
Маълум бўлишича, Гурлан тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплекси гинекология бўлимига 2023 йил 3 июнь куни 1991 йилда туғилган фуқаро Р. З. бачадондан ноаниқ этиологияли қон кетиш ташхиси билан тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинган. Беморга тезкор, кечиктирилмайдиган биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида касаллик варақаси очмасдан муолажа қилинган, вена ичига томчилаб дори юборилган. Навбатчи шифокор акушер-гинеколог томонидан беморга касаллик тарихи очилмагани туфайли ишлатилган дорилар чиқим қилинмасдан, биринчи ёрдам тариқасида қўлланилган 2 ампула “Тренакса 100 мг-5”, 200 мл. “Натрийхлорид 0,9 %” дори воситаларини хусусий дорихонадан сотиб олиш буюрилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқлари ижросини таъминламаганлиги, беморга касаллик варақаси очмасдан тиббий муолажа қилганлиги, ишлатилган дори-дармонлар бўлимда мавжудлигига қарамасдан дорихонадан олишга йўллаб, беморни асоссиз чиқимдор қилганлиги сабабли навбатчи акушер-гинеколог О.Я. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Шунингдек, бу каби ҳолатларнинг келиб чиқишига йўл қўйганлиги, навбатчи ходимлар устидан етарли назоратни таъминламаганлиги учун Гурлан тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Г.К. ва туғруқ комплекси мудираси Н. Қ.га ҳамда ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлганлиги учун навбатчи ҳамшира С. Т. га ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан фуқаро Р.З.нинг саломатлиги назоратга олинди. Хонадонида ўтказилган тиббий текширувда Р.З. нинг аҳволи қониқарли эканлиги аниқланди. Фуқаро шикояти йўқлигини билдирди.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати