image

Янгибозор тумани аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди

date_range17.03.2023, 16:08

  Бугунги кунда Янгибизор туман тиббиёт бирлашмасида ўз касбининг фидойилари бўлган 90 дан зиёд шифокор ва 550 га яқин ўрта тиббиёт ходимлари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга камарбаста.


 Туманда аҳолига амбулатор хизматлар кўрсатиш сифати ҳам тубдан яхшиланмоқда. 235 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, ҳар бири юз қатновга мўлжалланган 3 та оилавий поликлиника, жами 200 қатновга мўлжалланган 3 та оилавий шифокорлик пунктлари соат эрталабки саккиздан кечки саккизга қадар аҳоли хизматида. Тиббий хизматдан фойдаланишда муаммоларга дуч келиб, болаларни эмлаш ва тиббий кўрикдан ўтказиш учун ёзнинг жазирамаси-ю қишнинг қаҳратон совуғида узоқ масофани босиб маҳалла марказларига келишга мажбур бўлишаётган олис маҳаллаларда эса 13 та маҳалла тиббиёт пунктлари фаолияти йўлга қўйилди. 


 Шу кунларда тумандаги амбулатор муассасалар янада гавжум бўлди. Боиси туман аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Вилоятнинг малакали мутахассислари маҳаллий тиббиёт ходимлари билан биргаликда ҳар бир фуқаро соғлиғини назорат қилди. Мобиль поликлиникалар, маммография ускуналари ўрнатилган махсус автомашиналар аҳоли хизматида бўлди. 


 Масъул шифокорлар ногиронлиги бўлган, сурункали касалликлар билан рўйхатда турувчи беморларнинг хонадонларида бўлиб, саломатлик даражасини ўрганди. Тегишли ташхислар қўйилиб, касаллик аниқланган фуқароларни соғломлаштириш чоралари кўрилди. Аҳамиятли жиҳати, тиббий кўриклар давомида тезкор аралашувлар зарур бўлган касалликлар қайд қилинган тақдирда, туман тиббиёт бирлашмасининг ўзида жарроҳлик амалиётлари бажарилди. 


Тиббий кўриклар давомида аёллар касалликларини аниқлаш ва даволашга ҳам эътибор қаратилди. Вилоят перинатал маркази мутахассислари томонидан туманда илк бора “бачадон пектопексияси” жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 

Шунингдек, туманда юзлаб болалар пойтахтдан ташриф буюрган малакали мутахассислар иштирокида онкогематологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида скрининг текширувларидан ўтказилди. 



Тиббий кўриклар давомида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинди. Cоғломлаштириш машғулотлари ўтказилди.

Умуман, тиббий кўрикларда янги туғилган чақалоқлардан 90-100 яшар бобою момоларгача барчага эътибор қаратилди. Эндиликда касаллик аниқланган беморларни стационар ва амбулатор шароитларда соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда.


-Мақсадимиз аҳоли орасида касалланиш кўрсаткичларини пасайтириш, бирламчи босқичларда аниқлаш орқали асоратларининг олдини олиш, юртдошларимизнинг ҳаёт сифатларини яхшилашдир,-дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Меҳрибон Ваисова.

Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати