image

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида санкция бериш тергов судьялари томонидан кўриб чиқилади

date_range06.08.2024, 22:09
Бугунги кунда жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриш жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Кейинчалик ушбу материаллар бўйича судга оширилган жиноят ишларини ҳам жиноят ишларибўйича судлар кўриб чиқмоқда.  Бу эса ўз навбатида ишда иштирок қилувчи аксарият тарафларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган эди.2024 йил 10 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.Фармонга мувофиқ 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар-тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий қилиниб, ушбу судьяларнинг процессуал қарорларига берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Харбий суди томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши белгиланмоқда.
Тергов судьялари, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ, яъни қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа коммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ илтимосномаларни кўриб чиқади.
Фармонда белгиланганидек, тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.   
Суд-ҳуқуқ тизимидаги бу муҳим ўзгаришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда судьяларнинг жиноят ишлариникўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун  кенг имкониятлар яратади. 
 
Мурод Хасанов, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди раиси