Хоразм вилоятига яна 10 та янги тез тиббий ёрдам машиналари етиб келди.

Ўтган ойда вилоятимизга 8 та янги махсус тез ёрдам автомашиналари келтирилган эди. Ушбу турдаги автомобилларнинг 10 донадан иборат навбатдаги партияси вилоятимизга етиб келди. Бугун соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул вакиллари иштирокида ушбу автомобиллар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Тадбирда республика соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Иноят Ҳажиев ва бошқалар сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб ўтдилар.

Соғлиқни сақлаш тизимининг асосий бўғини бўлмий тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” қарори асосида узбу тизим тубдан такомиллаштирилмоқда.

Тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали ташкил қилиниб, тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилганлиги бу борадаги фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Албатта, тез тиббий ёрдам хизматини сифатли ташкил қилишда автотранспорт воситаларининг ўрни катта. Шу сабабли “103” хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам маркази Хоразм филиалини 2025 йилга қадар барча “Дамас” русумли тез ёрдам машиналарини замонавий махсус тез тиббий ёрдам машиналарига алмаштириш белгиланган.

Янги тез тиббий ёрдам автомашиналарини тантанали топшириш маросимида таъкидланганидек, “Volkswagen Caddy“ махсус машиналари юқори техник кўрсаткичга эгалиги, ҳаракатланиш қобилияти юқорилиги ва ихчамлиги билан ажралиб туради. Мазкур автомобилларни лойиҳалаш ва жиҳозлашда шифокор ҳамда беморларга имкон қадар қулайлик яратишга эътибор берилган.

Янги қабул қилиб олинган А тоифали ушбу автомашиналар тез тиббий ёрдам бригадалари ишини янада такомиллаштиришга мўлжалланган.


Бундан ташқари, тез ёрдам бригадалари фаолиятини яхшилаш вилоят тез тиббий ёрдам хизматига 169 дона планшетлар тақдим қилинди. Бу эса чақириқларга бориш муддатини янада қисқартиришга, аҳолига кўрсатилаётган тез ёрдам сифатини оширишга хизмат қилади.
Сайтда хатоликларга дуч келсангиз Ctrl + Enter
тугмаларини босган ҳолда бизга хабар жўнатишинингиз мумкин.















Изоҳлар (0)
Изоҳ қолдириш