Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судининг сайёр суд мажлисида 1983 йилда туғилган, маълумоти олий, оилали ва 4 нафар фарзанднинг онаси Г.Я.га (ўрта таълим мактабида ўқитувчи лавозимида ишлаган) нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси ва 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан маъмурий иш кўриб чиқилди. Судда маълум бўлишича, Г.Я. 2024 йил 23 май куни дарс пайтида, 6-синф ўқувчиси А.Ю.ни ҳар-хил сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб, соғлиғининг бузилиши билан боғлиқ бўлмаган қасддан енгил тан жароҳати етказганлиги аниқланган.
Г.Я. судда айбига иқрорлик билдириб, дарс машғулоти пайтида ўқувчилари ўзаро гаплашиб ўтиришганлиги учун А.Ю.ни тартибга чақириш мақсадида юзига уриб тан жароҳати етказганлигини, ҳозирда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини ҳамда енгиллик қилишни сўраб кўрсатма берди.
Суд қарори билан Г.Я. МЖтКнинг 41-моддаси ва 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга МЖтКнинг 34-моддаси тартибида узил-кесил жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида 6.800.000 сўм жарима жазоси тайинланди.