Президент Шавкат Мирзиёев 29 февраль куни Хоразм вилоятига ташриф буюрди.
◉ 11 492 marta öqildi
Давлатимиз раҳбари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманига бориб, янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди. Президентимиз бу ҳақдаги ташаббусни 2020 йил 13 декабрь куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда илгари сурган эди. Шундан сўнг пухта лойиҳа ишлаб чиқилиб, катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари унинг қурилишини икки бор келиб кўрди. Кўприк қурилган жой юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири. Шу пайтгача одамлар ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланиб келар эди. Ҳар баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайиши билан у жиддий шикастланарди. Бу дарёнинг икки томонидаги аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирарди. Масалан, Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур эди. Бунинг учун қўшимча 180 километр йўл юришга тўғри келарди. Поездда эса Хоразмнинг шарқ томонидаги Хазорасп кўпригидан ўтиб келинарди. Янги кўприк туфайли бу қийинчиликлар барҳам топади, халқнинг узоғи яқин бўлади. У орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темир йўл қатнови йўлга қўйилади. Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темир йўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилди. Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади.Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.
Materialdan foydalanganda Xorazmliklar.uz manbasi va uşbu maqolaga faol havola körsatiş talab etiladi. Mualliflik huquqi qonun bilan himoyalanadi; qonunda nazarda tutilgan istisnolar bundan mustasno.