Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллган мурожаати ҳақида қисқача хабарлар тўплами.
date_range20.12.2022, 15:59
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича тўхтаб қолган жараёнлар давом эттирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди. “Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун, бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди.Шу боис, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак”, дейди Президент.Унинг таъкидлашича, ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш зарур. Шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
“Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутаяпти. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам, бунинг яққол далилидир. “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида, барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутамиз.Мирзиёевнинг урғулашича, фуқаролар билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади.
Умуман, мазмуни “инсон қадрини улуғлаш” руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқишимиз керак”, дейди Президент.
“Энг муҳими – ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва “Бу – менинг Конституциям”, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак”, дейди у.
Ўзбекистонда вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради.Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади.Энди ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқаради.
“Кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади. Ўйлайманки, бундай ёндашув адолатли бўлади.
Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқаради.Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади. Ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти оширилади. Бунга мос равишда жавобгарлиги ҳам кучайтирилади. Уларга аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун етарли ваколат ва маблағ берилади. Вазирликлар фаолиятида очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезон бўлади”, дейди Президент.
Бундан буён қайси вазир ўз ишини эплай олмаса, истеъфога чиқади ва тизимда коррупцияга йўл қўйилса вазирлар ҳам жавоб беради. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Биз коррупция ҳақида кўп гапирамиз, лекин тизимида коррупцияга йўл қўйилса, нима учун вазир жавоб бермаслиги керак? Энди сўров бошқача бўлади. Вазир ўз тизимига ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи бўлиб, ўзи жавоб беради”, дейди давлат раҳбари.Унинг урғулашича, давлат вакиллари, вазирлар ўзининг ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқсеварлиги, самимийлиги ва фидойилиги билан одамларимиз меҳрини қозониши керак.
“Энди, вазирларнинг сиёсий масъулияти оширилиб, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бевосита вазирлар иштирокида коллегиал ҳал этилади”, дейди Президент.Шунингдек, ҳар бир вилоятдаги муаммоларни ечиш учун, ҳар ойда жойига чиққан ҳолда “Ҳукумат куни” ўтказилиши йўлга қўйилади.
Бундан буён вазир ҳар йил бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот беради.
“Таъкидлаб айтмоқчиман – энди, қайси вазир ўз ишини эплай олмаса, истеъфога чиқади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Бундан буён давлат лавозимларига фақат конкурс асосида ишга қабул қилинади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Бу йил “Давлат хизмати тўғрисида”ги янги Қонунни қабул қилдик. Бундан буён давлат лавозимларига фақат конкурс асосида ишга қабул қилинади. Барча раҳбарлар фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилади”, дейди Президент.Шунингдек, давлат раҳбари ҳар йили 500 нафар мутахассисни энг нуфузли хорижий олийгоҳ ва марказларда ўқитиб келишни ваъда қилди.
“Келаси икки йилда ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлигига республика идораларида юқори лавозимларда ишлаган, билимли ва тажрибали кадрлар қўйилади.
Янги йилдан бошлаб ҳар бир ҳоким ўз туманига 40-50 миллион доллар хусусий инвестицияларни олиб келиши керак бўлади”, дейди Мирзиёев.
Президент Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Маъмурий ислоҳотлар доирасида яна бир муҳим ташаббусни илгари сурмоқчиман. Ҳозирга келиб Марказий Осиёда аҳолиси миллиондан ортиқ шаҳарлар 7 тага етди. Минтақамизда пойтахтлар билан бир қаторда, бошқа йирик шаҳарлар ҳам “ўсиш нуқталари”га айланмоқда. Булар орасида Самарқанд ва Наманган шаҳарлари ҳам бор. Уларнинг ҳар бирида аҳоли сони бир миллионга етмоқда. Иккала шаҳарда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Самарқанд шаҳри дунё танийдиган мегаполисга, халқаро туризм ва бизнес марказига айланди. Наманган ҳам саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топмоқда. Шу боис, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказишни таклиф қиламан”, дейди Шавкат Мирзиёев.Унинг қайд этишича, келаси йилдан Самарқанд ва Наманган шаҳарлари Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади
Энди, ушбу вилоят ҳокимлари фақат йирик шаҳарлар билан эмас, туманларда шароитларни яхшилаш бўйича ҳам ишлаши талаб этилади.
Ҳар иккала шаҳарни ривожлантириш дастури Вазирлар Маҳкамасида тасдиқланиб, уларнинг ижроси учун бевосита Бош вазир жавоб беради.
Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз”, дейди Президент.Президент нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда эканини алоҳида урғулади. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади.
“Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади.Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур, деб ҳисоблайман”, дейди Президент.Унинг қайд этишича, ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоад́а ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур.
“2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилишни бошлаймиз”, Мирзиёев.Шунингдек, миллий ўзлик тимсоли, маънавият асоси бўлган она тилига эътибор янада кучайтирилади.
“Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишга мажбур қилиш керак”, дейди Президент.Келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади.
“Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келаси беш йилда уларнинг сонини мингтага етказамиз”, дейди давлат раҳбари.
Келаси ўқув йилидан барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам бепул овқатланиш жорий этилади
“Йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. Бу борада етарли тажриба орттирдик. Энди, келаси ўқув йилидан ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилади”, дейди Шавкат Мирзиёев
Келгуси йилда олийгоҳлар учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм ажратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
Бу йил илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу – 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп, дегани. Олимларнинг иш ҳақи ҳам, 4,5 баробарга оширилди. Буларнинг ҳисобига, нано- ва био-технологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилди.
Президентнинг қайд этишича, келаси йили илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилади.
“Энди, олимларимиз сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби бугунги кунда биз учун долзарб йўналишларда аниқ натижалар кўрсатишлари керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистонда тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Энди, терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Ахир, биз хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш бўйича озмунча ҳаракат қилаяпмиз-ми? Бундан буён, мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади”, дейди давлат раҳбари.Шунингдек, тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилади.
Президентнинг қайд этишича, тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак.
“Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади”, дейди Шавкат Мирзиёев.Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади.
“Нима учун, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилмайди? Бундай ҳолатд́а тенглик ҳақида қандай гапириш мумкин? Энди, судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади”, дейди давлат раҳбари.Унга кўра, эндиликда айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатномасида мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларида инсон ҳуқуқларига ва қонунчиликка зид ҳолатлар рўй бераётганига эътибор қаратди.
“Охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда. Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади”, дейди давлат раҳбари.Президентга кўра, эндиликда ҳуқуқ-тартибот органларига олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади.
“Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – Қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият!” дейди Президент.
Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланиши учун, энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция керак. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Очиқ айтиш керак, энергетика соҳасидаги муаммолар бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмагани ҳам, айни ҳақиқат. Оқибатда, тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолган эди”, дейди Президент.Президентнинг қайд этишича, сўнгги олти йилда аҳоли 12 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробарга ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайди.
“Натижада, электр энергиясига талаб камида 35 фоизга ошди ва йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун, энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция керак.Бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин”, дейди Президент..Давлат раҳбари сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинганини эслатди. Жумладан, ўтган ҳафтада Бухоро, Наманган ва Хоразмда қуввати 500 мегаваттли яна 3 та қуёш станцияларини қуриш бўйича танлов якунланган
“Йил бошидан қуввати 1,5 минг мегаваттли 7 та электр станциясини ишга туширдик. Келаси йилда яна 4,5 минг мегаваттли 11 та йирик лойиҳани якунига етказамиз. Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига, қўшимча 14 миллиард киловатт электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали, хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпаяди”, дейди Мирзиёев.
Келгуси йилдан, туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
Жумладан, тадбиркорлик учун:
• ҳар томонлама ривожланган 26 та туман 1-тоифага;
• инфратузилмаси яхши бўлган 46 та туман 2-тоифага;
• шароити нисбатан қониқарли бўлган 76 та туман 3-тоифага;
• жозибадорлиги етарли бўлмаган 40 та туман 4-тоифага;
• шароити оғир бўлган 20 та туман 5-тоифага тўғри келади.
“Энди, тоифага қараб, туманларнинг иқтисодий ривожланишини белгилаймиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.Шунингдек, тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун, солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.
Мисол учун, бешинчи тоифага кирувчи 20 та энг оғир шароитли туман учун:
• айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкаларини 1 фоиз миқдорида белгиланади;
• мазкур туманлардаги тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайди;
• якка тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилади.
"Худди шундай, бошқа тоифадаги туманларда кредитларга пасайтирилган фоиз ставкаларини қўллаш, инфратузилма харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш каби бир қатор енгилликлар берилади. Бюджет харажатлари, аҳоли ва тадбиркорлар олдидаги мажбурият-ларимизни қисқартирмаган ҳолда, бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишларни давом эттирамиз",дейди Президент .
Хатолик ёки ишламаётган хавола топлидими?
Сайтда хатоликларга дуч келсангиз Ctrl + Enter
тугмаларини босган ҳолда бизга хабар жўнатишинингиз мумкин.
shareБошқаларни хам хабардор қилинг















Изоҳлар (0)
Изоҳ қолдириш