image

Ташрифдан ташрифгача: Хоразм вилоятида янгиланиш даври бошланди

date_range31.03.2023, 09:28


Ҳудуддаги ўзгаришларни таҳлиллар ҳам изоҳлайди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот 2016 йилда  атига 10 триллион 336 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этган бўлса, ўтган йил якунида 31 триллион 963 миллиард 100 миллион сўмдан ошган. Шу даврда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми  2 триллион 802 миллиард 700 миллион сўмдан, 18 триллион 325 миллиард 800 миллион сўмга, экспорт ҳажми 95 миллион 600 минг доллардан, 245 миллион 200 минг  долларга етди. Вилоятда 2016 йил 12 минг 899 корхона фаолият юритган бўлса, ўтган йил якуни билан уларнинг сони 25 минг 160 тадан ошди. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизматлар кўрсатиш каби тармоқларда ҳам катта ҳажмдаги ўсиш кузатилди.

Уй-жой қурилиши соҳасида 2016 йилда 12 та 342 хонадонли жами  1 минг 299 та хонадонли 85,7 минг кв. метр уй-жойлар фойдаланишга топширилган. 2022 йилда 120 та 3 минг 427 хонадонли 243,7 минг кв. метр кўп қаватли, замонавий турар-жойлар қурилиб, ўз эгаларига топширилди. Аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 86 фоизни ташкил этади. Ушбу кўрсатгич бундан етти йил олдин 52 фоиз бўлган.  
Президентимизнинг 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида султон Жалолиддин Мангуберди майдонини барпо қилиш, унинг номига янги ҳайкал ўрнатиш, бунда султонни отда тасвирлаш ташаббуси илгари сурилган эди. Ушбу ташаббусни вилоятдаги кўпчилик жамоатчилик вакиллари, зиёлилар маъқул топди.  Натижада Урганч шаҳрида барпо этилган Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуаси буюк аждодимизнинг қаҳрамонлигини мадҳ этувчи ғурур, ифтихор маскани бўлиш билан бирга, Хоразмнинг кун сайин ўзгариб, чирой очиб бораётган қиёфасига янада кўрк қўшди. Ёдгорлик мажмуасида бўйи 25 метрни ташкил этадиган маҳобатли ҳайкал барпо этилди. Унда Жалолиддин Мангуберди тулпор жиловини маҳкам тутиб, эл-юрт ҳимоясига отланиб тургани тасвирланган. Султоннинг қатъиятли, мағрур сиймосида келажакка катта ишонч билан интилаётган халқимизнинг ватанпарварлиги, букилмас иродаси ўз ифодасини топган.  Мажмуа ўрин олган қарийб 8 гектар майдонда Ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчаларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ушбу майдон остидан ўтадиган автомобиль туннели барпо этилди. Ҳудудга 18 мингга яқин манзарали дарахтлар, гуллар ва буталар экилди. Ҳозирда Жалолиддин Мангуберди ҳайкали – Урганчнинг туморига айланган.  
Давлатимиз раҳбари 2022 йил август ойида  Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши пойдеворига капсула қўйди. Президентимиз бу лойиҳа билан вилоятга олдинги ташрифи чоғида ҳам танишган ва  уни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Айни кунларда бу мажмуа Урганч халқаро аэропорти яқинида, 130 гектардан зиёд ҳудудда бунёд этилмоқда. Шаҳарча марказида Хоразмий бобомизнинг муаззам ҳайкали ўрнатилади. Асосийси, бу ерда Ал-Хоразмий номидаги янги университет барпо этилади. Унинг қошида истеъдодли болалар учун ихтисослашган мактаб қурилади. Уларда ўқиган ёшлар шаҳарчада бунёд этиладиган илм-фан, инновация ва маданият марказларида фаолият кўрсатиб, буюк аждодимизнинг анъаналарини давом эттиради. Шунингдек, бу ерда технопарк ва офислар, тиббиёт, инновация ва маданият марказлари, хиёбонлар, мактаб ва боғчалар, спорт мажмуалари, автотураргоҳ, савдо ва маиший бинолар бўлади. 5 мингта хонадонли 104 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Иншоотлар “ақлли технологиялар” асосида жиҳозланади.
Ўтган йил кузда вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 5 миллион 825 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар экилди. Шунингдек, 24,6 гектар майдонда “Яшил боғ” ва “Яшил жамоат парк”лари ташкил қилинди. Бу йил баҳор мавсумида вилоят ҳудудида 9 миллион 55 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар экилади. Вилоятда “Яшил ҳудудлар” салмоғини ошириш мақсадида барча туман ва шаҳарларда жорий йилда жами 123 гектар майдонда “Яшил боғлар” ҳамда жами 144 гектар майдонда “Яшил жамоат парклари” ташкил этилади. Вилоят ҳудудида тупроқ шўрланиш даражаси ҳамда ер ости сув  сатҳининг нисбатан юқорилиги сабабли ташкил этилиши режалаштирилаётган “яшил майдонлар”да вилоят иқлимига мос дарахт кўчатлари экиш кўзда тутилган.  
Миллий ўзлигимиз тимсоли бўлган маҳаллаларимиз гўзал ва бетакрор Ватанимизда тинчлик ва аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик маконига айланган. Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган бу идоранинг нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида кейинги йилларда улкан ишлар амалга оширилмоқда.  
Президент ташаббуси билан вилоятда барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда. Бунинг тасдиғини маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин.  
