эълон қилинмасдан туриб, ҳар қандай тасдиқланмаган хабарни тарқатишдан қатъиян тийилиш зарур. Ахборотни текширмасдан улашиш – жамиятда ваҳима ва нотўғри хулосаларга олиб келиши мумкин.

Ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир ҳаракат — виртуал эмас, реал ҳаётга таъсир қилувчи омил эканини унутмайлик. Ахборот тарқатишда ҳушёрлик, эҳтиёткорлик ва энг асосийси — инсонийлик ҳисси билан ёндашиш барчамизнинг бурчимиздир.