image

Хоразмда Халқаро террорчилик ва диний экстремистик ташкилотига ҳайрихохлик билдириб келган фуқароларга суд ҳукми ўқилди

date_range06.07.2024, 00:20
Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар судида И.К.га(1995 йилда туғилган, маълумоти тугалланмаган олий, оилали, муқаддам судланмаган) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари, 244-1-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари ва 244-2-моддаси 1-қисми билан; С.Р.га(1986 йилда туғилган, маълумоти ўрта, оилали, муқаддам судланмаган) нисбатан ЖКнинг 159-моддаси 3-қисми “а” банди, 244-1-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари ва 244-2-моддаси 1-қисми билан; Р.Р.га(1994 йилда туғилган, маълумоти ўрта, оилали, муқаддам судланмаган) нисбатан ЖКнинг 159-моддаси 1-қисми, 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди ва 244-2-моддаси 1-қисми билан; Р.Ж.га(1997 йилда туғилган, маълумоти ўрта, оилали, муқаддам судланмаган) нисбатан ЖКнинг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди ва 244-2-моддаси 1-қисми билан; Б.К.га(2003 йилда туғилган, аёл киши, маълумоти тугалланмаган олий, муқаддам судланмаган) нисбатан ЖКнинг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда маълум бўлишича, Судланувчи И.К. норасмий манбалардан олинган турли хил кўринишдаги диний мазмундаги материалларни мустақил равишда тинглаб томоша қилиб келиши натижасида ислом динини нотўғри талқин қилиб, Ўзбекистонда тузилиши ва фаолият олиб бориши тақиқланган “Хизб ут-Таҳрир ал-Исломий” халқаро террорчилик ва диний экстремистик ташкилотига ҳайрихохлик билдириб, ташкилот ғояларини қўллаб-қувватлаб келаётган бошқа шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, “ҳалқа” ташкил қилган ҳамда гуруҳда ташкилот ғоялари бўйича билим бериб ва шу йўл билан ўз сафларини кенгайтириб келган. 

Шунингдек, И.К. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом қилдириб, бир гуруҳ бўлиб, ўзи томонидан тузилган “ҳалқа” аъзоларини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга очиқдан-очиқ даъват қилиб келиш, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш каби бир нечта жиноятларни содир қилганлиги аниқланган.

Судланувчи С.Р., И.К. ва бошқа шахсларнинг диний экстремистик даъватлари оқибатида “ҳалқа”га аъзо бўлиб, халқаро террорчилик ва диний экстремистик ташкилотининг ғояларидан диний таълим олиб, мунтазам равишда ташкилот ғояларини қўллаб-қувватлаб келган.

Судланувчи Р.Р. “ҳалқа” аъзоси сифатида ташкилот ғояларидан сабоқ олиб, халқаро террорчилик ва диний экстремистик ташкилотининг ғояларини қўллаб-қувватлаб келган.

Судланувчи Р.Ж. халқаро террорчилик ва диний экстремистик ташкилотига тегишли материалларни “Instagram” ижтимоий тармоғидаги профилига жойлаштириб, интернет жаҳон ахборот тармоғида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни қонунга хилоф равишда тарқатган.

Судланувчи Б.К.(аёл киши) мобил телефони орқали “Telegram” мессенжердан фойдаланган ҳолда ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материални қонунга хилоф равишда тарқатган.

Суд жараёнида судланувчи И.К. айбига иқрорлик билдирмасдан, судланувчи Р.Р., Р.Ж. ва Б.К.лар айбларига қисман иқрорлик билдириб ҳамда С.Р. айбига тўлиқ иқрорлик билдириб кўрсатма беришди.

Суд ҳукми билан И.К. ЖКнинг 159-моддаси 3-қисми “а” банди, 244-1-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари ва 244-2-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб,  ЖКнинг 59-моддаси тартибида узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

С.Р.  ЖКнинг 159-моддаси 3-қисми “а” банди, 244-1-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари ва 244-2-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида узил-кесил 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Р.Р. ЖКнинг 244-2-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Р.Ж. ЖКнинг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Б.К. ЖКнинг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.