image

Одам савдоси – давр муаммоси

date_range31.01.2024, 22:42
Одам савдоси ҳудуд, чегара, миллат танламайдиган мудҳиш жиноятдир. Хавфлилик даражаси бўйича ушбу жиноят тури наркотик ва ноқонуний қурол савдосидан кейин дунёда 3-ўринда туради. Статистик маълумотларга қараганда бир йилда тахминан 4.5 миллион фуқаро одам савдосидан жабрланади. Уларнинг 80 фоизи ёшлар, аёллар ва болалардир. 

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг энг кўп тарқалган турлари – одамларни бевосита сотиш ва сотиб олиш, қуллик, эрксизлик ва қарамлик, эркакларва аёлларнинг меҳнат эксплуатацияси, одамларни уларнинг аъзоларидан фойдаланиш мақсадида сотиш, болаларни сотиш ва сотиб олиш ҳисобланади. Ҳуқуқий маданият даражасининг етарли эмаслиги, ишга жойлашиш билан боғлиқ қийинчиликлар, моддий муаммолар, хорижда ишга қонуний жойлашиш имкониятлари тўғрисида фуқароларнинг етарлича хабардор эмасликлари одамфурушлар тўрига тушиб қолишнинг асосий сабабларидан ҳисобланади.

Мамлакатамиз қонунчилигида одам савдоси жиноятини содир қилган шахсларга нисбатан анча кучайтирилган жазо турлари белгилангани муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 1-қисмига асосан одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилганлик учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали, икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан бошқа оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган тақдирда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.Шунингдек, ЖКнинг 135-моддаси 3-қисмида ушбу ҳаракатларўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлсасаккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Одам савдосига қарши курашиш давлат ва жамиятнинг, ҳар бир фуқаронинг иши бўлиб қолиши керак. Одам савдосига қарши курашиш қонунчилик базасининг такомиллаштирилиши, ҳуқуқ-тартибот органлари ишининг фаоллаштирилиши, ўзаро ҳамжиҳатлик ва халқаро ҳамкорлик даражасининг оширилиши, одам савдоси жиноий инструкциясига, шунингдек камбағалликка қарши курашиш, ишга жойлаштириш масалаларининг ҳал этилиши ҳамда иш ўринларининг кўпайтирилиши, ҳуқуқий саводхонлик тўғрисида аҳолининг хабардарлик даражасини ошириш каби жиҳатларни қамраб оладиган комплекс ёндашувни талаб қилади.

Нодир Рўзибоев, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судья ёрдамчиси