“Маҳалла раиси ислоҳотчи – Хоразм тажрибаси” янги тизими йўлга қўйилди. Вилоятнинг 526 маҳалласида  мавжуд муаммоли масалалар ўрганилиб, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” белгиланди. Комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” га киритилган оилалар ва фуқаролар билан ишлаш тизими орқали ишсиз аҳоли касб-ҳунарга ўқитилиб, бўш иш ўринларига жойлаштирилди, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Натижада вилоятда аҳолининг иш  билан таъминланганлик кўрсатгичи 2016 йилда  31 минг 600 минг кишини ташкил этган бўлса, ўтган йилда  371 минг 300 нафар аҳоли вакиллари иш ўринларига эга бўлди.
Хоразм вилояти хотин-қизлари учун мўлжалланган “TechBika” лойиҳасига старт берилди. Мазкур лойиҳа доирасида Хоразм вилоятидаги хотин-қизларга ахборот технологиялари соҳасининг 8 та йўналишида таълим бериш йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар вилоятдаги Рақамли технологиялар ўқув марказларида “TechBika” лойиҳаси бўйича ўқишларда вилоятнинг 1 минг 500 нафарга яқин хотин-қизлари иштирок этган.
Вилоятдаги ҳар бир маҳаллада “оилавий спорт” ни ривожлантириш, аёллар, ёшлар ва кексаларни маҳалла шароитида жисмоний чиниқтириш ишларини самарали ташкил этиш учун қулай шароит ва инфратузилмани яхшилаш мақсадида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунда вилоят аҳолисини спортга жалб қилиш учун 3 минг 762 та спорт иншоотлари мавжуд. Инвестиция дастурига асосан вилоятда спорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 4 та спорт объекти яъни Тупроққалъа, Янгибозор ва Гурлан туманларидаги марказий ўйингоҳлар, Хива шаҳар Миллий олимпия спорт мактаб-интернати реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Гурлан туманида божхона хизмати органлари кўмагида бунёд этилган замонавий Гурлан спорт мажмуаси қурилишига  30 миллиард  сўмдан ортиқ  маблағ сарфланди.  Спорт заллари энг замонавий инвентарлар билан жиҳозланган, спортчи ва мураббийлар учун барча шароитлар яратилган.  Мажмуада спортнинг эркин ва юнон-рум кураши, бокс, оғир атлетика, каратэ, дзюдо, кураш, мини футбол, волейбол, баскетбол, енгил атлетика, бадминтон, стол тенниси, бадиий гимнастика турлари билан шуғулланиш учун спорт секциялари фаолият юритади. Натижада бу ерда бир кунда 300 нафар ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиши мумкин.Шунингдек, вилоятдаги ҳар бир маҳалла ҳудудида бугунги кунга қадар 196 та “Workout”, 14 та бадминтон, 32 та стритбол, 294 та сунъий қопламали мини-футбол майдончалари, ҳамда 70,7 километр саломатлик ва 75,8 километр велосипед йўлаклари қурилиб фойдаланишга топширилди.  
Хоразм вилоятида  мактабгача таълим қамрови 2016 йилда 21,6 фоизни ташкил этган. Шу сабабдан мутасадди раҳбарларга вилоятда мактабгача таълим ёшидаги болалар қамровини 2022 йил якунига қадар
77 фоизга етказиш чораларини кўриш топшириғи берилди. Айни дамда Хоразм вилоятида жами 1  минг 700 тадан ортиқ мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Улардан 362 таси давлат, 9 таси хусусий, 90 таси давлат-хусусий шериклиги асосида ва 1 250 таси оилавий нодавлат боғчалардир. Мактабгача таълим ёшидаги болаларни қамрови айни дамда 79 фоизни ташкил қилмоқда.
Хоразм вилоятининг асосий драйверларидан бири туризм тармоғи ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари иқтисодиётнинг драйвер соҳаларидан бири бўлган туризмни ривожлантириш истиқболлари, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш ҳамда туризм хизматлари йўналишида янги иш ўринлари яратиш, ҳудуддаги маданий мерос объекти муҳофазаси бўйича аниқ топшириқлар берган эди. Вилоятда туристик инфратузилмани яхшилаш мақсадида “Урганч темир йўл йўловчи” АЖ томонидан “Андижон – Хива –Андижон” йўналишида ҳафтасига 2 марта, “Термиз – Қарши – Хива” ҳамда “Хива – Қарши –Термиз” йўналишида ҳафтасига 1 марталик темир йўл қатнови йўлга қўйилган бўлса, “Фарғона – Урганч –Фарғона” йўналишида ҳафтасига 2 марта йўловчилар учун чипта нархининг 30 фоизини бюджет маблағлари ҳисобидан қопланадиган, авиапарвозлар ташкил қилинган.  
Бой тарихга эга Хива шаҳарнинг бугунги кўриниши, очиқ осмон остидаги музей шаҳар деб эътироф этилиши ҳам бежиз эмас, албатта. 2022 йилнинг июнь ойида Озарбайжон Республикаси Баку шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 11-сессияси доирасида Хива 2024 йил “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилинди. Топшириққа асосан Боғот туманидаги Қалъажиқ қалъаси атрофида археологик, тиббий ва экотуризмни ривожлантириш мақсадида  бир нечта истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада қалъа атрофида замонавий туризм инфраструктурасига эга шаҳарча бунёд бўлди. Қалъа атрофидан ажратиб берилган 153 гектар  асрий қумликлар ўрнида сайёҳлар учун миллий услубдаги меҳмонхоналар, ресторан, ўтовлар ва  чўмилиш ҳавзалари қурилиб ишга туширилди.  Дам олувчилар учун ёпиқ бассейн, сиҳатгоҳ қурилиши давом этмоқда. Экотуризмнинг қум барханлари бўйлаб туяда сайр қилиш, сунъий кўлларда балиқ овлаш каби турли йўналишлари йўлга қўйилмоқда.

Аҳмаджон Шокиров,  
ЎзА мухбири