Жиноят ишлари бўйича Боғот туман судининг очиқ суд мажлисида 1993 йилда туғилган, маълумоти ўрта-махсус, якка тартибда қурилиш таъмирлаш ишлари билан шуғулланган, уйланмаган, муқаддам судланмаган фуқаро М.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 155-1-моддаси(Тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар ва фактларни хабар қилмаслик) 1-қисми, шу модданинг 2-қисми “а,б” бандлари, 244-1-моддаси(Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисмининг “г” банди ва 244-2-моддаси(Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми билан жиноят иши кўриб чиқилди.Судда маълум бўлишича М.Х. таниши А.ни 2023 йил октябрь ойида “Қозоғистон-Туркия-Эрон” йўналиши бўйича ҳаракатланиб, жангариларининг кўрсатмасига асосан террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида Афғонистон Ислом Республикасига бориб, “Хуросон” провинциясида ноқонуний равишда ташкил қилинган “ИШИД” халқаро террорчилик ташкилотининг таркибий қисми ҳисобланган “Хуросон” вилояти террорчилик ташкилоти аъзоси бўлганлигини олдиндан билган бўлсада, бу тўғрисидаги маълумотлар ва фактларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермасдан яшириб келган.
Шунингдек, М.Х. таниши “Хуросон” вилояти террорчилик ташкилоти аъзоси А.ни 2024 йил 21 март куни “Қандаҳор” шаҳрида жойлашган банк биносида қўлбола портловчи ускуна орқали содир қилган терактини олдиндан билсада, тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермасдан яшириб келганлиги оқибатида ушбу банкка ойлик маошини олиш учун келган фуқароларнинг яраланишига сабабчи бўлган.
М.Х. судда айбига қисман иқрор эканлигини билдириб, 2020 йил май-июнь ойларида Россия Федерaциясига ишлаш учун борган вақтида Урганч шаҳрида яшовчи А. ҳамда унинг отаси, ака ва укалари билан яқиндан танишиб қолганлиги, уларнинг ижарадаги хонадонида бирга яшаб, пул топиш мақсадида кундалик ёнланма ишларни бажариб келганлиги, А. билан ижтимоий тармоқларда ёзишганлигини билдириб, дастлабки тергов органи томонидан унга нисбатан асоссиз қўйилган айбловларни унинг айбидан чиқариб ташлашни ва ўзига нисбатан адолатли қарор қабул қилишни сўраб кўрсатув берди.
Суд ҳукми билан М.Х. ЖК 244-1-моддаси 3-қисмининг “г” банди ва 244-2-моддаси 1-қисми билан ЖПК 83-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан реабилитaция қилиниб, жиноят ишининг шу қисми тугатилди. М.Х. ЖК 155-1-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва ЖК 57-моддаси қўлланилиб 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.