image

Хоразм вилоятида фош этилган гиёҳфуруш гуруҳ таркибида аёл киши ҳам борлиги маълум бўлди

date_range02.11.2022, 12:51
Гиёҳвандлик аср вабоси сифатида эътироф этилиши бежиз эмас, чунки гиёҳвандликка ружу қўйган шахс ўзининг соғлиғига зарар етказиши билан биргаликда, жамиятга ҳам хавф туғдириши шубҳасиз. Шу боис ҳам тараққиётни кўзлаган ҳар бир давлат, жамият ва инсон гиёҳвандликка қарши курашмоғи лозим.  Гиёҳвандликка қарши курашнинг энг самарали йўли эса албатта гиёҳфурушлик билан шуғулланувчи шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйишдир.
Жорий йил давомида Хоразм вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган кенг қамровли тезкор-профилактик чора-тадбирлар натижасида гиёҳфурушлик билан боғлиқ бир неча жиноий холатлар фош этилди.
Жумладан, 27 октябрь куни Хоразм вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати  ва вилоят ДХХ бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорлиткда ўтказилган тезкор тадбирда гиёҳфурушлик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди.

Дастлаб, Урганч шаҳрида яшовчи, 1982 йилда туғилган Р.Н. гиёҳвандлик воситаларини сақлашда гумон қилиниб, Урганч тумани марказида жойлашган ресторан олдида тўхтатиб, холислар иштирокида ёни кўздан кечирилганида унинг ёнида 0,15 грамм “героин” ва 1,37 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситалари борлиги маълум бўлди.
Р.Н. ушбу гиёҳвандлик воситаларини, Урганч шаҳрида яшовчи, 1976 йилда туғилган Б.М. дан сотиб олганлиги айтганлиги боис, назорат тартибида ўтказилган тадбир жараёнида Б.М. ўзининг “мижози” Р.Н.га 0,91 грамм “героин” гиёҳвандлик воситасини 2 000 000 сўмга сотаётганида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шунингдек Б.М. га тегишли автомашина кўздан кечирилганида автомашина салонида 1,23 грамм “героин” ва 0,17 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаларини келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб сақлаб келаётганлиги маълум бўлди.
Ўз навбатида Б.М. ушбу гиёҳвандлик воситаларини Урганч шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган Ф.С. исмли аёлдан сотиб олганлиги билдирганлиги сабабли, тезкор ходимлар назорати остида ўтказилган  тадбирда, ушбу аёл ўзининг “мижоз”ига 10,44 грамм “героин” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотаётганида қўлга олинди. Шундан кейин аёл истиқомат қилувчи хонадонда холислар иштирокида ўтказилган тинтув жараёнида, у келгусида ўтказишни кўзлаб 1,95 грамм “героин” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорлар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.  

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати