Хоразмда гуруҳ бўлиб фирибгарлик ва ўғирлик қилган фуқароларга суд ҳукми ўқилди
date_range20.08.2024, 13:09
Жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман судида 1998 йилда туғилган, маълумоти ўрта-махсус, оилали, вақтинча ишсиз бўлган фуқаро О.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан ҳамда 1998 йилда туғилган, маълумоти ўрта бўлган фуқаро С.О.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан жиноят иши кўриб чиқилди.Судда маълум бўлишича О.Р. Урганч шаҳрида жойлашган “Ганга” номли тунги клубда соқчи ва ошпаз бўлиб ишлаб келиб, фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, тунги клубда соқчи бўлиб ишлаб келаётган таниши С.О. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, мазкур тунги клубда официант бўлиб ишловчи таниши Н.Х.га телефон аппаратини гаплашиш учун бериб туришини айтиб, уни алдаб, ишончига кириб, сотилиш баҳоси 3.800.000 сўм бўлган телефон аппаратини олиб, Н.Х.га қайтариб бермаган. Эртаси куни ушбу телефон аппаратини 2.500.000 сўмга сотиб юборишиб, пулларни ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатишган ва фирибгарлик жиноятини қасддан содир қилишган.
Шунингдек, судланувчи О.Р. ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, соат тунги 03:00 ларда, ўзининг жиноий шериги С.О. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Янгиариқ туманида яшовчи Х.О.нинг яшаш уйи молхонасига ғайриқонуний равишда киришиб, фуқарога тегишли бўлган сотилиш баҳоси 7.000.000 сўмлик бир бош қорамолини ўғирлаган ҳолда воқеа жойидан яширинишган.
Судда О.Р. айбига тўлиқ ва С.О. айбига қисман иқрорлик билдириб,
ҳозирги кунда улар жабрланувчиларга етказилган зарарларни тўлиқ қоплаб беришганини, фуқаровий даъвогарларни уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, оилавий ва моддий аҳволини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб кўрсатма беришди.
Суд ҳукми билан О.Р. ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида узил-кесил иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. С.О. ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида узил-кесил иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Хатолик ёки ишламаётган хавола топлидими?
Сайтда хатоликларга дуч келсангиз Ctrl + Enter
тугмаларини босган ҳолда бизга хабар жўнатишинингиз мумкин.
shareБошқаларни хам хабардор қилинг















Изоҳлар (0)
Изоҳ қолдириш