image

Хоразмда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан 75 та қарор ва фармойишлар қонунчилик талабларига зид равишда қабул қилинган.

date_range30.08.2024, 01:04
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарор ва фармойишлар қабул қилишда қонунчилик талабларига риоя қилинганлиги ҳолати юзасидан ўтказилган мониторинг тадбирлари натижасида, 75 та қарор ва фармойишларнинг қонунчилик талабларига зид равишда қабул қилинганлиги аниқланган. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф қилишга қаратилган таъсир чоралари киритилиши натижасида 51 та қарор ва фармойишларнинг бекор қилиниши, 21 таси қонунчиликка мувофиқлаштирилиши, 2 тасининг ҳақиқий эмас деб топилишига эришилган. Бундан ташқари, ҳужжат таркибида ошкор этилиши лозим бўлмаган ахборотлар мавжуд бўлмаса-да, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 44 та қарорлари ва фармойишлари асоссиз равишда яширилганлиги аниқланган. Шу каби қонунбузилиши ҳолатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан яна 43 та ҳолатда йўл қўйилган.

Шунингдек, ўтказилган ўрганишлар давомида 1 000 дан ортиқ қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган. Уларнинг асосий қисми, яъни 264 таси (26,4 фоизи) кадастр, 194 таси (19,4 фоизи) қурилиш, 189 таси (18,9 фоизи) коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғри келади. Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича 111 та тақдимнома ва 19 та даъво аризалари, мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича 40 та таклифлар киритилган. Киритилган таъсир чоралари натижасида 100 дан ортиқ ноқонуний ҳужжатлар бекор қилинган, 200 дан ортиқ ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқлаштирилган, 40 нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиб, 28 нафар мансабдор шахсларнинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал қилинган.