image

Хонқада 3-синф ўқувчиларига тегажоғлик қилган 61 ёшли ўқитувчи беш суткага қамалгани юзасидан тўлиқ маълумот берилди.

date_range30.05.2023, 14:30
Sukut Saqlama Telegram-каналида эълон қилинган “Кичик ёшдаги қизларга тегажоғлик қилган ўқитувчига 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди” сарлавҳали билдириш  юзасидан


Ижтимоий тармоқларда 3-синф ўқувчилари С. К. ва М. Э. ларга нисбатан дарс пайтида шаҳвоний шилқимликда ифодаланувчи маъмурий ҳуқубузарликни содир этган, деб топилган Б. Р. га нисбатан тайинланган маъмурий қамоқ жазоси муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хўш, ҳақиқатдан ҳам Б. Р. га тайинланган жазо муҳокамаларда таъкидланганидек “ўта енгил”ми? Айтиш жоизки, Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман судининг 2023 йил 25 майдаги қарорига кўра Б. Р. га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Энди ушбу модданинг тавсифига эътибор қаратайлик. 2023 йил 11 апрелда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс янги 41-1-модда билан тўлдирилганидан хабарингиз бор. Ушбу модданинг 1-қисмида шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини тахқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, мазкур ҳуқуқбузарлик санкциясида базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган.

Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди томонидан ҳуқуқбузар Б. Р. га мазкур модда санкциясида назарда тутилган максимал жазо, яъни 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 324-1-моддасига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан тарафларга суд қарорларидан норози бўлган тақдирда қонунда белгиланган тартибда Хоразм вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти (протести) келтиришлари мумкинлиги тушунтирилган.

Иш ҳолатига кўра, ҳуқуқбузар Б. Р. вояга етмаган 3-синф ўқувчилари С. К. ва М. Э. ларга нисбатан дарс пайтида шаҳвоний шилқимликда ифодаланувчи маъмурий ҳуқубузарликни содир этганликда айбдор, деб топилган.