image

Қўшкўпир туманида чиқинди полигони қуриш учун салкам 3 миллиард сўм ажратилган.

date_range24.10.2022, 14:29
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2022 йил 28 январдаги VI-41-6-12-0-K/22-сонли қарори ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг 2022 йил 31 январдаги 8-12-0-F/22-сонли фармойишига  асосан Қўшкўпир тумани Янгилик маҳалласи ҳудудида қурилиш чиқинди полигонини қуриш ва жиҳозлаш учун  2 765 000 000 (икки миллиард етти юз олтмиш беш миллион) сўм Хоразм вилояти “Тоза ҳудуд”  давлат унитар корхонасига ажратилган; ушбу ажратилган маблағлардан  2 000 000 000 (икки миллиард) сўмини Урганч шаҳридаги “Жалолиддин Мангуберди” ҳиёбонига харид қилинган гул ва манзарали дарахтлардан бўлган қарздорликни қоплаш учун вилоят ҳокимининг 2022 йил 26 августдаги 262-12-0-F/22-сонли фармойишига асосан қирқиб олинган.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 августда “Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-349-сонли қарорига асосан мазкур қирқиб олинган маблағларни қайтариш мақсадида:

1. Қўшкўпир тумани Янгилик маҳалласи ҳудудида қурилиш чиқинди полигонини қуриш ва жиҳозлаш учун  2 000 000 000 (икки миллиард) сўм Ўзбекистон Республикаси Бюджети кодексининг 126-сонли моддасига асосан вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил III чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан Хоразм вилояти “Тоза ҳудуд”  давлат унитар корхонасига ажратилсин.

2. Вилоят молия бош бошқармаси (Т.Бабаджанов) вилоят маҳаллий бюджетига тегишли ўзгартиришлар киритсин.

3. Вилоят ғазначилик бошқармаси (Б.Панаев) ажратилган маблағларни белгиланган тартибда ўтказилишини таъминласин.

4. Ушбу фармойишнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи М.Ачилов зиммасига юклансин.

Вилоят ҳокими Ф.Эрманов